Prof. Sherzod
СтатистикаОддий инглиз университетида дарс бераман. Олий таълим, саёҳат, адабиёт, Япония, Англия, университетлар, футбол ва ҳоказо мавзуларда кундалик ёзувлар. PhD (Cantab).
- Последний пост
- 23 июл.
- Последнее чтение
- 15 авг.
- Постов за неделю
- 0
- Всего постов
- 52
- Тип
- открытый
- Язык
- узбекский
- Категория
- Спорт
- В каталоге с
- 13 авг.
- 1/24сутки в ленте
- 1 679
- 1/48двое суток
- 1 924
- 1/72трое суток
- 2 075
Оценка по просмотрам недавних постов: пост набирает почти всё за первые сутки.
Посты
Мадина Зарифнинг юқоридаги ҳар доимгидек ажойиб ҳикоясини ўқиб, ота-оналаримиз ҳақида ўйладим. Яъни биз, 90-йиллар болаларининг ота-оналарини. Бизнинг авлод вакиллари орасида "биз йўқотилган авлодмиз" деган гапни эшитиб тураман. Аммо аслида икки давр орасида йўқолиб қолган авлод ота-оналаримиз авлоди, 1950 йиллар ўрталаридан 1960-йиллар бошларигача туғилганлардир. Буларнинг кўпчилиги Брежнев даврида улғайиб, ўқиган. Балки шу сабабдан, ҳозир етмишларга кирган авлод орасида бу даврга меҳр бўлакча. Тарихда "турғунлик" даври сифатида кўрилсада, урушдан кейинги совет тарихида иқтисодий жиҳатдан барқарорроқ ўнйиллик бўлган. Ундан олдинги 1960-йиллар Хрушчевнинг авантюралари, ундан кейинги 1980-йиллар эса кетма-кет ўлган қария раҳбарлар ва Горбачёвнинг перестройкаси билан ажралиб турган. Шу сабабдан, ота-оналаримиз авлоди қайсидир маънода 70-йилларни, ўз талабалик олтин даврини, ёшлигини қўмсашини тушуниш мумкин. Аммо бу олтин давр учун улар кейинчалик улкан бож тўлашган. 1990-йилларнинг бошида уларнинг кўпчилиги ўттиз билан қирқ орасида, яъни одам ҳаётда ўз ўрнини топиб, касбий ва иқтисодий барқарорликка эришадиган даврга киришган. Шундай пайтда, инглизча ибора билан айтганда, ҳудди кимдир уларнинг оёқлари остидаги гиламни тортиб олгандек бўлган. Бутун умр ишониб келган нарсаларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлишган. Кўпчилик олдин қилган ишини ташлаб, бозорга чиққан. Кета олган четга кетган (бизда бундайлар анча кам бўлган). Ҳозир бизга узоқ туюладиган 90-йиллар кўпчилик учун улкан синов йиллари бўлган. @profsherzod
GOFRET 90 йиллар кўпчилик оилалар учун оғир келган эди. Энди мустақилликка эришган даврларимиз, озиқ овқат танқислигидан зиёда ойлик тушиши қийин. 70 йил Москвага қарам бўлган ўлка ва корхоналар янги даврда ҳали ўз йўлини топиб кетмаган. Ва айнан ўша пайтда чет элдан - асосан Туркиядан турли сақич, ширинлик ва бананлар кириб кела бошлаган. Қишлоқ болалари ва нафақат бу ширинликларни қадоғини сақлаб қўйишни ва бир бирига азза базза мақтанишни ҳам канда қилмайди. Бу бир мағрурлик сабаби. Онам ўқитувчи бўлиб ишлайди. Колхозда тракторчи бўлиб ишлаган ўгай отам эса ишсиз. 3 бола нимадир еб ичиши ва нималардир кийиши керак. Уйга ширинлик нари турсин, оқ ун кирса ўзимизни бойдек ҳис қиламиз. - Ёғ ва ун бўлса оч қолмаймиз, деган ёзилмаган қонун бор. Уйга гўшт кирмай қўйганига анча бўлган. Бундай ширинликларнинг қадоғини ўртоқларимнинг китоблари орқасида кўраман ва бир тамшаниб қўяман. Онамнинг сумкаси У доим мени ўзига тортган. - Сумкамни ковлама, деб неча марта айтай сенга, деган койишни минг маротаба эшитган бўлсамда, ҳар гал онамнинг сирли ифор таратган сумкаси мени ўзига чорлайверарди. - Қараб кўр, бугун балки бир нарса олгандир аянг, дерди у доим. – Кел, доим титкилайсанку, аянг сезмайди, менда бир нарсалар яшириб қўйилган. Ва мен яна бу алдовга енгилиб сумкани титкилашга тушардим. Ўқувчилар дафтарлари, кўзойнак, ручка, қалам. Ўқитувчи қуроллари. Ҳар гал ҳафсалам пир бўлсада, эртаси куни яна айни ишни такрорлардим. Ва буни нафақат мен балки укаларим ҳам бир биримиздан яширган куйи қилардик. 😊 Бир кун кечки овқатни биргаликда еб бўлгач, ҳеч кутилмаганда онам: - Сумкамни олиб кел, - деб қолди. Ҳали сумкани титиб улгурмаганим боис югуриб бориб сумкани олиб келдим. Онам ичидан шоколадли вафли чиқарди. Қизил, устига сариқ, қизил ёзувлар билан ülker Çikolatali gofret деб ёзилган. 1 дона. Секин очди ва унинг ҳиди худди дунёни тутиб кетгандек бўлди. Пичоқ билан 4 бўлакка бўлди. Ўзига жуда кичик парча қолдирди. Бу шундай катта бахт эдики, дунёга сиғмасдим. Бир томондан нафсим қитиқлар, бошқа томондан кейинги ойгачан пулимиз етмай қолишидан хавотир ичимни эзарди. - Ая, қанча экан? – дедим ҳамон ютқиниб. - 5 сўм. 5 сўм биттагина шоколадли вафли учун қиммат эди. Бир дона тандир нон 8 сўм эди ўшанда. - Ўйлама сен уни, эртага Худо пошшо, деди онам. 3 бола вафли қоғозини топ тоза қилиб ялтиратиб яладигу, кейин ким бу қадоқни китоби орқасига қўйиб синфдошлари олдида мақтанишини талашдик. Ва бу имконият яна аразчи укамга берилди. Ора-сира онам бу вафлидан 1 дона олиб келадиган ва тўртовимиз бўлиб ейдиган бўлдик. Ҳар гал, ҳеч истисносиз ҳар гал бу шоколадли вафли мени айнан ўша қишлоқ уйимизга, пичоқ билан 4 бўлакка бўлинган ва 1 бўлаги бошқаларидан кичикроқ бўлган дастурхон бошига, ҳали ёш онам, ҳали кичик укаларим ёнига олиб кетади. Ўша пайтлар бир куни пулимиз кўўп бўлиб ҳар биримизга биттадан шоколадли вафли ола олишимизни орзу қилганларимизни ёдга солади. Бугун бу шоколаддан 6 дона олдим. Ва ўтирдиму, ўша кичик қиз Мадина бўлиб бир бутун шоколадни паққос туширдим. Мен буни ҳар сафар бу вафлини кўрганимда қиламану, аммо ичимдаги армон кетмайди. Чунки ортиқ 4 киши бўлиб бир дастурхон бошида тўпланолмаймиз ва ўша пайтлар орзу қилганимиздек, ҳар биримиз биттадан шоколад олиб ея олмаймиз. Муаллиф: MadinaZarif
Давоми... Аммо икки ҳайдовчи бизнинг соқолли шоввозни эплай олишмади. Шунда можарога ногирон ва қариялар ўриндиғида ўтирган отахон аралашди. Бу ёшдаги нуроний отахондан шахсан мен кутмайдиган муомала кўрсатиб, соқолли дўстимизга "омаэ" деб мурожаат қилди. Япончада ҳатто "сен" сўзининг бир нечта варианти бўлиб, вазият ва танишлик даражасига қараб белгиланади. Яъни, танимаган одамга "омаэ" деб одатда фақат якузалар мурожаат қилади. Буни эшитган соқол телефонини қарияга йўналтириб, бир нималар дея кетди. Мен бироз ҳавотир билан у ҳозир қарияни дўппослай бошлайди, деб кута бошладим, ҳайдовчилар полиция чақиргандир, деб умид қилдим. Соқолли фуқаро қарияни дўппослай бошласа, ҳайдовчилар аралашар, деган умид ҳам уйғонди. Бутун автобус бу можарони ҳайрат билан кузатар эди. Шу пайтда орқадаги автобуснинг ҳайдовчиси йўловчиларни ўз автобусига ўтказди. Мен ва бир нечта ёш яланг иккиланиб қолдик: орқадаги автобусда кетсакми, ё воқеалар якунини кузатсакми. Мен кўп ўтмай уйга қайтишга қарор қилдим, ёшлар эса қолди. Автобусимиз ўрнидан қўзғалгач, қолган автобусдаги воқеаларга сўнгги назарни солдим. Соқолли кепкали шоввоз бир қўлида телефон, иккинчи қўлининг бармоғини бигиз қилишда давом этар эди... #МенБилганЯпония #Токио @profsherzod
Катта Японияда ҳам кичик кўнгилсизликлар бўлиб туради Охирги икки кунда ғалати, олдинлари Японияда кузатмаганим воқеалар юз берди. Биринчиси: якшанба куни бир ёши катта профессор билан учрашиш учун машинада Йокоҳамадан Кунитачи томон чиқдик. Йўл жуда тирбанд эди, аммо буни якшанбалигига йўйдим. Ҳамма денгиз бўйига отлангандир, маъносида. Аммо тирбандликда ярим соат тошбақа тезлигида судралиб юргач, унинг сабабини тушундик: йўл ўртасида уч машина иштирокида авария юз берган экан. Шу пайтгача мен Японияда авариялар камдан-кам бўлади, деган тушунчага эга эдим. Аслида ҳам шундай. 125 миллион аҳоли яшайдиган, йўлларида салкам 80 миллион машина юрадиган бу давлатда бир йилда йўл-транспорт ҳодисаларида 3,000 дан кам одам нобуд бўлади. Масалан, 2025 йил давомида бор йўғи 2,547 одамгина йўлларда ҳалок бўлган, бу эса рекорд паст кўрсаткич. "Бор йўғи 2,547" киши деган статистика сизларга эриш туюлар, аммо бу ростанам жуда жуда паст рақам. Масалан, аҳолиси ва машиналари сони Японияникидан анча кам Францияда йилда ўртача 3,000 дан кўп одам ўлади, АҚШда эса йилда бу статистика одатда 35,000-40,000 га тўғри келади. Шундай бўлсада, бундай одатда жуда тинч давлатда ҳам авариялар бўлиб туриши аниқ. Кеча кўзим билан кўрдим. Бугун кечқурун эса ўзим яхши кўрадиган Такаданобаба маҳалласида китоб дўконини айланиб, овқатланиб, қайтиш учун Уэно паркига борадиган ва менинг ётоғим олдидан ўтадиган 69-автобусга чиқдим. Бир неча бекатдан сўнг ёнимдаги ўриндиққа спорт кийимини кийиб, кеч бўлишига қарамай қора кўзойнак таққан, узун оқ соқолли бир инсон келиб ўтирди. Шу пайт айдовчи микрофонга "Чемодан эгаси, илтимос уни ёнингизга олинг" деб эълон қилди. Қора кўзойнакли "чол" бутун автобус эшитадиган қилиб "Чемоданнинг ғилдиракларига тормоз қўйганман!" деди. Ҳайдовчи ўзиникида турволди. Соқолтой ҳам эгардан тушмади. Ҳайдовчи автобусни ўчириб қўйди. Соқоллик эса унга кўча тилида "Нима қипти, чемоданим билан нима ишинг бор, автобусингни ҳайдамайсанми?" деган гап қила бошлади. Яъни, автобусдаги ўртача ҳарорат тўсатдан кўтарила бошлади. Тошкентда бундай вазиятларни кўп кузатганман, йўловчи билан муштлашиб кетган трамвай кондукторини ҳам кўрганман, аммо Токио учун бу ажойиб тарзда янги вазият эди. Қизиқиш билан воқеалар ривожини кузатишда давом этдим. Улар эса қисқа муддат ниҳоятда қизиқ ривожланди. Ўдағайлаб турган қора кўзойнакли соқолтой шаҳд билан ҳайдовчи кабинасига яқинлашиб, чўнтагидан телефонини чиқариб, "Автобусдан тушиб кетинг!" деб талаб қилаётган ҳайдовчини видеога ола бошлади. Қизиғи, камерасини ёққач, кўзойнакли соқолли инсоннинг муомаласи жуда юмшади, мулойимлашди. Ўзини видеотасвирда ниҳоятда тарбияли инсон, жамиятнинг виждонли аъзоси сифатида кўрсатгиси келди, чоғи 😅 Баҳс яна бир неча дақиқа шу тарзда давом этди. Жуда қаттиқ графикка кўра ишлайдиган Токио автобуси бўлгани учун, соқолли йўловчи сабаб автобусимиз шубҳасиз графикдан чиқиб кетди. Буни биз кўп ўтмай орқамизга келиб тўхтаган яна бир 69-автобус ҳайдовчисининг бизнинг автобусга кириб келганидан билдик. @profsherzod
Токиодан қандай видеолар олай? Сизларга қандай видеоларни кўриш қизиқ бўлади? Токиога келган кунларим ёза бошлаган видеомни энди таҳрир қилиб, Ютубга жойладим. Видеода Токиодаги ҳозирги ётоқхонамда қаҳва ичиб ўтириб, бу гал нима сабаб Японияга келганим, бу ерда қандай тадқиқот қилишим ва энг муҳими—қандай видеолар олишни режалаштираётганим ҳақида гапирдим. Видео ўзи 4 дақиқагина, тез осонгина кўрилади. Мана бу ҳаволадан кўришингиз мумкин. Аммо сиздан илтимос шунчаки видеони кўриш эмас, балки менга Токиодан қандай видеолар кўришни хоҳлашингиз ҳақида комментарийларда ёзиб қолдиринг. Бу видеоларнинг барчасини бу ердалигимда жойлай олмаслигим аниқ, аммо SD-карталаримнинг барини тасвирга тўлдириб кетиб, Англияда аста-секин, сабр билан бирма-бир тайёрлаб жойлайвераман. Фикр-мулоҳазаларингиз менга жуда қизиқ ва муҳим! 😊🙏 #YouTube @profsherzod
Ҳеч қачон ўқувчи сони ортидан қувмаганман. Кўпроқ ўқувчи ўқисин деб, оммабоп мавзуларда ёзишга ҳам ҳаракат қилмаганман. Каналимнинг ўртача аудиторияга эга канал бўлиб қолишига шубҳа қилмайман. Мен ёзадиган мавзулар сенсацион эмас, турли видео блогерлар каби одамларнинг диққатини тортадиган нарсалар ҳақида на ёзув, на видео тайёрлайман. Тайёрлайдиган видеоларим бари жамиятнинг жуда кичик қатламига ёқади. Вҳк вҳк. Аммо каналим аудиториясини кузатиб, бир нарсага аҳамият бердим. Каналга ёзилганлар сони беш минг атрофида, аммо ҳар бир ёзувни минг киши, нари борса икки минг киши ўқийди. Яъни, бу агар бирон бир ёзувимни аудиторияси меникидан бир неча карра катта канал ўз ўқувчилари орасида тарқатмаса. Катта эҳттмол билан бу ҳозирги даврдаги информацион тўйиниш оқибати бўлса керак. Маълумот шунчалик кўпки, одамлар меникидек ҳафтада бир ёзадиган каналга ёзилиб ҳам, камдан-кам ҳолларда ёзувларини кузатиб боради. Кейинам, ихтисослашиш деган нарса ҳатто Телеграмдаги каналлар учун ҳам муҳим. Яъни, меникига ўхшаб "бир тоғдан, бир боғдан" келадиган, бир куни китоблар ҳақида, эртаси куни Токио метроси ҳақида ёзадиган тутуруқсиз каналлар муқим бир аудитория қозониши ҳам амри маҳол. Умуман олганда, шундай бўлгани ҳам яхши. Катта аудитория энг муҳими эмас. Ёзувларимни ўқийдиган минг эмас, юз кишининг борлиги ҳам ажойиб шарафдир. Бу ердаги фикрлар эса шунчаки мени ўқиётган (ва ўқимаётган) одамларни тушунишга бир уриниш эди холос 😅 @profsherzod
Глобал тарих ва бошқарув мавзусида тадқиқот қиладиган қалби қайноқ ёшлар—топширинглар! Ўтган йили мана шу пайт, июлнинг охирида, Неаполга илк марта боргандим. Бу шаҳарни бир кўришда севиб қолдим, дея олмайман, аммо бир неча кун туриб, нақадар ажойиб жой эканини кўрдим. Мана шу ниҳоятда бетартиб ва ниҳоятда гўзал жойда тўрт йил яшаш имконияти учун ҳам мана шу PhD дастурига ҳужжат топширишга тайёрман 😅 Аммо нафақат шаҳар учун, балки дастур ва университет учун ҳам топширса арзийди. Қизиқиб кўринг, четда PhD қилишни истаб юрган ёш тарихчи олим бўлсангиз, топширинг. Батафсил маълумотлар мана бу ерда. #Стипендиялар @profsherzod
Ингланд 1-2 Аргентина Яхши ўйин бўлди, а? 😅 Ингланд яхши ўйнади. Тактик сабабларга кўра ютқазди. Креатив ўйинчилари кўп жамоага қарши 60-дақиқадан ҳимояга бутун жамоа бўлиб ётволиш камдан-кам ҳолларда яхшилик билан тугайди. Жуда соддалаштириб юборсамда, футболда ғалаба эришиш омилларини муҳимлик даражасини мана бундай тизиш мумкин: 1. Тўғри танланган тактика 2. Жамоа бу тактикани тушуниши ва астойдил амалга ошириши 3. Ўйинчиларнинг индивидуал маҳорати Яна бир жуда содда гап бўлсада, масалан, Ўзбекистоннинг ЖЧдаги ўйини ва урган голларини асосан муҳимлик даражаси бўйича учинчи омил, ўйинчиларнинг индивидуал маҳорати билан тушунтириш мумкин. Бу дегани терма жамоамизда тактика йўқ эди, дегани эмас, аммо у кўпинча нотўғри танланди ёки амалга оширилишда хатолар бўлди (ўйинчиларимиз босим остида кўпинча кўрсатмаларни унутиб қўйишди). Ҳозир тугаган ўйинда Ингланд айнан биринчи омил сабаб ютқазди. Туҳелнинг калласида нима юз берганини билмайман, аммо биринчи таймдаги тактика иккинчи тайм бошида мева бергандан кейин, у Аргентинанинг ўйин даражаси биринчи таймдагидан кўп юқори бўлмайди, ҳимояни ушлашимиз керак, деган тактикага ўтди. Энг катта ҳатосиям шу бўлди. Хўш, нима қилиши керак эди, дерсиз? Ҳимояга ўтмасдан, иккинчи гол уришга уринавериш керак эди. #футбол #ЖЧ @profsherzod
Токиодаги ўқувчиларим диққатига! Кейинги жума куни, 24 июлда, кечки соат 5 да Кейо университетининг Мита кампусида каминангизнинг маърузаси бўлади. Маъруза ташкилотчилари: Кейо университетининг Шарқий Осиё тадқиқотлари институти. Маъруза мавзуси: Япония империяси даврида Сахалинга ишчи кучи сифатида жалб қилинган, аммо 1945 йилда советлар Сахалин оролини эгаллаб олишганидан кейин у ердан ватанига қайтолмай, қолиб кетган корейслар ҳақида. Билганингиздек, Корея тарихи бўйича мутахассис эмасман, аммо бундан бир неча йил олдин, қиш кунларининг бирида Россия Давлат архивида ишлаб ўтирганимда, кутилмаганда қўлимга тушган архив манбаларига асосланиб, бу кичик тадқиқотга қўл урганман. Шуни тақдим қилмоқчиман. Келолсангиз, бир оғиз комментарийларда ёзиб қўйинг. Манзил локацияси #Эълон @profsherzod
#ОйКитоби (июл 2026). Кен Лёу, "Қоғоздан ясалган ҳайвонот боғи" Анчадан бери китоблар ҳақида ёзишга вақт тополмаяпман (иш ва сафар билан, уларни ўқишга ҳам вақт кўп эмас). Аммо қолиб кетган ойларни аста-секин тўлдириб бораман. Кен Лёуни асосан "Уч тана масаласи" (三体) асарини инглизчага таржима қилган одам сифатида билишади, аммо унинг ўзи ажойиб фантастдир. Мен бу ҳикоялар тўпламини анчадан бери ўқимоқчи бўлиб юриб, Токиода ниҳоят қўлим етди. Лёунинг тасаввурига, у 15 ҳикояда яратган оламларнинг хилма-хиллигига тасанно айтмай иложим йўқ. Биргина китобни ўқиб, бу қадар хилма-хил таассуротлар оламан деб ўйламагандим. Ҳикоя жанрини бекорга шунча йилдан бери четлаб ўтиб юрган эканман, деб, яна бир ажойиб ҳикоянавис Тед Чиангнинг тўпламларини ҳам олдим. Ҳикоялар тарих билан келажак, фан ва адабиёт, шартли "Шарқ ва Ғарб" орасидаги чегараларни осонлик билан кесиб ўтади. Ўқувчини ҳайрон қолдиради, қўрқитади, қувонтиради. Мўъжизаларга ишонтиради. Хуллас, ажойиб тўплам, тавсия қиламан. @profsherzod
видео или голосовое, без подписи
Японияда ҳақиқий ёз энди бошланяпти. Ёмғирлар мавсумининг булутли кунлари тугаб, ҳарорат ҳар куни 30 дан ошяпти. Япониядаги 30ни Ўзбекистондаги 40қа тенглаштирса бўлади, менимча. Унинг устига, намлик жуда юқори бўлгани учун, Япония ёзи ҳамиша дим бўлади. Токио ёзи шунчалик димки, кечки 10 да ҳам салқинламайди. Кеча, масалан, югурмоқчи бўлдим. Аммо соат 9 да ҳам ҳарорт 26 даража эди. Шу сабаб ўша 5 километрни юриб қўя қолдим 😅 Бу ерда юравериб, ҳавосига ўргансангиз, Европа ёзи совуқ туюлиши тайин, бу йилги ёзни ҳисобга олмаганда, албатта. Чунки Англия ва бошқа Европа давлатларида кун қанчалик иссиқ бўлмасин, қуёш ботгач ҳарорат пастга ташлайди. Ёз келганини яна кечқурунлари пахтадан қилинган анъанавий кийимларни (юката) кийиб, музқаймоқ ялаб юрган ёшларнинг кўплигидан ҳам билиш мумкин 😊 #Токио #Ёз @profsherzod
Трампнинг Эрон урушлари ғалати оқибатларга олиб келаркан. Икки ойча олдин, Японияга келишимдан олдин, картошкадан қилинадиган чипс ишлаб чиқарадиган Калби концерни Эрон уруши сабаб Японияга чипс қадоқларини бўяшда ишлатиладиган бўёқлар етиб келмагани учун чипсларни оқ-қора қадоқда чиқаряпти, деган хабарни ўқиб, мийиғимда кулиб қўйганим эсимда. Эсимдан ҳам чиқиб кетган экан, аммо боягина меҳмонхона олдидаги дўконга кирсам, сотувда турган экан. Жуда чипс егим келган бўлмасада, сизларга кўрсатиш учун битта олдим 😅 @profsherzod
Кеча (якшанба куни), София университетида бўлиб ўтган Осиё тадқиқотлари конференциясидан чиқиб, бирдан метрога тушмадим. София университети (японча номи Жочи 上智 - худди юнонча номидагидек "юксак донолик" деган маънони билдиради) Йоцуя туманида жойлашган, у эса мен йиллар давомида келиб кетадиган ҳудудга киради. Шу сабаб, ёшликни эслаб, Ичигая-Иидабаши-Кагуразака томон пиёда юрдим. Кагуразака маҳалласи менга бошқача ёқади. Тепаликда жойлашган ("сака" ёки сўз охирида келганда "зака" япончада тепалик дегани), жуда "кетворган" маҳалла, деса бўлади. Кўчанинг икки тарафи ажойиб ва қизиқ дўкончалар ва ресторанларга тўла, кўчада яхши кийинган, ҳаётидан рози, топганларини lowkey кўз-кўз қилишдан ҳам уялмайдигани "яппилар" (YUPpie - young urban professional) ва шунга ўхшаш янги авлод вакилларига тўла. Бундай маҳаллалар Токиода ҳозирда кўпайган, улар бир-бири билан рақобатлашадигандек. Хуллас, Кагуразаканинг тепалигига кўтарилаётганимда бир манзарага кўзим тушди. Бош-оёқ кийинган ва рисоладагидек бўянган гейша такси кутиб турибди. Ҳа, гейша. Бу касб вакиллари (улар ҳақида олдинроқ ёзган ёзувимда батафсилроқ ўқишингиз мумкин) ҳануз мавжуд, Токиода ҳануз уларни турли тадбирларга таклиф қилишади, улар келиб одатда соатбай хизмат қилиб кетишади. Кўчада мендан ва ундан бошқа ҳеч ким йўқ эди. У йўлнинг четида ийманибгина такси буриб олишини кутиб турди. Юзидаги оппоқ бўёғи Японияни билмайдиган инсонга бироз ғалати кўринарди балки, аммо бу жамиятда асрлар давомида турли касб ва шахсиятлар уйғун яшаб келганини билсангиз, ҳайрон қолмайсиз. Ва энг муҳими - чўнтагингиздан телефон чиқариб, уни суратга ола бошламайсиз. Ҳурмат сақлайсиз. (Киотонинг машҳур гейшалар маҳалласи Гионда туристлар учун инглиз тилида "Илтимос гейшаларни рухсатсиз суратга олманг" деган ёзувларгача илиб қўйишган). Такси ҳайдовчиси машинасини тезда буриб олди, гейша ярим таъзим ҳолатида лип этиб машинага ўтирди, такси ўрнидан қўзғалди. Бу манзарани мендан бошқа ҳеч ким кўрмади ҳисоб. Бир неча юз метр нарида, Кагуразакада эса гавжум ҳаёт давом этаверди... #МенБилганЯпония #Токио @profsherzod
Ўзбек тилида чоп қилинаётган, ёки ўзбекчага таржима қилинаётган китоблар орасида “self-help”, яъни “шахсий ривожланиш” жанри асарлари кўплиги ҳақида кўп гапирилади. Менинг ўзим ҳам бу ҳақда снобларча бирнималар деганман 😅 Аммо бу жанрдаги янги нашрлар ўқувчиларнинг диққатини тортиши, кўп сотилиши сабабларини тушуниш қийин эмас. Фойдаси қанчалик, билмадим, аммо бу каби асарлар ўқувчиларга нафақат муваффақият ё порлоқ келажак, балки ўзларининг янги, яхшироқ версиясини яратишда “ёрдам” ваъда қилади. Юқоридаги суратда Япониянинг машҳур Цутая китоб ва бошқа медиа дўконидаги кўп сотиладиган китоблар ранкинги акс этган. У ерда суратга олиш мумкин бўлмасада, ўғринча тушириб олгандим 😅 Биринчи уч асар классик self-help китоблари: яхши одатлар, талабалик давримда шунча пул тўпладим, “пул топиш” университети. Рўйхатдан маълум бўладики, шахсий ривожланиш жанри асарлари машҳурлиги нафақат Ўзбекистон китоб бозоридек нисбатан янги бозорлар, балки Япониядагидек анча тўйинган бозорларда ҳам авжида. #Китоблар @profsherzod
Бугун Твиттерда бир мулоқотга кўзим тушиб қолди. Келиб чиқиши турк бўлган, ҳозирда менимча Европада яшайдиган бир фойдаланувчи ўзбекистонлик бошқа бир фойдаланувчининг "биз ўзбек халқимиз" деган гапига "ўзбек дегани турк дегани" деб жавоб бергани диққатимни тортди. Бу вазиятга кўп дуч келганим учун, шу ерда фикрларимни ёзгим келди. "Турк" билан "туркий" айри тушунча эканини, иккинчиси биринчисидан кенгроқ эканини биламиз. Ана, тилимизда булар фарқли бўлгани учун ҳам айнан икки сўз билан ифодаланади. Бу фарқ инглиз (Turkish/Turkic) ва рус (турецкий/тюркский) тилларида ҳам мавжуд бўлиб, икки алоҳида сўз борлигида кўрилади. Шунга қарамай, қардошларимиздан баъзилари ўз тилларида бу тушунчаларни бирлаштириб, иккаласига нисбатан ҳам бир сўз: "турк" сўзини ишлатишади. Такрорлаб айтаман: баъзилари, барчаси эмас. Турк тилида булар икки сўзми ё бир сўзми, рости, билмайман. Турк тили билгим у қадар кучли эмасдир. Аммо бу вазиятга жуда кўп гувоҳ бўлганман. "Қаерликсан?" деб сўраган турк қардошларга "Ўзбекман/Ўзбекистонликман" деб жавоб берсанг, жуда кўп вазиятларда "Сен ҳам турксан" дейишади. Олдинлари бу ёндашувга енгил қарардим. Ўзига яқин оляпти қардошларим, фарқларимизга эмас, умумийликларимизга урғу беряпти, бунинг нимаси ёмон, дердим. Балки буларнинг тилида булар бир сўздир, балки булар билмасликдан иккаласини бирлаштириб юбораётгандир, деб яхши гумонга ҳам борардим. Аммо охирги пайтларда бу гумонга шубҳа ҳам аралашмоқда. Бундай "бирлаштириш" шунчаки ўзига яқин олиш, ё лингвистик чалкашлик эмас, онгли ёндашув бўлсачи? Марказий Осиё тилларини ҳануз "қозоқ туркчаси," "ўзбек туркчаси" деб атайдиган пантуркистлар йўқ эмаску. Албатта, бундай ёндашув барчада эмас. Яна бир бор такрорлаб айтиш керак, барча турклар бундай фикрламайди. Аммо бу ёндашувдан бизга таниш империявийлик ҳиди келишини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Шу сабаб, менга "Сен ҳам турксан," дейишса, "Мен турк эмас, туркийман," дейман. Миллатчилик қилиш мақсадида эмас, аниқлик киритиш мақсадида айтаман. Икки йилча олдин Истанбулдаги японшунослик конференциясида бир турк японшунос домла билан бу мавзуда узоқ гаплашгандим. Баҳслашгандим, дея олмайман, аммо суҳбатимиз қизғин тусга киргани эсимда. Дўстона, аммо қизғин. Туркчам мукаммал бўлмагани учун, унга ўз фикримни етказиб бера олмаяпман, деган шубҳа сабаб, инглизчага ўтганим эсимда. Баъзан ўйлаб қоламан, бундай ёндашув биз собиқ империяларнинг ҳозирги вакилларига ўша империя тилларида гапирганимиз учунмикин, деб? Туркларга турк тилида гапиришга уринамиз, яқинлигимизни кўрсатиб, русларга русча. Балки барчага бир хил инглиз тилида гапирилса, ёндашув ҳам ўзгарар? Шу орада "бирлаштирувчи" империялар тарихидан бир мисол қистириб кетсам: Корея ярим оролини 1905 йилдан бошлаб мустамлакасига айлантирган Япония империясида ўтган аср бошларида "найсен иттай" (内鮮一体), яъни "Япония ва Корея一бир бутун" деган мафкура агрессив шаклда олдинга сурилган, айниқса мустамлака Корея халқи орасида. Яъни, аслида биз бирмиз, маъносида. Бу гапим билан асло Туркия туркий давлатлар орасида шундай қилмоқчи, демоқчи эмасман. Шунчаки, бирликка урғу бериш ҳамиша ҳам самимий ва биродарлик туйғулари билан қилинмайди. Бошқалар учун улар кимлигини ҳал қилиш империявийликнинг бир кўринишидир, гарчи буни қилаётган одам онгли равишда шундай қилмаётган бўлсада. Бу ишни асрлар давомида империялар бажариб келган. Империяларга келсак, улардан бирини йиллар давомида ўрганган одам сифатида шунга аминманки, биз ҳануз империялар қурган дунёда, уларнинг қолдиқлари устида яшашда давом этяпмиз. Мустамлакачилик даврининг қолдиқлари эса ҳамма жойда бизни қуршаб туради. Бу ҳақда ҳали алоҳида ёзарман. #ТилгаЭътибор #ТарихчиКундалиги #Мулоҳазалар @profsherzod
Ёпилишига оз қолган супермаркетда саккизоёқ арзон бўлибди 🐙 Ўзи супермаркетлар кунлик сотилиши лозим бўлган тайёр ё ярим тайёр овқатларни кеч тушгач арзонлаштиради. Кечки 9дан кейин ишдан қайтаётган, уйида балки тайёр егулиги йўқ хизматчилар кўпинча шундай нарсаларни олишаётганини кўраман. #Токио #МенБилганЯпония #ОнаТабиат @profsherzod
Кеча Токионинг машҳур хусусий университетларидан бири Кейо университетида семинарда бўлдим. (Кейо тарихи антиқа, вақт топиб бу ҳақда видео қилиш ниятим бор). Одатда бундай семинарларга бир гуруҳ домла ва магистр/докторантлар келади, битта-яримта ўқишни яхши кўрадиган бакалавр ҳам келиши мумкин. Семинар тугагач, ҳамма кечқурунги овқатга боради. Охиридаги тўлов ҳам демократик: талабаларга одатда тўлатишмайди, тўловнинг асосий қисми домлаларга қолади. Ана шундай овқатда ёнимда Хитойдан келган бир бакалавр ўтириб қолганди, бироз суҳбатлашдик. Инглизчада яхши гапиролмайман, япончада гаплашайлик деди. Йўқ, инглизчада гапир дедим. Қийналиб бўлсада, гапирди, унчалик ёмон эмас экан инглизчаси (япончаси жуда зўр эди). Бироздан кейин қайси йўналишда ўқийсан, десам, тарих деди. Бир китоб тавсия қилдим, шуни ўқи вақт топиб деб. Бугун эрталаб ана шундай ташаккурнома юборибди 😊 Ўқишни яхши кўрадиган ва интилувчан талабалар бор бўлсин! #Университетлар #талабалар #Токио @profsherzod
🇫🇷 Шенгенская виза, Франция и произвол с колониальным запахом В 2023 году я поднимал проблему, с которой сталкивались многие тысячи наших соотечественников. Это невозможность попасть в очередь на получение Шенгенской визы. В визовых центрах царила открытая коррупция: места в очереди спокойно продавали на Olx.uz, по Телеграму и в других местах. После этого несколько посольств поменяли свои визовые центры, и стало лучше. Но ненадолго. Недавно мы узнали, что бывший посол Италии в Узбекистане Пьергабриеле Пападиа де Боттини и его помощница Татьяна Тараканова задержаны в Риме по делу о незаконной выдаче шенгенских виз через посольство Италии в Ташкенте. Так вот, когда господин де Боттини был в должности в Ташкенте, такса за место в очереди в посольстве Италии составляла 200$. Брали эти деньги местные сотрудники, и это знали все. На днях мне пришлось столкнуться с работой визового центра TLS Contact, услугами которого пользуется с марта этого года посольство Франции в Республике Узбекистан. К слову сказать, получить место в очереди, чтобы подать визу - обычному человеку совершенно невозможно. Слотов нет никогда, их можно ловить месяцами и не поймать. Некоторые люди прибегают к услугам "программистов". Это люди, которые настраивают специальные программы-парсеры, и занимают слоты автоматически. Это обходится в 150-200$. Лично мне предлагали несколько раз купить место напрямую у сотрудников TLS Contact - за 500$. Говорят, что сейчас можно купить хоть на завтра. TLS Contact - это обыкновенная ООО. Директором там указана некая Ирина Васильева. Очень интересно, знают ли об этом в посольстве Франции? Возможно и знают, но боюсь, что им все равно. Одно дело учить отсталую страну третьего мира, как бороться с коррупцией. Другое дело - бороться с коррупцией в своей системе. Окей, это еще не всё: На днях мне удалось попасть на подачу документов в TLS Contact в качестве участника деловой делегации. Но я столкнулся с тем, что эта организация, осуществляющая деятельность в качестве коммерческого юридического лица на территории Узбекистана, и под юрисдикцией Узбекистана - прямо нарушает права наших граждан. Как будто издевательства с очередью недостаточно. Сотрудники охраны требуют не пользоваться мобильными телефонами: причем речь не о фото или видео, а просто об использовании Интернета и звонках. Сотрудники TLS Contact сообщили мне, что таков приказ Франции. Но Франция не имеет юрисдикции над территорией Узбекистана, и ее приказы не могут противоречить законодательству Узбекистана. А они противоречат. Согласно статье 21 "Закона о правах потребителей", условия договора, ущемляющие права потребителя и противоречащие законодательству, признаются недействительными. Запрещается включение в договор условий, ущемляющих права потребителей, предусмотренных законодательством. Согласно статье 13 Закона РУз "О конкуренции", хозяйствующим субъектам занимающим доминирующее положение, строго запрещено совершать действия, которые приводят к ущемлению прав и законных интересов других лиц (потребителей). А в данном случае TLS Contact является не только доминирующим, но и монопольным провайдером услуг. Я ответил на один телефонный звонок, и не стал демонстрировать охраннику свой телефон, как он того просил. Потому что это мое законное право. Из-за этого визу я получил со штрафными санкциями. Которую Республика Франция может у меня легко забрать, пожалуйста. Она мне не нужна. Приезжайте лучше к нам, мы ждем вас в Узбекистане, и отношение будет совсем другим. У нас для вас - visa free. А у вас для нас - коррупция, очереди и нарушение наших прав. Очень хотелось бы, чтобы Комитет по развитию конкуренции провел всестороннюю проверку деятельности TLS Contact и соответствия их правил законодательству Узбекистана. Ну и организации, которые борются у нас с коррупцией - пожалуйста сделайте контрольную закупку в TLS Contact, многое прояснится. @makarenko_channel
Конференциялар ҳақидаги видеонинг "шорт" вариантини каналга жойладим. Шорт видеоларнинг нақадар фойдали эканини тушунаман, кўпчилик телефонини қўлда тутиб ё бир жойга тираб қўйиб (яъни, тик ҳолатда) видео кўришини ҳам биламан. Аммо шахсан мен учун узун форматли, горизонтал кўринишдаги видеолар ёқади, Ютубда шортлар оммавийлашиши, ростини айтсам, менга унча ёқмайди. Нимаям дердик, замонанинг зайлида энди буям. Шу сабаб, мен ҳам шорт жойлайман каналимга. Сиздан фақат кўриб, фикр билдириш 🙏😊 #YouTube @profsherzod