Беш тийин
СтатистикаБанк-молия соҳасидаги очиқ манбалар таҳлили. Боғланиш учун — @beshtiyinbot
- Последний пост
- 14 авг.
- Последнее чтение
- 15 авг.
- Постов за неделю
- 4
- Всего постов
- 26
- Тип
- открытый
- Язык
- узбекский
- В каталоге с
- 13 авг.
- 1/24сутки в ленте
- 2 813
- 1/48двое суток
- 3 223
- 1/72трое суток
- 3 476
Оценка по просмотрам недавних постов: пост набирает почти всё за первые сутки.
Посты
без подписи
IMPEX Insurance фойдаси ўсса-да, компаниянинг пул оқими манфий кўрсаткичга тушди IMPEX Insurance’нинг 2025 йилги ҳисоботига фақат фойда нуқтаи назаридан қаралса, йил жуда муваффақиятли ўтган. Компаниянинг суғурта фаолияти натижаси 30,8 млрд сўмдан 62,1 млрд сўмга, яъни қарийб икки бараварга ошган. Соф фойда эса 7,4 млрд сўмдан 11,9 млрд сўмга етган — ўсиш 61 фоизни ташкил қилган. Аммо пул оқими ҳисоботи бошқа бир муҳим жиҳатни кўрсатади. 2024 йилда компания операцион фаолиятдан 9,5 млрд сўм ижобий пул оқими олган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич манфий 23,3 млрд сўмга тушган. Яъни ҳисоботда фойда ўсган бир пайтда, асосий фаолият бўйича компаниядан чиққан пул кирган пулдан анча кўп бўлган. Бу ерда дебиторлик қарзи алоҳида эътиборни тортади. Суғурта ва қайта суғурта операциялари бўйича дебиторлик 12 млрд сўмдан 34,6 млрд сўмга, яъни қарийб уч бараварга ошган. Пул оқими ҳисоботида ҳам дебиторликнинг ўсиши 33,9 млрд сўмлик манфий таъсир сифатида акс этган. Харажатлар ҳам бизнес билан бирга ўсган. Аквизицион харажатлар 59,6 млрддан 109,8 млрд сўмга, маъмурий харажатлар эса 36,2 млрддан 59,9 млрд сўмга кўтарилган. Бошқача айтганда, IMPEX Insurance ўз ҳажмини жуда тез оширган, бироқ 2025 йилги операцион пул оқими бу ўсишга ҳамоҳанг бўлмаган. Яна қизиғи, айнан шу даврда компания ўз капиталини ҳам жиддий кучайтирган. 2025 йил ҳисоботида молиявий фаолиятдан 41,3 млрд сўм ижобий пул оқими кўрсатилган, шундан 32 млрд сўми иштирокчиларнинг қўйилмалари ҳисобига тўғри келган. Устав капитали эса йил якунида 45 млрддан 80 млрд сўмга чиққан. 2024 йилда акциядорлар устав капиталини 35 млрд сўмга ошириш ва шунча қийматда қўшимча акциялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Бу ҳолат 2026 йилда янада қизиқарли тус олди. Акциядорлар 2025 йил бўйича миллий ҳисоботда кўрсатилган 10,216 млрд сўм соф фойданинг 10 млрд сўмини (97,88 фоизини) дивидендга йўналтиришга қарор қилган. Лекин дивидендлар нақд пулда эмас, компаниянинг оддий акциялари кўринишида тўланади. Июль ойида эълон қилинган ҳужжатда ҳам ҳар бир акция учун 125 сўмдан дивиденд тўланиши, тўлов шакли эса «акциялар билан» бўлиши кўрсатилган. Яъни компания фойданинг деярли барчасини акциядорларга тақсимлашга қарор қилган бўлса-да, дивидендларни нақд пулда эмас, акциялар билан тўлашни белгилаган. Бу рақамлар IMPEX Insurance’да ликвидлик муаммоси бор, дегани эмас. Йил охирида компанияда 68 млрд сўм қисқа муддатли инвестициялар ва қарийб 4,9 млрд сўм пул маблағлари бўлган. Аудитор ҳам молиявий ҳисобот бўйича ижобий хулоса билдирган. Лекин ҳисобот IMPEX Insurance’нинг тез ўсиши қачон реал пулга айланиши юзасидан саволни ўртага ташлайди. 2025 йилда фойда ўсди, суғурта натижаси икки бараварга яқинлашди ва активлар 134,3 млрддан 222,3 млрд сўмга етди. Шу билан бирга, операцион пул оқими манфий 23,3 млрд сўм бўлди, дебиторлик қарийб уч баравар ошди ва бизнесга қўшимча капитал киритилди. Энди эса фойданинг деярли барчаси нақд пулда чиқарилмасдан, акцияларга айлантирилмоқда. @beshtiyin #IMPEXInsurance #Суғурта
Хитой билан ҳамкорлик Ўзбекистонга замонавий технологияларни арзонроқ жалб қилиш имконини бермоқда Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш учун 2026 йил январь–июнь ойларида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 338,9 трлн сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилган. Шундан хорижий инвестициялар ва кредитларнинг улуши 69,5 фоизни ташкил этган. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажмида энг юқори улушга эга давлатлар: 🇨🇳 Хитой — 47%; 🇷🇺 Россия — 7,4%; 🇹🇷 Туркия — 6,6%; 🇸🇦 Саудия Арабистони — 4,1%; 🇦🇪 БАА — 3,2%; 🇰🇿 Қозоғистон — 2,5%; Хитой билан ҳамкорликнинг энг катта фойдаларидан бири — замонавий ишлаб чиқариш технологияларининг кириб келиши бўлса керак. Бу нафақат технологиянинг ўзи, балки унинг нархи билан ҳам боғлиқ. Хитой омили бўлмаганида, ўша ускуналар ва технологияларни бошқа воситачилар орқали барибир олиб келардик, фақат анча қимматроққа тушарди. Шу маънода, Хитой билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ишлаб чиқариш харажатлари ва технологияларга кириш нуқтаи назаридан ҳам фойдали. @beshtiyin #Инвестициялар #Хитой
Риск бор, мукофот-чи? Asia Alliance Bank’нинг таъминланмаган қарз учун «хасис» таклифи Asia Alliance Bank кузатув кенгаши $20 миллионлик валюта облигациялари чиқаришни маъқуллади. Жами 200 мингта облигация чиқарилади, ҳар бирининг номинали $100, йиллик купон ставкаси эса 7% бўлади. Облигациялар 1095 кун, яъни уч йил муомалада бўлади ва очиқ обуна орқали жойлаштирилади. Облигациялар таъминланмаган. Андеррайтер ва брокер сифатида Freedom Finance танланган. Қизиғи, Asia Alliance Bank’нинг ўзи ҳозир жисмоний шахсларга Farovon доллар омонатини ҳам йиллик 7% ставкада таклиф қилмоқда. Омонатнинг муддати 25 ой. Шу ўринда янги инструментга нарх белгиланиши бўйича қизиқ савол пайдо бўлади. Бир тарафдан — 25 ой муддатли доллар омонати ва 7% ставка. Қонунчиликка кўра, омонатлар давлат ҳимоясига олинган бўлиб, битта банкдаги ҳар бир омонатчининг 200 миллион сўмгача бўлган маблағи тўлиқ кафолатланади. Иккинчи тарафдан — уч йиллик, таъминланмаган облигация ва яна ўша 7%. Албатта, бу икки инструментни тўлиқ тенглаштириб бўлмайди. Облигацияни иккиламчи бозорда сотиш имконияти бор, унинг номинали атиги $100 ва харидорлари фақат омонат қўядиган жисмоний шахслар билан чекланмайди. Шунингдек, бозордаги ликвидлик ва облигация нархининг ўзгариши инвесторнинг фойдасига таъсир қилиши мумкин. Аммо айнан купон ставкаси нуқтаи назаридан олиб қаралганда, банк ўзининг нисбатан узоқ муддатли ва таъминланмаган доллар қарзи учун кафолатлаш тизими билан ҳимояланган қисқароқ омонатга нисбатан қўшимча фоиз таклиф қилмаяпти. Бу фақатгина Asia Alliance Bank билан боғлиқ қизиқ ҳолат эмас. Ўзбекистонда хорижий валютадаги корпоратив облигациялар бозори эндигина шаклланаётган бир пайтда, бу каби илк чиқарилишлар бозорда банк рискларига қандай баҳо берилишини ҳам кўрсатиб беради. Ҳозирги параметрларга қараганда эса, AAB инвесторга янги инструмент таклиф қиляпти, лекин риск учун алоҳида премия беришга шошилмаяпти. @beshtiyin #AsiaAllianceBank #Банклар
❗️Бир машҳур фикр бор: Арзон нарса тез унутилади, сифат эса узоқ эсда қолади. Шу тамойил асосида сиз учун Телеграмдаги ишончли, обрўли ва аниқ маълумот берадиган сифатли каналларни бир папкага йиғдик. Банклар, иқтисодиёт, сиёсат, таҳлил ва долзарб кузатувлар — ҳаммаси бир жойда. 📌 Папкани очинг ва сараланган контентни кузатинг. 👇👇👇 https://t.me/addlist/MwsLcnH1LQ5lMThi https://t.me/addlist/MwsLcnH1LQ5lMThi
O‘zbekinvest 2-чоракда асосий фаолиятдан зарар кўриб, молиявий операциялардан даромад олган O‘zbekinvest’нинг 2026 йил 2-чорак ҳисоботида 31,8 млрд сўм соф фойда қайд этилган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 29,4 млрд сўмни ташкил қилган. Бироқ бу фойданинг таркиби таҳлил қилинса, манзара бутунлай бошқача экани ойдинлашади. Хусусан, ҳисоботда суғурта хизматларидан 32,9 млрд сўм ялпи фойда олингани, бироқ давр харажатлари 63,1 млрд сўмга етгани кўрсатилган. Бошқа операцион даромадларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, компаниянинг асосий фаолияти 28,1 млрд сўм зарар билан якунлангани маълум бўлади. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 22,3 млрд сўм зарарни ташкил қилган эди. Асосий фаолиятдаги ушбу зарар ўрнини молиявий операцияларнинг ижобий натижаси қоплаган. Хусусан, компания 2-чорак ҳисоботида молиявий фаолиятдан 171,9 млрд сўм даромад ва 107,6 млрд сўм харажат кўрсатган. Ўртадаги ижобий фарқ қарийб 64,3 млрд сўмни ташкил қилган. Натижада, солиққа тортилгунга қадар фойда 36,2 млрд сўмни, соф фойда эса 31,8 млрд сўмни ташкил этган. Шу билан бирга, O‘zbekinvest асосий фаолиятидан зарар кўрган бўлса-да, бевосита суғурта бизнесининг ҳажмида ўсиш кузатилган. Хусусан, тўғридан-тўғри ва қўшма суғурта бўйича мукофотлар ўтган йилнинг мос давридаги 288,6 млрд сўмдан 522,3 млрд сўмга ошган. Суғурта хизматларидан тушган даромад эса 233,6 млрд сўмдан 554,3 млрд сўмга етган. Бироқ бу ўсишнинг бир қисми захиралар ўзгариши билан боғлиқ. Ҳисоботда маълум қилинган, аммо ҳали ҳал этилмаган зарарлар захираси ўзгаришининг қайта суғурталовчилар улуши ҳисобга олинган натижаси 274,3 млрд сўм миқдорида даромад қисмида акс этган. Шу билан бирга, мазкур захира 487,8 млрд сўмдан 194,1 млрд сўмга камайган. Умуман олганда, 2-чорак ҳисоботидаги рақамлар бир ҳолатни аниқ кўрсатмоқда: 31,8 млрд сўмлик соф фойда асосий фаолият ҳисобига шаклланмаган. Асосий фаолиятдан 28,1 млрд сўм зарар кўрилган, якуний ижобий натижа эса молиявий операциялардан олинган даромад ҳисобига таъминланган. #Ўзбекинвест #Ҳисобот @beshtiyin
TBC Uzbekistan’нинг ўсиши энди битта маҳсулот ёки битта кўрсаткич билан чекланмаяпти Иккинчи чорак якунлари TBC Uzbekistan экотизими бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда кенгаяётганини кўрсатмоқда. Ойлик фаол фойдаланувчилар (MAU) сони 5,8 млн нафарга етди. TBC Bank’нинг депозит портфели 6,594 трлн сўмдан ошди, фаол мерчантлар сони эса биринчи чоракдаги 20 800 тадан 23 600 тага кўтарилди — ўсиш 13%. Бу дегани экотизимга кўпроқ одам киряпти, мижозлар унинг ичида кўпроқ маблағ сақлаяпти, савдо ва хизмат кўрсатувчи бизнес субъектлари эса тобора кўпроқ ушбу инфратузилмага уланяпти. Тўловлар ҳажми ҳам бир йилда 45% га ўсиб, 38,8 трлн сўмга етди. Компания маълумотига кўра, бу Ўзбекистон тўлов бозорининг 20% дан ортиғини ташкил қилади. Кредитлаш йўналишида ҳам портфель кенгайиб, биринчи ярим йиллик якунида 10,481 трлн сўмга етди. Унинг таркибида энди фақат истеъмол кредитлари эмас, балки бизнес кредитлари, POS-молиялаштириш, муддатли тўлов ва кредит карталари ҳам каттароқ ўрин эгаллаяпти. Шу билан бирга, ҳисобот даврида TBC Biznes учун гаровли кредит ва жисмоний шахслар учун рақамли автокредит тақдим этилди. Июль ойида эса иш ҳақи лойиҳаси ишга туширилиб, OLX Uzbekistan назорат пакетини сотиб олиш бўйича битим якунланди. Иккинчи чоракнинг асосий натижаси фақатгина рақамларнинг ўсишида эмас. Энг муҳим хулоса шуки — экотизим ичидаги ўзаро боғлиқлик сезиларли даражада кучайган. Умуман олганда, TBC Uzbekistan аудитория, маблағ, тўлов ва бизнес инфратузилмасини баравар кенгайтириш орқали ўз хизматларини тобора яхлит тузилмага айлантирмоқда. #TBC #Ҳисобот @beshtiyin
Ўзбекистонда амалдаги банкни тўлиқ исломий банкка айлантириш тартиби белгиланди Марказий банк микромолия ташкилотлари ва банклар фаолиятини ўзгартириш тартибига исломий банк фаолияти билан боғлиқ янги йўналишларни киритди. Янги тартибга кўра, микромолия ташкилоти фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига айланиши мумкин. Бундай микромолия банки эса кейинчалик фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка айланиши мумкин. Шунингдек, амалдаги оддий банк ўз фаолиятини тўлиқ исломий банк фаолиятига ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлди. Микромолия ташкилоти исломий микромолия банкига айланиши учун акциядорлик жамияти шаклида бўлиши шарт. Жараён икки босқичда амалга оширилади. Аввал Марказий банкдан микромолия банкини ташкил этиш учун дастлабки рухсат олинади, кейин банк давлат рўйхатидан ўтказилиб, унга тегишли лицензия берилади. Ариза берувчи Марказий банкка акциядорлар ва якуний бенефициарлар ҳақидаги маълумотларни, уч йиллик бизнес-режани, капитал манбаларини, ташкилий тузилмани ҳамда кредит, инвестиция, рискларни бошқариш ва ички назорат сиёсатини тақдим этиши керак. Исломий микромолия банкида исломий молия кенгаши, исломий молия масалалари бўйича махсус бўлинма, исломий молия бўйича ички аудит ва исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати бўлиши талаб этилади. Агар микромолия банки оддий банк фаолияти ва исломий банк фаолияти учун лицензияларни бир вақтнинг ўзида олишга ариза берса, исломий операциялар бўйича бухгалтерия ҳисобини алоҳида юритиш имкониятини тасдиқлаши ва исломий банк фаолияти учун масъул раҳбар ходимни тайинлаши керак. Шу тариқа, Марказий банк амалдаги микромолия ташкилоти ёки банк фаолиятини ўзгартириш орқали исломий банк фаолиятига масъул раҳбар ходим ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши керак. Энди амалдаги молия ташкилотлари ушбу механизмдан фойдаланиши учун белгиланган талабларга жавоб бериши ва Марказий банкдан тегишли рухсат ҳамда лицензияларни олиши керак. @beshtiyin #МарказийБанк #ИсломийМолия
Тақиқ йўқ, жавобгар йўқ, лекин тўловлар блокланган Spot.uz айрим банклар AliExpress’даги харидлар учун Visa ва Mastercard орқали тўловларни тўхтатгани ҳақида ёзяпти. Банклардан бири чекловларни электрон тижорат, трансчегаравий савдо ва солиққа оид қонунчилик талаблари билан изоҳлаган. Бошқа банк эса AliExpress Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтмаганини айтиб, ИЛМА’ни тилга олган. ИЛМА AliExpress фаолиятини чеклаш ҳақида қарор қабул қилмаганини маълум қилган. Солиқ қўмитаси эса нашрга AliExpress’нинг Ўзбекистонда солиқ тўловчилар рўйхатида қайд этилмаганини тасдиқлаб, чекловлар ҳақида «миқ» этмаган. Мавжуд тартибга кўра, хорижий платформаларга аввал рўйхатдан ўтиш ҳақида огоҳлантириш юборилади, талаб 30 кунда бажарилмаса, уларнинг фаолиятини чеклаш масаласи кўриб чиқилади. AliExpress бўйича бундай қарор эълон қилинмаган. Шунга қарамай, айрим банклар қабул қилинмаган чекловни ижро этишни бошлаган. ИЛМА тўловларни қабул қилиш банклар ва тўлов ташкилотларининг масаласи эканини айтиб, масъулиятни Марказий банкка юкламоқда. Банклар эса қонунчилик ва регулятор талабларини пеш қилмоқда. Афтидан, AliExpress фаолиятини чеклаш ҳақида расмий қарорнинг ўзи йўқ. Натижада ажойиб вазият ҳосил бўлган: • расмий тақиқ йўқ, лекин тўловлар блокланган; • қарор йўқ, лекин у бажарилмоқда; • чеклов бор-у, лекин масъул идора йўқ. Банкирлар мантиғини тушуниш мумкин, чунки ноаниқ вазиятда мижоз харидини блоклаш, вазиятни «нотўғри тушуниш»дан арзонроқ. Масъул идоралар аниқ ва ягона позиция билдирмаса, бозор иштирокчилари эҳтиёт чораси сифатида қонунчиликни ўзича талқин қилиб, чекловлар киритаверади. Ҳеч ким тақиқламаган, ҳеч ким жавобгар эмас, аммо чекловлар киритилган. Тавба. @beshtiyin #AliExpress #ИЛМА #СолиқҚўмитаси
Битта бошга икки тож: PARAPAY янги раҳбарининг «қўшалоқ» мақоми Россиянинг «Сервис» АЖ компанияси PARAPAY’нинг 100 фоиз акциясини сотиб олганидан олти кун ўтиб, тўлов ташкилотида раҳбарни ўзгартирди. 29 июль куни PARAPAY Кузатув кенгаши бош директор Обиджон Азимбаевнинг ваколатларини тугатиб, унинг ўрнига Олимжон Алимовни тайинлаган. Аммо аффилланган шахслар рўйхатида Алимовнинг мақоми «Кузатув кенгаши аъзоси» сифатида қайд этилган. Айнан шу ҳужжатнинг ўзида эса у ижро органи раҳбари — PARAPAY директори сифатида кўрсатилган. Ҳужжат ҳам Алимов номи билан директор сифатида имзоланган. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 76-моддасига кўра, жамият директори ва шу жамиятда меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган шахс Кузатув кенгашига сайланиши мумкин эмас. Агар Олимжон Алимов ҳақиқатан ҳам бир вақтнинг ўзида директор ва Кузатув кенгаши аъзоси бўлса, бу қонун талабига зид. Агар у Кузатув кенгаши аъзоси бўлмаса, унда PARAPAY аффилланган шахслар рўйхатида унинг мақомини нотўғри кўрсатган ва корпоратив ахборот порталида ҳақиқатга мос келмайдиган маълумот эълон қилган. Таъкидлаш жоизки, эълон қилинган ҳужжатларда Алимовнинг бошқа ташкилотлардаги фаолиятига оид устунлар бўш қолдирилган. Аммо Abrau Capital’нинг расмий сайтида Олимжон Алимов компаниянинг бош менежери сифатида кўрсатилган. Очиқ манбалардан Алимов 29 июлгача Abrau Capital’даги лавозимини тарк этган ёки этмаганини аниқлаб бўлмади. Агар у лавозимини тарк этмаган бўлса, PARAPAY ҳужжатида маълумот тўлиқ эълон қилинмаган. Агар у лавозимини тарк этган бўлса, Abrau Capital сайтидаги маълумот эскирган. Хуллас, ҳужжатларнинг бу қисмига ҳам ойдинлик киритилиши лозим. Қисқаси, PARAPAY’нинг янги раҳбари ташкилотда аслида кимлигини ўзи ҳам тушуниб етмаган кўринади. @beshtiyin Суратда — Олимжон Алимов. Манба: Abrau Capital. #PARAPAY #ЗолотаяКорона
без подписи
без подписи
без подписи
Туркманистон бозорида Ўзбекистон қурилиш материаллари учун янги экспорт имкониятлари Ашхободдаги “Туркманистон–Ўзбекистон” бизнес-форумида 40 дан ортиқ маҳаллий компаниямиз иштирок этиб, экспорт географиясини кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришди. Асосий натижалар: 🔹 Тўғридан-тўғри музокаралар: Делегациямиз Ашхободнинг йирик қурилиш бозорлари, шу жумладан “AK Gaya” мажмуаси раҳбарияти билан савдо алоқаларини ўрнатди. 🔹 Рақобатбардош таклиф: Маҳсулотларимиз сифати ва нарх мослашувчанлиги намойиш этилди. Иқлим ва стандартларнинг яқинлиги товарларимизнинг қўшни бозорга тез ва тўсиқсиз кириб боришини таъминлайди. 🔹 Амалий келишувлар: B2B ва B2G форматларида тайёр маҳсулот етказиб бериш ва узоқ муддатли ишлаб чиқариш занжирларини яратиш бўйича келишувларга эришилган. Мазкур миссия қурилиш материалларимиз экспорт ҳажмини сезиларли оширишга ва қўшни бозорлардаги ўрнимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Реклама
Деярли барча банклар «идеал»: SNS Ratings рейтинги аслида нимани ўлчаяпти? SNS Ratings Ўзбекистон банклари колл-марказларининг 2026 йил июнь ойи учун хизмат кўрсатиш рейтинги натижаларини эълон қилибди. Ҳужжатда операторга уланиш вақти, мулоқот маданияти, касбий этика ва суҳбат давомийлиги баҳолангани айтилган. Натижада якуний жадвалга киритилган 29 та банкнинг 25 таси AAA — «идеал» баҳосини олган. Яъни рейтингда иштирок этган банкларнинг қарийб 86 фоизи телефон орқали мижозларга «идеал» даражада хизмат кўрсатар экан. Аммо жадвални синчиклаб таҳлил қилсак, рейтинг банклар ўртасидаги реал фарқни қай даражада ўлчаётгани бўйича шубҳалар туғилади. Масалан, операторлар рейтингида 20 та банк натижаси бир хил: • бошланғич кўрсаткичлар — 96,53 балл; • мулоқот одоби — 95,80 балл; • муаммога ечим топиш — 95,80 балл; • якуний натижа — 95,87 балл. Йигирмата оператор юздан бир улушгача аниқликда бир хил балл олган. Бу натижалар нотўғри дегани эмас. Лекин баҳолаш тизими иштирокчиларнинг катта қисмини бир-биридан ажрата олмаса, бундай жадвални рейтинг деб аташ қанчалик тўғри? Тадқиқотда 34 та банкдан 31 таси қатнашган, KDB Bank Uzbekistan, Ipak Yo‘li Bank ва Soderot Bank билан боғланиб бўлмагани ёзилган. Бироқ июнь ойи якуний жадвалида 31 та эмас, 29 та банк қайд этилган. Бундан ташқари, ҳужжатдаги жадваллар таркиби бир-бирига мос келмайди. Масалан, 4-саҳифадаги «Колл-марказ операторлари тўплаган баллар» жадвалида Open Bank бор, аммо TBC Bank йўқ. 5-саҳифадаги «Июнь ойида колл-марказ рейтинг баҳолари» умумий жадвалида эса TBC Bank бор, аммо энди Open Bank йўқ 🤷🏻♂️ Нега бир банк фақат операторлар рейтингида бор-у, иккинчиси эса фақат умумий рейтингда қайд этилгани тушунтирилмаган. Yangi Bank билан боғлиқ ҳолат эса янада «қизиқ». Марказий банк 2026 йил 15 январда Yangi Bank’нинг лицензиясини бекор қилган. Шунга қарамай, SNS Ratings банкни 2026 йил июнь ойи рейтингига (қўнғироқ 2025 йил 30 декабрь куни амалга оширилган) киритиб, 96,23 балл белгилаб, унга «идеал» баҳосини берган. Яъни рейтинг тузилган пайтда лицензияси қарийб беш ярим ой аввал бекор қилинган банк «идеал» деб баҳоланган. Рейтингнинг «ўртача натижа» қисмидаги рақамларни ҳам қайта ҳисоблаб бўлмайди. Масалан, AVO Bank’нинг январдан июнгача бўлган натижалари: 96,63; 95,93; 95,46; 87,81; 89,41 ва 89,41 балл. Уларнинг оддий арифметик ўртачаси 92,44 балл бўлади. Аммо SNS Ratings жадвалида банкнинг ўртача натижаси 94,34 балл деб кўрсатилган. Poytaxt Bank’нинг эълон қилинган олти ойлик натижалари ўртачаси тахминан 92,85 балл, жадвалда эса 94,57 балл келтирилган. Эҳтимол, агентлик оддий арифметик ўртачадан фарқ қиладиган формуладан фойдаланган. Формула, мезонларнинг вазни ва ҳисоблаш тартиби ҳужжатда очиқланмаган. Шу сабабли натижаларни мустақил текшириб бўлмайди. Тадқиқот намунаси бўйича ҳам етарли маълумот йўқ. Жадвалда ҳар бир банк учун атиги бир марталик қўнғироқ, муайян вақт ва муайян оператор қайд этилган. Аммо ҳар бир банкка жами нечта қўнғироқ қилингани, қандай саволлар берилгани, такрорий текширув ўтказилганми-йўқми очиқланмаган. Алоҳида жадвалда колл-марказ раҳбарларига ҳам шахсий рейтинг берилган. Лекин айрим банкларда раҳбарнинг исми умуман кўрсатилмаган бўлса-да, балл берилган. Раҳбарнинг шахсий натижаси операторлар ва банк рейтинги асосида қандай ҳисоблангани ҳам тушунтирилмаган. SNS Ratings ҳужжатнинг ўзида бу натижалар агентликнинг хулосаси эканини қайд этган. Аммо бутун банк бозорига AAA, AA ва A каби рейтинг баҳолари қўйилаётган бўлса, «хулоса»нинг ўзи етарли эмас-да. Намуна, формула ва ҳисоб-китоблар ҳам текшириш мумкин бўлган даражада очиқланиши керак. Акс ҳолда, бу тадқиқот банклар хизматини ўлчайдиган рейтингдан кўра, тушунарсиз рақамлар жадвалига ўхшаб қолади. @beshtiyin #SNSRatings #Рейтинг
«Золотая Корона»нинг муассиси Ўзбекистондаги PARAPAY’ни сотиб олди Россиянинг «Сервис» АЖ компанияси Ўзбекистоннинг PARAPAY тўлов ташкилотининг 100 фоиз акциясини сотиб олди. Шу кунгача компания акциялари тўрт нафар маҳаллий мулкдор ўртасида тақсимланган бўлиб, Иброҳим Фатхуллаевга 54,33 фоиз, Иззатулла Фатхуллаевга 23,5 фоиз, Дилмурод Фатхуллаевга 17,06 фоиз ва Зиёвуддин Тўлагановга 5,1 фоиз улуш тегишли бўлган. PARAPAY’нинг 100 фоиз улуши номинал қиймати 20,43 млрд сўмни ташкил этса-да, бу рақам битимнинг реал нархини ифодаламайди. Чунки харидор собиқ мулкдорларга амалда қанча тўлагани очиқланмаган. PARAPAY номи бозор учун номаълум бўлишига қарамай, ташкилот 2023 йил апрелида Марказий банкдан лицензия олган. Ўзбекистон финтех бозорига кириб келаётган «Сервис» АЖ аввал «ЦФТ-Сервис» номи билан фаолият юритган. У Россиянинг «Платёжный Центр» нобанк кредит ташкилотининг ягона (100% улушга эга) таъсисчисидир. «Платёжный Центр» эса Россия Марказий банки реестрида «Золотая Корона» тўлов тизимининг оператори сифатида қайд этилган. Яъни PARAPAY’ни сотиб олган «Сервис» — «Золотая Корона» операторининг бевосита эгаси. Қизиғи, PARAPAY акциялари «Сервис» АЖ назоратига ўтган куни Европа Иттифоқи «Платёжный Центр»ни навбатдаги санкциялар рўйхатига киритган. Европа Иттифоқи ҳужжатида оператор йирик нобанк кредит ташкилоти сифатида қайд этилган. PARAPAY’ни сотиб олиш каби йирик корпоратив битимлар узоқ вақт талаб этадиган мураккаб жараён. Лекин янги санкциялар пакети қабул қилиниши ортидан ушбу битимдан кўзланган стратегик манфаатлар ўзгарган бўлиши ҳам мумкин. Қайд этиш керак, PARAPAY’нинг собиқ мулкдорлари акцияларини тўлиқ сотган бўлса-да, битимдан кейин ҳам уларнинг барчаси Кузатув кенгаши аъзолари сифатида кўрсатилган. Компания директори Обиджон Азимбаев ҳам ўз лавозимини сақлаб қолган. Афтидан, маҳаллий бошқарув тузилмасининг сақлаб қолиниши мавжуд жамоа ва маҳаллий мутахассислар билан ишлашга қаратилган битимдан далолат беради. Шундай қилиб, энди «Сервис» АЖ қўлида Ўзбекистонда фаолият юритиши мумкин бўлган маҳаллий юридик шахс, тўлов ташкилоти лицензияси ва тайёр корпоратив бошқарув тизими бор. Бу эса янги тўлов маҳсулотлари, пул ўтказмалари ёки бошқа финтех хизматлари бозорига кириш учун қулай имконият бўлиши мумкин. Қизиқ, PARAPAY аввалгидек бозорда кўринмас ташкилот бўлиб қоладими ёки «Золотая Корона» атрофида капитал учун янги таянч нуқтасига айланадими? @beshtiyin #Parapay #ЗолотаяКорона
Kapitalbank Uzum экотизимидаги MAKESENSE’га 12 ойлик имтиёзли давр билан 8 млн доллар кредит ажратади 23 июль куни Kapitalbank акциядорлари банк билан боғлиқ шахс ҳисобланган MAKESENSE компанияси билан битим тузишни маъқуллади. Банк ҳужжатида битимнинг шартлари очиқланмаган ва улар алоҳида иловага ҳавола қилинган. Аммо худди шу куни MAKESENSE ҳамда UZUM SARMOYA эълон қилган корпоратив қарорлар битимнинг қандай тузилганини кўрсатиб беради. MAKESENSE Kapitalbank’дан 8 млн доллар миқдорида мақсадсиз кредит олади. Кредит муддати — 15 ой. Дастлабки 12 ойда асосий қарз бўйича имтиёзли давр амал қилади, кейин эса қарз учта тенг ойлик тўлов орқали қайтарилади. Қизиғи, компания кредит сифатида олинган валютани Kapitalbank’нинг ўзига сотади. Сотувдан тушган сўм маблағлари MAKESENSE’нинг жорий депозит ҳисобварағига ўтказилади. Яъни битим натижасида компания амалда 8 млн доллар эмас, унинг сўмдаги эквивалентини ўз тасарруфига олади. Кредитни қайтариш бўйича қўшимча кафолатни эса UZUM SARMOYA берган. Компания MAKESENSE’нинг Kapitalbank олдидаги мажбуриятлари учун 135,2 млрд сўм миқдорида кафиллик тақдим этади. Кафиллик қарздорнинг кредит бўйича мажбуриятлари тўлиқ бажарилгунча амал қилади. 135,2 млрд сўмни 8 млн долларга бўлганда, ҳар бир доллар учун 16 900 сўмлик курс ҳосил бўлади. Аммо ушбу сумма фақат асосий қарзни қоплайдими ёки унга фоизлар, валюта курси хавфи ва бошқа эҳтимолий талаблар ҳам киритилганми — ҳужжатларда очиқланмаган. Корпоратив боғлиқлик ҳам очиқ кўринади. Kapitalbank мазкур битимни боғлиқ шахс билан тузилаётган битим сифатида акциядорлар тасдиғига киритган. MAKESENSE ҳамда UZUM SARMOYA ҳужжатларида эса ҳар икки жамият директори сифатида бир шахс — Виктор Лебедев кўрсатилган. У бир компания номидан кредит олиш, иккинчи компания номидан эса шу кредитга кафиллик бериш ҳужжатларини имзолашга ваколатланган. Албатта, бу ҳолат қоидабузарлик ёки ғайриоддий битим ҳисобланмайди. Йирик экотизим таркибидаги компанияларнинг бир-бирига кафиллик бериши ва гуруҳ банки орқали молиялаштиришни амалга ошириши одатий корпоратив амалиётдир. Лекин очиқланган ҳужжатларда кредит ставкаси, комиссиялар, қўшимча шартлар ҳамда 135,2 млрд сўмлик кафолат қандай ҳисоблангани кўрсатилмаган. Битимнинг умумий схемаси кўриниб турса-да, унинг Uzum экотизими учун асл қиймати ва таваккалчилик даражасини баҳолаш имконсиз. @beshtiyin #Kapitalbank #Makesense #UzumSarmoya
APEX MOLIYA капиталини 12,5 баравар ошириб, исломий микромолия банкига айланмоқчи APEX MOLIYA микромолия ташкилотидан фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига айланиш жараёнини бошлаган. 14 июль куни ўтказилган навбатдан ташқари умумий йиғилишда янги устав, бизнес-режа, ташкилий тузилма, Кузатув кенгаши, Исломий молия кенгаши ва беш кишидан иборат Бошқарув таркиби тасдиқланган. Шунингдек, APEX MOLIYA Марказий банкдан дастлабки рухсатни олгач, ташкилот устав капиталини қўшимча акцияларни жойлаштириш орқали 4 млрд сўмдан 50 млрд сўмга етказишни режалаштирган. Яъни жамият устав капиталини 12,5 бараварга ошириб, қўшимча равишда 46 млрд сўмлик капитал шакллантирмоқчи. Бу ўзгаришнинг ҳақиқий кўламини APEX MOLIYA’нинг 23 июль куни эълон қилинган чораклик ҳисоботи янада аниқроқ кўрсатади. Ҳисоботга кўра, жамиятнинг жами активлари — 21,35 млрд сўм; мажбуриятлари — 17,27 млрд сўм; ўз капитали — 4,08 млрд сўм ҳамда устав капитали — 4 млрд сўмни ташкил этмоқда. Демак, режалаштирилаётган 50 млрд сўмлик устав капитали APEX MOLIYA’нинг ҳозирги барча активларидан ҳам 2,3 баравар катта бўлади. Бу оддий устав капиталини ошириш эмас, балки жамиятни янги молиявий босқичга олиб чиқадиган ўзгариш. Ҳисоботда APEX MOLIYA’нинг тақсимланмаган фойдаси 39,66 млн сўм, жорий йилдаги соф фойдаси эса 38,6 млн сўм экани ҳам қайд этилган. Бу икки кўрсаткич жами 78,26 млн сўмни, яъни режалаштирилган 46 млрд сўмлик капитал ўсишининг атиги 0,17 фоизини ташкил этади. Қарорга кўра, капитал қўшимча акцияларни жойлаштириш орқали шакллантирилади. Хўш, 46 млрд сўмлик қўшимча акцияларни ким сотиб олади? Аффилланган шахслар рўйхатида Дилмурод Пулатов ва Ҳамидулла Мухитдиновнинг ҳар бири 2 млн донадан оддий акцияга эга экани кўрсатилган. Умумий йиғилиш қарорида қўшимча акциялар кимга жойлаштирилиши очиқланмаган. APEX MOLIYA исломий микромолия банкининг ҳуқуқий ва бошқарув архитектураси тайёр, энди ушбу архитектурани тўлдириши керак бўлган 46 млрд сўмлик янги капиталнинг манбаси ким бўлишини аниқлаш қолди. @beshtiyin
ASTERIUM ҳисоботидаги йирик рақамлар аслида нимани англатади? ASTERIUM криптобиржаси эълон қилган 2026 йил II чорак ҳисоботида 61,42 трлн сўм соф тушум, 60,96 трлн сўм таннарх ҳамда 54,7 млрд сўм соф фойда қайд этилган. Рақамларга қарайдиган бўлсак, компаниянинг ялпи фойдаси 459,86 млрд сўм, ялпи рентабеллиги эса бор-йўғи 0,75 фоизга тенг. Давр харажатлари ва молиявий фаолият натижалари чегирилгач, соф рентабеллик 0,089 фоизгача пасайган. Бошқача айтганда, ҳар 1 млрд сўмлик тушумдан компанияга қарийб 891 минг сўм соф фойда қолган. Баланс таркиби ҳам қизиқ. ASTERIUM’нинг умумий активлари 17,8 трлн сўмни, ўз капитали эса 178,17 млрд сўмни ташкил қилган. Мажбуриятлари 17,62 трлн сўмга тенг. Компаниянинг мажбуриятлари ўз капиталидан қарийб 99 баравар кўп, капитал эса активларнинг бор-йўғи 1 фоизини ташкил этади. Аммо бу кўрсаткични банклардаги капитал етарлилиги меъёрларига қиёслаш тўғри эмас. Чунки ASTERIUM банк эмас, криптобиржалар баланси мутлақо бошқа иқтисодий мантиққа таянади. Компания активларининг 16,7 трлн сўми, яъни қарийб 94 фоизи пул маблағларидан иборат. Уларнинг 16,55 трлн сўми хорижий валютада сақланган. Компаниянинг мажбуриятлари таркибида 13,87 трлн сўмлик олинган аванслар ҳамда 3,65 трлн сўмлик етказиб берувчилар ва пудратчилар олдидаги қарздорлик асосий ўринни эгаллайди. Жами мажбуриятларнинг қарийб барчасини айнан шу икки кўрсаткич ташкил этади. Клиринг шартларига кўра, иштирокчиларнинг маблағлари хизмат кўрсатувчи банк ҳисобварақларига ўтказилади. Биржа эса ҳар бир иштирокчининг маблағи ва мажбуриятини виртуал ҳисобларда алоҳида ҳисобга олиши лозим. Демак, балансдаги йирик пул маблағлари ва олинган авансларнинг катта қисми мижозлар ёки клиринг иштирокчилари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чорак ҳисоботидан 16,55 трлн сўмлик валюта маблағининг қанчаси ASTERIUM’нинг ўзига, қанчаси мижозлар ёки бошқа иштирокчиларга тегишли эканини аниқлаб бўлмади. Ички бухгалтерияда бу маблағлар алоҳида ҳисобга олинган бўлиши мумкин. Аммо ҳисоботда маблағлар ва тегишли мажбуриятлар «хорижий валютадаги пул маблағлари» ҳамда «олинган аванслар» каби умумий балансда акс эттирилиб, уларнинг таркиби алоҳида очиб берилмаган. Афтидан, компаниянинг якуний молиявий натижасига валюта курсларидаги фарқ салбий таъсир кўрсатган. ASTERIUM асосий фаолиятидан 368,9 млрд сўм фойда олганига қарамай, курслар фарқи бўйича 606,55 млрд сўм даромад ва 909,22 млрд сўм зарар қайд этган. Ҳисоботда мазкур курс фарқлари айнан қайси актив ва мажбуриятлар бўйича шакллангани ҳам очиб берилмаган. Оқибатда, валюта курслари фарқидан шаклланган соф зарар 302,67 млрд сўмга етиб, асосий фаолиятдан олинган фойданинг қарийб 82 фоизини йўққа чиқарди. Фоиз харажатларини ҳам қўшганда, молиявий фаолиятдаги соф зарар 314,2 млрд сўмни ташкил этди ва якуний соф фойдани 54,7 млрд сўмгача тушириб юборган. Ҳисоботда яна 100 млрд сўмлик қисқа муддатли қарз ҳам кўрсатилган, аммо унинг кредитори очиқланмаган. Умуман олганда, ASTERIUM фойда билан ишляпти. Бироқ ҳисоботдаги йирик рақамларнинг иқтисодий таркибини тўлиқ тушуниш учун очиқланган маълумотлар етарли эмас. Кузатайлик-чи… @beshtiyin
44 кунда фаолияти тугатилиб, орадан 19 кун ўтиб раис этиб тайинланган HUMO’нинг янги раҳбари ким? HUMO Александр Сотников бошқарув раиси этиб тайинланганини эълон қилиб, бу қарорни компаниядаги стратегик ўзгаришларнинг мантиқий давоми деб атади. Аммо корпоратив ҳужжатлардаги хронология мураккаброқ ва қизиқ. Масалан, аввал 18 май куни Александр Сотников ижро органи аъзоси сифатида аффилланган шахслар рўйхатига киритилиб, бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлагани маълум қилинган. Аммо 1 июль куни Кузатув кенгаши Сотниковни ушбу лавозимдан озод этиб, уни ижро органи таркибидан чиқариб ташлайди. Сотниковнинг HUMO бошқарувидаги фаолияти атиги 44 кун давом этди, холос. Бироқ орадан кўп ўтмай, вазият кутилмаганда ўзгарди. 20 июль куни (19 кун ўтиб) амалдаги раҳбар Улуғбек Баҳодиров билан шартнома ўзаро келишувга кўра бекор қилинди. 20 июлдаги қарор билан Александр Сотников 21 июлдан бошлаб уч йил муддатга HUMO бошқаруви раиси этиб тайинланди. Ушбу кутилмаган ротация сабаблари мавҳум. Баҳодиров билан шартнома нега муддатидан олдин бекор қилингани ҳам, Сотниковнинг аввал лавозимидан озод этилиб, кейин раис этиб тайинлангани сабаблари ҳам расмий ҳужжатларда изоҳланмаган. Қайд этиб ўтиш керак, ҳужжатларда бир-бирига тўлиқ мос келмайдиган маълумотлар бор. Масалан, бир ҳужжатда раҳбар алмашинуви тўғрисидаги қарорни Кузатув кенгаши қабул қилгани кўрсатилган бўлса, бошқасида айни раҳбар алмашинувига оид қарорни акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши қабул қилгани ёзилган. Бундан ташқари, ҳужжатлар 22 июль куни, яъни Баҳодировнинг меҳнат шартномаси бекор қилинганидан икки кун ўтиб, айнан унинг электрон имзоси билан тасдиқланган. Ҳужжатларнинг ўзида эса ижро органи раҳбари сифатида Сотников кўрсатилган. Бу шунчаки техник хатолик бўлиши мумкин, аммо миллий тўлов тизими раҳбарияти алмашинувига оид ҳужжатларнинг ўзи ҳам қатор саволларни туғдиради. Who is mr. Alexander Sotnikov? Сотников 2013–2015 йилларда BELKART миллий тўлов тизимини бошқарган, сўнг 2017 йилгача Беларусь Миллий банкининг Тўлов тизимлари ва рақамли технологиялар бош бошқармасига раҳбарлик қилган. У 2017–2021 йилларда Белгазпромбанкда ижрочи директор ҳамда бошқарув раиси ўринбосари, 2021–2026 йилларда Беларусь Банк процессинг маркази бош директори лавозимида фаолият юритган. Унинг фаолияти билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ҳам учрайди. Масалан, 2025 йил 9 июль куни Сотников раҳбарлик қилган Банк процессинг марказининг дастурий ва техник тизимида носозлик юз бериб, Беларусбанк, Белагропромбанк ҳамда Белинвестбанк мижозларининг карталарида маблағлар йўқолгандек кўриниб, нотўғри ёки манфий қолдиқлар акс этган. Сотников муаммо аввалига соат 14:00 гача, сўнг 17:00 ва 22:00 гача бартараф (1, 2, 3) этилишини айтган бўлса-да, носозлик бир кун ўтиб тўлиқ бартараф этилган. Орадан бир неча ой ўтиб, 2025 йил 30 декабрь куни мазкур процессинг марказида яна бир техник носозлик юз беради. Бу сафар Беларусбанкнинг айрим мижозлари карта ҳисобварақларидаги пул қолдиғи хато кўрсатилаётгани маълум бўлади. Ўшанда, Сотников процессинг тизимини янгилаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар носозликка сабаб бўлиши мумкинлигини айтган. Қисқаси, Сотников раҳбарлик қилган миллий процессинг инфратузилмасида бир йил ичида камида иккита оммавий техник носозлик юз берган. Бундан ташқари, Сотников Белгазпромбанк бошқаруви раиси ўринбосари бўлган даврда — 2020 йилда банк жиноий ишлар, тинтувлар ва вақтинчалик маъмурият тайинланиши билан боғлиқ йирик сиёсий-молиявий инқирозга дуч келган. Бироқ очиқ манбаларда Сотников мазкур иш бўйича айбланувчи ёки гумонланувчи сифатида қайд этилмаган. Аксинча, вақтинчалик маъмурият ўз фаолиятини якунлагач, у банкнинг янгидан шакллантирилган бошқарув таркибидан ўрин олган. Хўш, бундай мураккаб профессионал тажрибага эга раҳбарнинг келиши тизимда янги ислоҳотларни бошлайдими ёки янги саволларни туғдирадими? Вақт ва жараённинг ўзи бунга аниқ баҳо беради. Кузатайликчи… @beshtiyin