tgindex
Кўнгилларнинг севгани

Кўнгилларнинг севгани

Статистика
@suyunbekaузбекский

Хуршида АБДУЛЛАЕВАнинг ижодий канали. Шеърий ва насрий машқлар, таржималар, адабий қайдлар, аудио-видеолавҳалар... ©️Каналдаги шеър, ҳикоя, қатра, драбллар ва таржималар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган!

Последний пост
13 авг.
Последнее чтение
15 авг.
Постов за неделю
1
Всего постов
150
Тип
открытый
Язык
узбекский
В каталоге с
13 авг.
Подписчики
715
−1 за 2 дн.
Сутки
0
0,00%
Неделя
 
Месяц
 
Просмотров на пост
261
40 постов
Вовлечённость
36,5%
к подписчикам
Постов в день
0,1
всего 150
Упоминаний
6
каналов
Охват размещения
оценка
1/24сутки в ленте
22
1/48двое суток
25
1/72трое суток
27

Оценка по просмотрам недавних постов: пост набирает почти всё за первые сутки.

Посты

  • Ассалому алайкум, азиз устозлар! Шеърият ва адабиёт ихлосмандлари, санъат шинавандалари! Сиз азизларимизни " НАЗМ ВА НАВО " гуруҳида 👉2026 йил 👇👇👇👇👇 13 август куни кеч соат     👇👇    21:00 да эркин мавзудаги ажойиб чат дастуримиз кутмоқда. Азизлар! Бугунги дастуримиз ўзгача ғояси билан кўнглингизга кириб боради. Шеър ижроси ва шеър ҳақида  эркин суҳбат қуришни, ижод намуналарингизни кўпчилик ҳукмига ҳавола этишни хоҳлайсизми? Унда бу дастуримиз айнан Сиз учун! "ЭРКИН МАВЗУ"да - эркин суҳбат ва эркин ижод! "Назм ва Наво" ижодий телеграм гуруҳи жонли дастурида барчангизни кутиб қоламиз! Марҳамат, азизлар! Ушбу чат дастуримизда қатнашиб, ўз ижод намуналарингиз билан ўртоқлашинг! Дастурни бошловчи НИЗОМИЙ олиб боради. Бош админ - ЖАМШИД СУЛТОНОВ. Муҳаррир - АЗИЗАБЕГИМ. Бизнинг манзил: https://t.me/+BlvwT9kZauoxMjk6

  • #she'r     *** Жануб. Жазирама. Оташ ҳарорат, Иситма ичида ёнади август. Ортиқ дош беролмай ҳарсиллаб келиб, Дарахт соясига йиқилар гум-гурс. Иссиқни туширар дорини излаб, Ёзнинг жони ҳалак – ҳар ёнга чопар. Шунча дорихона бордир Қаршида, Умидим – биридан давосин топар... Пахтагулли чойнак. Дам еди кўк чой, Келсанг, суҳбат қуриб ўтирардик, дўст! Дийдор шифосини бериб, ажабмас, Қадамингдан даво тополса август... ©Хуршида Абдуллаева "Планшетга ёзилган шеърлар" @suyunbeka

  • #xayrli_kun #degan_ekan Аслида энг чиройли эртак бу — ҳаётнинг ўзи. ©Ханс Кристиан Андерсен @suyunbeka

  • #sheʼr                            *** Август. Астанада кезиб юрар куз, Янги мусофирдек дилгир, серзарда. Соғинч шивирлайди дарду ҳасрат-ла: " Нима гап Қаршида - қайноқ шаҳарда?!" Тафтин пасайтирар тежамкор офтоб, Лек шамол шиддатин тиймас Буюк Дашт. Жунжикканча Соғинч қўяр гиналаб: "Шундай изғиринда борми бирор гашт?!" Куз жаласи ювар шаҳар гардини, Соғинч деразадан боқади хомуш. "Эсингдами, тансиқ эди Қаршида? Аммо ҳозир тез-тез ёмғир ёғармиш..." Фусункор ва сокин Есиль бўйлари. "Қара, нилуфаргул! Ана чағалай!" Ўжар соғинч бўлса дейди бош чайқаб: "Лек ўзгача Қашқа суви, ҳарқалай!.." Унга ҳамдард бўлиб боқади август, Сўнгра ҳовучида тутар қорағат. "Ташаккур, - дейди у. - Бўлсами эди Тўрт дона Кўчкакнинг анжири фақат..." Хуллас, ҳеч нарсадан тўлмайди кўнгли, Юпатгум Соғинчни ўраб сабрга... ...Нўноқ мезбон каби хижолат август Ўрнин бўшатади сентябрга...    29 август, 2020 йил, Астана. ©Хуршида Абдуллаева "Иккинчи дафтар"дан @suyunbeka

  • #xayrli_kun #degan_ekan Зарурат — барча ҳаётий вазиятларда энг яхши ўқитувчи. ©Жюль Верн @suyunbeka

  • #yangilik #suyunchi Тез кунда.... "Бекажон" газетасида! 😊🤗 Кўпдан ўйлаб юрганим ғоя қоғозга тушди, ниҳоят. Биринчи қиссам, насиб қилса, тез орада "Гулбону ёхуд жодуланган хазина" номи билан аёлларимизнинг севимли газетаси "Бекажон"да босилиши кутиляпти... P.S. Газетада берилган қисмларини каналимга ҳам жойлаб бормоқчиман. Ўқиш истагида бўлганлар топилса, албатта. Ўқийсизми? Унда пастда белгилаб кетинг... Ўқийман - 👌 Йўқ, раҳмат - 😴 Менга фарқи йўқ - 🙃 @suyunbeka

  • #she'r *** Аллоҳ тақдиримни яратган маҳал Умрим китобини хўб гўзал битмиш. Йўлларимни ёруғ айламиш азал, Қадамда омадни Ул ҳамроҳ этмиш. Бир айбим – хом сутни эмган бандаман, Хатоларим кўпдир, билмасман ўзим. Ойдин йўллар қатор турса, дафъатан Нечук тийра роҳни кўрмишдир кўзим?! ©Хуршида Абдуллаева "Планшетга ёзилган шеърлар" @suyunbeka

  • #xayrli_kun #degan_ekan Ё сен кунни бошқарасан, ё у сени бошқаради. ©️Жим Рон @suyunbeka

  • #tarjima Шифокор менга қаҳвани ман этди Уни қирқ йил ичдим. Эрийдиганини ичдим, туркада қайнатиб ичдим; сутлисини, қорасини, шакарли, шакарсиз ичдим. Қаҳва мени ухлатарди, уйғотарди, таъми билан менга ёқарди. Қаҳва етук ҳаётни ваъда қилган ва алдамаганди. У ягона севги ичимлиги эди. Худди Тристан ва Изольдага аталгандек. Ромео ва Жульетта учундек. Гектор ва Ахиллга берилгандек. "Келинг, бирор ерда қаҳва ичамиз", "Ётоққа қаҳва элтайми?" Бу икки жумла орасида ишқ тубсизлиги бор. Қаҳва ўртачаларга тоқат қилолмасди. Пушкин қаҳва ичган. Толстой қаҳва ичган. Хармс. Қолаверса, қаҳва Паркинсон касаллиги ва ақлан заифлик келиб чиқиш эҳтимолини пасайтиради. Энди эса менга: "Цикорий ичинг, у фойдали", дейишди. Hа илож. Чинакам денгизни сира кўрмаганлар учун дарё ҳам денгиз. Алвидо, Пушкин, Толстой ва Хармс, салом, Альцгеймер. Яратган жазолашни ихтиёр этса, ақлни тортиб олади. Бу эскирган гап. Парвардигор жазолашни ихтиёр этса, қаҳвани олиб қўяди. Аммо тангри шафқатли ва ҳар нега қодир. Жаннатда бизга турфатус мокко тўла улкан финжон беришади ва бунинг эвазига бизга ҳеч нарса бўлмайди. ©️Дмитрий Boденников. Хуршида Абдуллаева таржимаси. P.S. Дмитрий Boденников - шоир, носир, эссенавис ва радиобошловчи. Танқидчилар уни “янги самимият” йўналишига мансуб санайди. @suyunbeka

  • 23 июл.1 48035

    #she'r Қаламимни қаро тун қийноғидан йўндим мен, Излаб якто жавҳарни минг заррага дўндим мен, Не битилмиш манглайга – йўқ-борига кўндим мен, Машраб этак силкиган бу дунёдан арзим бор, Айтмай ичга ютилган дардлардан сўз қарзим бор. Ашъор битсам, оғочлар япроғи дафтар бўлди, Тоғлар тоши, қирларнинг тупроғи дафтар бўлди, Кун келди, юртнинг соғинч, фироғи дафтар бўлди, Байтларимнинг ҳарфида пинҳон тутган тарзим бор, Каломимнинг олдида бажо кутган фарзим бор. Тийнатимга бир орзу солди парвардигорим, Зуволамни сабрдан олди парвардигорим, Бугун сўнгги бир илинж қолди, парвардигорим, Ўзинггадур таваккул, фақат Сенга арзим бор, Мазмун сўрган умримдан битта маъно қарзим бор. Бу дунёнинг алдамчи ҳавасларин хўб билдим, Қариндош ким, дўст недур? Қўлимни ювиб бўлдим, “Бер!” - дедилар, ўзимни минг бўлак қилиб бўлдим, Энди шу минг парчадан тикланган бир тарзим бор, Кеч англадим, Худо-ё, бўйнимда не фарзим бор... Қақнус қушдек кул ичра бош кўтардим қайтадан, Янги либос кийди руҳ, қолди энди эски тан, Босиб ўтган изимни бир кун босмасму тикан? Бардавом қил, ё Тангрим, биргина шу арзим бор, Сендан умр, онамнинг оқ сутидан қарзим бор... ©️Хуршида Абдуллаева "Планшетга ёзилган шеърлар" @suyunbeka

  • #xayrli_kun #degan_ekan Икки фақир бир гиламга сиғади, икки подшоҳга бутун олам торлик қилади. Татар мақоли @suyunbeka

  • 22 июл.2 34541

    #sheʼr                       *** Ўтаяпти кунлар шарафсиз, Яшаб қўйдим балки зиёда. Умрим минг йил бўлса-да, нафсиз Гар топмасам сени дунёда. Муҳаббатми, билмам, бу туйғу, Ёки орзу – илоҳий мақсад. Сен Қуёшдан узилган ёғду Талпинганим, эй Кўҳна Ҳасрат! Сен бамисли садаф бағрида Сайқал топган бебаҳо гавҳар. Ниҳонсан қай уммон қаърида, Сени излаб мен бир дарбадар. Кўрсатсалар сени шунда деб, Ҳар булоқдан сув ичиб кўрдим. Ҳатто суви қолса ҳам қуриб Дарёларда қум кечиб кўрдим. Жилдираса йўлимда ногоҳ Бирор жилға, ортидан чопиб, Йўрғаласа бесабр, ўйноқ, Гоҳ йўқотиб, гоҳ яна топиб. Нишонингни ахтардим шундай, Умидларим кетмас бесамар. Мана, қуйиб қалбимга нурдай Шаршаралар етказди хабар: “Йўлинг солсанг уфқлар томон Қаршингдадир ложувард денгиз. Ўшадир сен интилган уммон Ва қаърида гавҳари тенгсиз. Томирингда оқса шижоат, Энди фақат дадил олға бос. Соҳилда кўз тикиб бетоқат Кутаяпти сени бир Ғаввос... ” Бу руҳимга қанотдай дарак, Майли, ўтсин кунлар шарафсиз. Яна шаҳд-ла тепмоқда юрак, Яна сенда хаёли ёлғиз. Етажакман, етмоғим аён, Чунки сен деб умрим гаровда. Ютқазурман уни бегумон Гар топмасам сени дунёда...   ©Хуршида Абдуллаева "Иккинчи дафтар"дан @suyunbeka

  • #xayrli_kun #degan_ekan Масалчи ҳибсда ўтирса, махлуқлар озодликда қолади. ©Жан де Лафонтен @suyunbeka

  • Ассалому алайкум, азизлар! Шеърият ва адабиёт ихлосмандлари, санъатсевар мухлислар! Сизларни "НАЗМ ВА НАВО" гуруҳида 👉2026 йил 👇👇👇 21 июль куни кеч соат   👇👇    21:30 да яна бир дастур кутмоқда. "АДАБИЁТ. ТАРИХ. ЗАМОН" деб номланган дастуримиз меҳмони - Ўзбекистон Халқ ёзувчиси, таниқли шоир ва олим МУҲАММАД АЛИ. Муҳаммад Али 1942 йилнинг 1 мартида Андижон вилоятининг Бўз туманидаги Бешкал қишлоғида туғилган. Горький номидаги Адабиёт институтида таҳсил олган. Илк шеъри ўн беш ёшида – 1957 йил 17 февралда ҳозирги «Ўзбекистон овози» газетасида босилган. Адибнинг 40 дан ортиқ китоби чоп этилган. «Фазодаги ҳислар» (1967), «Шафақ» (1968), «Оталар юрти» (1970), «Оқ нур» (1977), «Илҳом париси» (1980), «Севсам, севилсам» (1983), «Вечный мир» (шеърий роман, 1984), «Саз» (рус тилида, 1984), «Сен бир гулсан» (1989), «Она дуоси» (1994), «Сайланма» (1997) «Мен ўзим, ўзим» (2011) сингари шеърий китоблари бор. Адиб ижодида «Машраб» (1966), «Гумбаздаги нур» (1967), «Бешгул» (1969), «Ошиқлар эртаги» (1975) достонлари, «Боқий дунё» (1979) шеърий романи салмоқли ўрин эгаллайди. «Сарбадорлар» (1989) роман-дилогияси, «Улуғ салтанат» эпопеяси ‒ «Жаҳонгир Мирзо» (2003), «Умаршайх Мирзо» (2006), «Мироншоҳ Мирзо» (2010), «Шоҳруҳ Мирзо» (2013), «Абадий соғинчлар» (2005), «Улуғбек Мирзонинг сўнгги куни» (2001), «Маспошшо ва Ойпарча» (2002), «Ҳиндиёна афсона» (2006), «Навоий ва Бойқаро» (2015) пьесалари адиб ижодининг чўққиси саналади. Муҳаммад Али кейинги йиллардаги ижодий фаолияти давомида 2020 йилда нашр қилинган "Клеопатра" тарихий романи, 2022 йилда дунё юзини кўрган "Мангу қуёш" романи, 2023 йилда эълон қилинган "Умрлар гулшани" ҳужжатли роман-эссеси, 2024 йилдаги "Бибихоним" тарихий драмаси, 2025 йилда ўқувчи эътиборига ҳавола этилган "Темурбек" тарихий қиссасини яратди. Ҳинд эпоси «Рамаяна» (1978), қорақалпоқ эпослари «Шаҳриёр» (1977), «Маспошшо» (1985), шунингдек, Ҳоқоний, Гёте, Бёрнс, Шиллер, Байрон, Пушкин, Лермонтов, Махтумқули, Бердақ, Абай, Тагор, Ҳамзатов асарларидан намуналарни ўзбек тилига ўгирган. Филология фанлари номзоди. Асарлари жаҳоннинг йигирма бешдан ортиқ тилларига таржима қилинган. «Абадий соғинчлар» роман-хроникаси инглиз тилида, «Жаҳонгир Мирзо» ва «Умаршайх Мирзо» романлари рус тилида, «Жаҳонгир Мирзо» романи эса турк тилида нашр этилган. Ўн уч йил давомида АҚШнинг Вашингтон университети талабаларига ўзбек тили ва адабиётидан дарс берди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланган. «Улуғ салтанат» тарихий роман-дилогияси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлган. Дастурни ХУРШИДА АБДУЛЛАЕВА олиб боради. Бош админ - ЖАМШИД СУЛТОНОВ. Муҳаррир - АЗИЗАБЕГИМ. Барчангизни дастурда кутамиз. Бизнинг манзил: https://t.me/+YkJ0N2fWHR1kZTgy Ижодкорнинг телеграм канали: https://t.me/muhammadaliijodi

  • #life_style Тасаввур қилинг, радио тинглаяпсиз: "...Энди қишлоқ хўжалиги хабарларига ўтамиз. Аксарият минтақаларни ўз забтига олиб турган аномал жазирама шашти пасайган айни паллада Шимолий Қозоғистонда помидор пишди. Томорқасида помидор билан бир пайтда бодринг, қовоқча, булғор қалампири сингари экинларни етиштираётган миришкорлар айтишича, бу йилги ҳосил ўтган йилгидан эртароқ пишган. Об-ҳаво маълумотига келсак, соҳа мутахассисларининг огоҳлантиришларисиз бугун Шучинскда жала ёғди..." 😃😊🤗 P.S. Қозоқ тилида помидор "қызанақ" дейилади. Бу, шунчаки, маълумот ўрнида... @suyunbeka

  • #she'r *** Бека яхши, Бека мулойим. Озор бермас ҳеч бир жонзотга. Овқат ҳам мўл, Ортгани ортган. Сут-у нони тайёрдир доим. Тарғил мушук бундан хўп рози. Бека содда, “Мушуктанимас”! Раҳми келар ҳув оқпишакка. У дайди-ку, Ҳам ўғри якка – Қинғир ўлгур, бирам ярамас! Тарғилнинг ҳеч келишмас сози. Бека билмас Ўғри ўйини. Нон тутади ҳатто “пиш-пиш”лаб. Ўйласа-чи ақлини пешлаб, Сезармиди айёр ўйинни? “Қани бўлиб қолсайдим този!” Бека билсин - Тарғил – зўр мушук. Оқпишакка керак текин нон, Ҳатто эплаб Овлолмас сичқон, Тарғил шуни қилсинми шерик?! Хуллас, мушук шундан норози. (Бека, афсус, билмайди буни, Тушунмайди мушук тилини...) ©Хуршида Абдуллаева “Планшетга ёзилган шеърлар” @suyunbeka

  • #xayrli_kun #degan_ekan Гоҳида бегона жойда ўтказилган бир кун уйда ўтган ўн йилдан кўра кўпроқ нарса беради. ©️Анатоль Франс @suyunbeka

  • Ассалому алайкум, азизлар! Шеърият ва адабиёт ихлосмандлари, санъатсевар мухлислар! Сизларни "НАЗМ ВА НАВО" гуруҳида 👉2026 йил 👇👇👇 21 июль куни кеч соат   👇👇    21:30 да яна бир дастур кутмоқда. "АДАБИЁТ. ТАРИХ. ЗАМОН" деб номланган дастуримиз меҳмони - Ўзбекистон Халқ ёзувчиси, таниқли шоир ва олим МУҲАММАД АЛИ. Муҳаммад Али 1942 йилнинг 1 мартида Андижон вилоятининг Бўз туманидаги Бешкал қишлоғида туғилган. Горький номидаги Адабиёт институтида таҳсил олган. Илк шеъри ўн беш ёшида – 1957 йил 17 февралда ҳозирги «Ўзбекистон овози» газетасида босилган. Адибнинг 40 дан ортиқ китоби чоп этилган. «Фазодаги ҳислар» (1967), «Шафақ» (1968), «Оталар юрти» (1970), «Оқ нур» (1977), «Илҳом париси» (1980), «Севсам, севилсам» (1983), «Вечный мир» (шеърий роман, 1984), «Саз» (рус тилида, 1984), «Сен бир гулсан» (1989), «Она дуоси» (1994), «Сайланма» (1997) «Мен ўзим, ўзим» (2011) сингари шеърий китоблари бор. Адиб ижодида «Машраб» (1966), «Гумбаздаги нур» (1967), «Бешгул» (1969), «Ошиқлар эртаги» (1975) достонлари, «Боқий дунё» (1979) шеърий романи салмоқли ўрин эгаллайди. «Сарбадорлар» (1989) роман-дилогияси, «Улуғ салтанат» эпопеяси ‒ «Жаҳонгир Мирзо» (2003), «Умаршайх Мирзо» (2006), «Мироншоҳ Мирзо» (2010), «Шоҳруҳ Мирзо» (2013), «Абадий соғинчлар» (2005), «Улуғбек Мирзонинг сўнгги куни» (2001), «Маспошшо ва Ойпарча» (2002), «Ҳиндиёна афсона» (2006), «Навоий ва Бойқаро» (2015) пьесалари адиб ижодининг чўққиси саналади. Ҳинд эпоси «Рамаяна» (1978), қорақалпоқ эпослари «Шаҳриёр» (1977), «Маспошшо» (1985), шунингдек, Ҳоқоний, Гёте, Бёрнс, Шиллер, Байрон, Пушкин, Лермонтов, Махтумқули, Бердақ, Абай, Тагор, Ҳамзатов асарларидан намуналарни ўзбек тилига ўгирган. Филология фанлари номзоди. Асарлари жаҳоннинг йигирма бешдан ортиқ тилларига таржима қилинган. «Абадий соғинчлар» роман-хроникаси инглиз тилида, «Жаҳонгир Мирзо» ва «Умаршайх Мирзо» романлари рус тилида, «Жаҳонгир Мирзо» романи эса турк тилида нашр этилган. Ўн уч йил давомида АҚШнинг Вашингтон университети талабаларига ўзбек тили ва адабиётидан дарс берди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланган. «Улуғ салтанат» тарихий роман-дилогияси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлган. Дастурни ХУРШИДА АБДУЛЛАЕВА олиб боради. Бош админ - ЖАМШИД СУЛТОНОВ. Муҳаррир - АЗИЗАБЕГИМ. Барчангизни дастурда кутамиз. Бизнинг манзил: https://t.me/+YkJ0N2fWHR1kZTgy Ижодкорнинг телеграм канали: https://t.me/muhammadaliijodi

  • #xayrli_kun #degan_ekan Оч бола тўқ бола билан ўйнамайди, Тўқ бола оч бўламан, деб ўйламайди. ©️Қозоқ халқ мақоли @suyunbeka

  • #rang_tasvir Эдвард Мунк. "Айрилиш". 1896 йил. @suyunbeka