- Последний пост
- 14 авг.
- Последнее чтение
- 15 авг.
- Постов за неделю
- 11
- Всего постов
- 41
- Тип
- открытый
- Язык
- узбекский
- В каталоге с
- 13 авг.
- 1/24сутки в ленте
- 34
- 1/48двое суток
- 38
- 1/72трое суток
- 42
Оценка по просмотрам недавних постов: пост набирает почти всё за первые сутки.
Посты
БИЗГА НЕ БЎЛГАН? Уй эмас қасрда яшайсиз беҳол, Митти юрагингиз ташвишга тўлган. Қанчалик уринмай қийнар бир савол: Айтинглар, одамлар, бизга не бўлган? Қоғозли қандларни кўрганмиз тушда, Қиммат оёқ кийим армон бўлган рост. Меҳнатни қилганмиз тушдамас ҳушда, Қалбимиз забт этган муҳаббат, ихлос. Чироқнинг нурида ўқирдик китоб, Тандирнинг қўрига кўмардик пиёз. Саратон чиллада урмасди офтоб, Қўрқитмасди иссиқ, қаҳратон, аёз! Кашта тикар эди опалар ёниб, Акалар далада урарди кетмон. Ариқнинг сувидан ичардик қониб, Тушимга киради нимча-ю чопон. Бугун барча нарса етарли, тайёр, Замона бир гўзал, даврона кулган. Аммо кўнгил маҳзун, ёқмас шўх алёр, Айтинглар, одамлар, бизга не бўлган? Муҳайё НАЗАРОВА 13.08.2026 http://t.me/+6usQLlnsX9U3ZjFi
“Ҳар кимсанинг бор ўзин иши, Бола-чақа рўзғор ташвиши. Ўтиб кетар баҳор-у қиши, Ўзимиздан ортмай қоляпмиз...” Шеърдан Ҳар кимсанинг рўзғори бор, деб, Битта гапни ушлаб оляпмиз. Жуда катта сабаб топганмиз: “Ўзимиздан ортмай қоляпмиз!” Кўз очгандан қўлда телефон, Эҳ, кўп вақтни сарфлаймиз унга. Гапни гапга улаб кундузи, Суҳбатимиз тақалар тунга. Қўшни ҳолин сўрашга дейлик, Кетар балки жуда кўп фурсат. Телефонда олис дўстларга, Уч-тўрт лаҳза етади фақат. Эслаб қўйинг, қадрдонларни, Сўранг аҳвол, сўзлашинг бир дам. Овозингиз балки малҳамдир, Соғингандир сизни жуда ҳам. Кеча кимдир бўлган дилхира, Аллакимнинг балки тоби йўқ. Ариқдаги сув мисол оқиб, Ўтаяпмиз, биз - отилган ўқ! Пули камга кўпроқ пул керак, Бойлар яна бойишни истар. Эшигида моли йўқ қолиб, Қўш ҳовлилик ҳамиша мистар. Сўзласам гар атроф тўла дард, Ташвишни биз "сотиб оляпмиз". Ниқоб қилиб олганмиз шуни: Ўзимиздан ортмай қоляпмиз. Эртага не бўлар, билмайман, Қиммат кийим қолар зорманда. Вақтингиз бор, эсланг, шошилинг, Афсус қилиб қолманг армонда! Муҳайё НАЗАРОВА. 14.08.2026.
#янги_ой_эълони #ҳижрий_1448_йил 🌙 Фалакий ҳисоб-китобларга кўра, ҳижрий 1448 йил Рабиул-аввал ойининг 1-куни 2026 йил 14-август жума кунига тўғри келмоқда. 📿 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги чиққан ойни кўрсалар шундай дуо қилардилар: "اللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالْيُمْنِ وَالْإِيمَانِ وَالسَّلَامَةِ وَالْإِسْلَامِ رَبِّي وَرَبُّكَ اللهُ" ✅ Ўқилиши: "Аллоҳумма аҳиллаҳу алайна бил-юмни вал-иймани, вас-салаамати вал-Ислами, Роббий ва Роббукаллоҳ”. 🤲 Маъноси: "Эй, Аллоҳим! Бу ойни бизларга барака ва имон, саломатлик ва Ислом ойи қилгин! Эй, ҳилол, менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳдир!". ✅ Яқинларингизга ҳам эслатинг: @diniysavollar
Қўлин узатишса ишониб сенга, Орзуманд бўлишса ҳар лаҳза, ҳар кун. Бепарво кетмагин риё отида, Пайтики сўрови қилмасин маҳзун. Муҳайё НАЗАРОВА. 2.06.2025. Наманган.
ОПАЖОНИМ ҚАЙДАСИЗ? (Дугонам Ўрингулга) Тўй бошлади тенгдошлар, мана, Дўсту ёрлар бўлар парвона. Менинг дилим ўртанар ёна, Опажоним ёнимда йўқсиз. Совчиликка бордим, ёр - Худо, Кўзим кулар, юрагим адо, Менга бўлган доимо фидо, Опажоним ёнимда йўқсиз. Кунда минг бор эслайман ёниб, Соғинчлардан, армондан тониб, Яшаяпман Ҳаққа ишониб... Опажоним ёнимда йўқсиз. Ўрнингизни босар жигарлар, Онасидай севиб, ардоқлар, Сочларимда кўпайди оқлар, Опажоним ёнимда йўқсиз... Муҳайё НАЗАРОВА
МУҲАЁ НАЗАРОВА ======================= Шеъри! ОПАЖОН ҚАЙДАСИЗ ======================= АПАЧ,ОН - ДАРКУЧ,ОЕД ======================= Сар карда тўй тўйёна дугона, Дўст ёрон шудан зи тўй парвона. Валек ин дили ман оташ сухта, Назар карда апач,он дар куч,оед. Хостгори ман бирафтам эй Худо, Бо, ч,ашмони ханда, дилам адо. Вақти азиз ба ман буд ч,он фидо, Назар кардам Апач,он дар куч,оед. Дар як рўзе, ҳазор борҳо интизор, Зи армонҳою ғам ғусса беқарор. Зиндаги дорам бо ҳукми Худоёр, Назар кардам апач,он дар куч,оед. Дар атрофам хоҳару хеш додар, Маро мепайфандан мисли модар. Зи мўи сиёҳам пайдо шуд сафедор, Назар кардам апач,он дар куч,оед. ======================= Муҳайё Назарова шеъри. Опажоним Қайдасиз? Ўзбек тилидан Тожик тилига таржимаси. Таржимон шоир Бобо Садоий! 09.12.2023.йил: Тошкент шаҳри. =======================
Дунёда абадий қолмайсан инсон, Аччиқ бу ҳақиқат аёндир дилга. Шундайин яшаб ўт даҳру дун узра, Номингни ҳар лаҳза олсинлар тилга.
ТАТАББУ Эндигина туғилгандайман. Абдулла Орипов Аллалайди ҳар тун юлдузлар, Тушларимда орзум куйлайман... Ҳар тонг қуёш ўпиб ўйғотар, Эндигина туғилгандайман. Бўйимга тенг боламнинг бўйи, Унинг бахтинг ҳар он ўйлайман. Кенг дунёга қулочим ёйсам, Эндигина туғилгандайман. Мактабга чиқмоқда набирам, Дилига юрт ишқин жойлайман. Бахтимдан шод, масрурман ва лек, Эндигина туғилгандайман. Тош ойна англатар ўзимни, Кексаликка секин бўйлайман. Юрагим ҳар лаҳза бўйсунмас, Эндигина туғилгандайман. Муҳайё НАЗАРОВА. 30.06.2026 http://t.me/+6usQLlnsX9U3ZjFih
КЎКСИМНИ КУЙДИРАР... Кимсанинг сийрати топмаса баҳо, Билган ҳам ўзини тутса бепарво, Илми йўқ зоҳидга қилса иддао, Кўксимни куйдирар алам, изтироб. Муғомбир кимлигин яшириб турса, Риёкор ўзини пок санаб юрса, Покдиллар назардан четга сурилса, Кўксимни куйдирар алам, изтироб. Салому аликнинг иззати битса, Оқибат ҳасратдан бош олиб кетса, Золимнинг қудрати мазлумга етса, Кўксимни куйдирар алам, изтироб. Истеъдод топмаса эъзозу камол, Риёга айланса ҳар лаҳза амол, Гарчи ҳақ сўзимни олсангиз малол, Кўксимни куйдирар алам, изтироб. 5.08.2026 Муҳайё НАЗАРОВА. http://t.me/+6usQLlnsX9U3ZjFi
Марҳамат қилинг, дўстлар
без подписи
Осмон юлдузларимизни олиб қўйган кун Бундан 47 йил олдин, 1979 йил 11 август соат 13:35 да Украинанинг Куриловка қишлоғида тўй бўлаётган эди. Айнан меҳмонлар ўтирган тўй дастурхони устига осмондан аввал “қора дўл”, кейин эса инсон танасининг бўлаклари туша бошлади... Айримларнинг мазаси қочди, одамлар ваҳимада ерга тиз тушиб, ибодат қила бошладилар. Даҳшат! Украинанинг Днепродзержинск (ҳозирги Каменское) осмонида икки самолёт диспетчерларнинг айби билан тўқнашиб кетди — бортларни кузатган диспетчер эндигина 2,5 ойлик тажрибага эга ёш кадр эди. 178 киши ҳалок бўлди. Улар орасида Минскнинг “Динамо” клуби билан учрашувга кетаётган Тошкентнинг “Пахтакор” футбол жамоасининг 17 нафар аъзоси ҳам бор эди. Ўша йиллари “Пахтакор” жамоаси жуда кучли таркибда бўлган, СССР кубогига асосий даъвогарлардан саналган дейишади. Ҳар ҳолда, клуб тарихидаги энг кучли таркиблардан бўлгани баҳссиз. Ўзбек футболининг олтин авлоди — юлдузлари осмонга юлдуздек сочилиб кетди ўшанда. Бир неча кундан сўнг, аниқроғи, 17 август куни марҳум пахтакорчиларнинг жасадлари қора тобутларда Ўзбекистонга келтирилди. Бутун халқ ўз қаҳрамонларини кутиб олгани кўчага чиқди — аэропортдан то дафн маросими бўладиган Боткина қабристонигача кўчалар мотамдаги ўзбекистонликлар билан тўла бўлган экан. Ўша пайтларда матбуот бу фожиа ҳақида ортиқча гапирмади: битта кичкина хабар, битта некролог берди. Лекин дафн маросимида юз минглаб инсонлар қатнашди. Ўзбекистон бир неча кун мотамга чўкди. Ҳаёт давом этади. Шафқатсиз ҳақиқат шудир. Футбол матчлари жадвали бўйича кейинги ўйин 23 августда Ереваннинг “Арарат” клуби билан бўлиши керак, жамоанинг эса асосий таркиби йўқ эди. Клуб зудлик билан бутун Иттифоқ бўйлаб жамоа тўплашга киришди ва Арманистонга янги таркиб учиб кетди. Кейин эса Тошкентда янги таркибдаги “Пахтакор”нинг илк учрашуви бўлди. Бу матчда стадион одамга тўлиб-тошди. Учрашув бошланишидан олдин хотира дақиқаларида марҳум пахтакорчиларнинг номларини бирма-бир ўқиётган сухандон қиз рўйхат ярмига келганда йиғлаб юборди. Бутун стадион унга қўшилди... Ўзбек футболи мухлислар, бутун халқ бирдамлиги ва далдасига таяниб, бу қийин кунларни яшаб ўтди. Фақат юракларда кетмас қайғу қолди. Буни шоир Усмон Азим “Стадион” шеърида жуда аниқ ифодалаган: Ёмғирлар қуяди. Қор ўтар ёғиб... Мен-чи, топганим йўқ, ҳануз юпанч сўз. Шаҳар ўртасида фалакка боқиб, Киприк қоқмай ётар Умидвор бир кўз. “Пахтакор” стадионининг шаклини йиғлаб, ўз фарзандларини кутиб осмонга қараб турган кўзга ўхшатилиши жуда зўр топилма бўлган. Шоири Азимга тасанно! Футбол — шунчаки ўйин эмас. У умуминсоний қадриятларни, ҳамдардликни ва инсон ахлоқини улуғловчи буюк ғоядир. Постнинг айнан 13:35 да эълон қилинишида ҳам рамзий маъно бор. Уларни яна бир бор эслайлик.
без подписи
БАХТНИНГ ФОРМУЛАСИ. Бахтнинг формуласи узундан узоқ, Уни ўрганмоқлик қийинмвс мутлоқ, Хаёлни бир жойга қўй ёд ол дарров, Уни ўрганмайди сен учун биров. Энг қисқа йўли шу тонг саҳар туриб, Аллоҳга саждага қолгин улгуриб, Сўнгра эса боқиб нурли дунёга, Қалбингни тўлдиргин нуру-зиёга, Таниш-нотанишга улаш табассум, Бахтга эришасан йўқолар қайғунг, Бахтнинг формуласи шунда азизим, Шундай бахтга йўлиқсин ҳар ким... Нор Муҳаммад Ҳожи. Август 2026 й.
2007 йил. 1 июнь. 9-синф ўқувчиларидан оғзаки имтиҳон олаяпман. Ўқувчилар 5 нафардан кириб, билет олиб, тайёрланиш учун бир оз ўтиришади. вақтларда билсангиз, имтиҳон олинадиган синфнинг синф раҳбари имтиҳон олувчи ўқитувчиларга тушлик ташкил қиларди. Столда 2-3 тарелкада ширинликлар, конфетлар, газли ичимликлар, чой-пой қўйиларди. Шукур, ҳозир бу ишларга чек қўйилди. Хуллас, икки нафар ҳамкасбим билан имтиҳондаман. Стол устида айтганимдай, 2-3 хил ширинликлар, янги чиққан мевалар, газли ичимликлар бор. Ғалати-а. Биз бу ерда оғзимизни "ширин" қилиб ўтирсаг-у ўқувчилар бизга қараб имтиҳон саволларига тайёрланишса. Аввалги сафар ҳам, кеча ҳам шу ҳолга гувоҳ бўлгандим. Бошқа имтиҳонларда ҳам манзара шундай эди. Йўқ. Бўлмади. Болажонлигим тутиб кетди. Қолаверса, бугун байрам- 1 июнь- болалар куни. - Бугун 1- июнь. Болалар куни. Сизларнинг байрамингиз. Ҳаммамиз бола бўлганмиз бир вақтлар. Қани, олинглар укажонларим,- деб имтиҳонга кирган 5 нафар ўқувчининг ҳар бирининг партасига тарелкалардаги ширинликлардан- кимга конфет, кимга печене, кимга икки донадан ўрик, кимга 4-5 дона гилос улашиб чиқдим. - Имтиҳон бир гап бўлар, муҳими, сизлар соғ бўлинглар. Сизлар бор- биз ўқитувчимиз. Сизлар бўлмасангиз кимни ўқитамиз, ким бизга маош беради,- дедим кулиб. - Ия устоз, бу нинаси бўлди,- деди синф раҳбар. 4 йил ўқитдингиз буларни, асабингизни бузгани қанча. Имтиҳонда яна эркалатаяпсиз,- деди норози оҳангда. - Майли, қўяверинг. Бугун байрам. Бир хурсанд бўлишсин болалар. Ҳали Худо хоҳласа, булар бир кишилар бўлиб етишсинки. Менга уларнинг буюк физик бўлиши муҳиммас, муҳими, буюк инсон бўлишсин,- дедим. Имтиҳонга кирган бошқа ўқувчиларни ҳам шундай сийладим... Футболда шундай қоида бор: ўйин эсдан чиқади, натижа қолади. Мен ҳам ўқувчиларнинг физика имтиҳонида олган баҳолари эмас, имтиҳонда уларни байрам билан сийлаганим бир умрга хотираларида муҳрланиб қолишини истагандирман, балки. Балки, шу ишим билан йил давомида бир оз асабимни бузган ўша тўпалончиларга "тарсаки" тушургандирман. Балки, яхши амалларда бардавом бўлиш кераклигини уқтиргандирман. Балки, ўқитувчилар ўқивчиларини ўзининг боласидек тенг кўришларини англатмоқчи бўлгандирман. Балки, бу ҳам тарбиянинг кичик бир эпизодидир, эҳтимол. Биз ҳаммамиз бир кун дунёдан ўтамиз: ким олдин, ким кейин. Одамлар бизнинг қанча яшаганимизни эмас, қандай яшаганимизни, қилган хайрли амалларимизни эслашсин. Ўйин муҳиммас. Ўйин бир кун тугайди. Натижа муҳим. Натижа қолади. Саломат бўлинг ва ўзингизни эҳтиёт қилинг. Эркинжон Ярашев
АЁЛ ИЛМЛИ БЎЛСИН. Аёлдадир улкан масъулият, Яхшиликка қилсин доимо ният, Фарзанд тарбияси энг буюк юмуш, Шу сабаб доимо лозимдир ўқиш. Ўқиб аёл олиб бермаса шаҳар, Шаҳар сўровчини тарбия этар, Шу сабаб аёллар саводли бўлсин, Мияси илм-урфон нурига тўлсин. Аёл таъминотин тўкис этингиз, Унга доим сара таом тутингиз, Аёл доно бўлса миллат ривожи, Уни камситмангиз ва ўқитингиз. Миллатнинг тақдири она қўлида, Илм ўрганмоқнинг бўлсин йўлида, Илмли ҳунарли бўлсин ҳар аёл, Миллат ривожланар топади иқбол... Нор Муҳаммад Ҳожи. Август 2026 й
Юртимизда электрон сигареталар тақиқланмоқда: Қандай натижалар кутиляпти? Маълумки, 2025 йил 27 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган эди. — Мақсад — болалар ва ўсмирларни, келажак авлодни, миллат генофондини, атроф-муҳитни янги тамаки ва никотин маҳсулотларидан ҳимоя қилиш ҳамда бунинг учун ҳуқуқий асосларни яратишдан иборат, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши кураш бўйича консультанти Шуҳрат Шукуров. — Қонун билан никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталар ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, юртимиз ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш тақиқланди. Бу қоидани бузган, шу жумладан, муомаласи (ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек мамлакатга олиб кириш, мамлакатдан олиб чиқиш) тақиқланган чекилмайдиган (тутунсиз) тамаки маҳсулотларини (носвойдан ташқари) муомалага киритадиганлар учун: ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бир бараваридан 200 бараваригача миқдорда маъмурий жавобгарлик; БҲМнинг 200 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди. Агар шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган тақдирда, мазкур шахс жавобгарликдан озод қилинади. Яна бир янгилик шуки, тамакини қиздириш тизимларини (оддий тамаки маҳсулотлари сингари) қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик учун: ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда маъмурий жавобгарликлар; БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди. Қонун аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирлар томонидан электрон сигареталарни харид қилиш имкониятини ва чекиш даражасини кескин қисқартиришга, пировардида, баркамол авлодни ўстиришга хизмат қилади. Эслатиб ўтамиз, қонун жорий йилнинг 1 март санасидан бошлаб кучга кирган.
**** Ватан мадҳи қаламимда, сўзимдадир, Юртим ҳусни кулиб турган юзимдадир. Шамсу қамар ўпиб тўймас диёримни, Аё, дўстлар, Ватан мани кўзимдадир. Бор вужудим ҳам нафасим ўзимдадир. Она халқим манзилгоҳи бўстон бўлар, Жумард жасур ўғлонлари достон бўлар, Ҳар куни бир туғилади Алпомишлар, Юрт шаънини асраган зўр инсон бўлар. Шу инсонга бахтнинг ўзи ҳар он кулар. Берунийлар бордир гўзал чаманимда, Темурийлар барҳаётдир масканимда, Осмонга тенг ўйлари бор Улуғбеклар, Ўзбекистон аталмиш ҳур Ватанимда. Она халқим, ота юртим чаманимда. Севаман мен тўпроғини жонимдадир, Юртим шаъни номусимда шонимдадир. Ардоқлайман ҳар бир зарра гиёҳини, Ватан менинг оқиб турган қонимдадир. Ватан менинг томиримда, жонимдадир. 3.07.2026 Муҳайё НАЗАРОВА
☀️ ХАЙРЛИ ТОНГ! Ассалому алайкум! Хафтанинг биринчи куни, Душанба тонги муборак бўлсин! Сиз ва бизларни соғ–саломат уйғотган Роббимизга ҳамдлар бўлсин! Ҳамиша Аллоҳнинг паноҳида бўлинг, Омийн.
Таълимда, тарбияда- тизимда нимадир қилиш керак. Акс ҳолда кеч бўлади. Балки, кеч ҳам бўлгандир... Ўқувчини урма, сўкма, ёмон баҳо қўйма, фақат яхши гапир.... Тарбия бундай бўлмайди. "Юмшоқ супурги"лик яхшиликка олиб келмайди. Биз- катталар болаларимизнинг инон- ихтиёрини билиб-билмай телефонларга топшириб қўйдик. Оқибатда ўқувчилар елкамизга чиқиб олди. Бугун эса уларни бошимиздан тушура олмай ҳалакмиз. Телефонни таъқиқламанг. Аксинча, ундан фойдаланиш маданиятини ўргатинг. Телефон биз учун ишласин. Биз телефон учун эмас... Экология ва атроф-муҳитни асранг, деб жар соламиз ўқувчиларга. Икки тийинга қиммат диктантлар оламиз улардан "она табиат", "онажоним табиат" деб. Деворий газеталар танловини ўтказамиз. Бир киши кўчат экади, 20 киши уни ушлаб расмга тушади... Аммо, ҳали айтганимдай, мажбурий меҳнат баҳонасида мактабдаги "субботник"ларни йўқотдик. Вей, барака топгурлар, табиатга бизнинг расм тушишимиздан, ўқувчиларга диктант ёздиришимиздан, расм чиздиришимиздан, 45 минут чиройли нутқ сўзлашимиздан нима наф. Амалда ўқувчи шу ишни қилсин. Амалда табиат билан руҳан боғлансин. Амалда ер билан "тиллашсин". Фикрларимни тескари тушуниб "мажбурий мехнат"ми, пахта монархиясими деманг. Пахта ҳақида гап кетмаяпди. Гап ўқувчининг ўз мактаби, синфида меҳнат қилиши, табиатни танасида ҳис қилиши, пировардида, бу билан унинг тарбиясини яхшилаш- мехнат тарбияси ҳақида кетаяпди. Агар бугун бу ишни бошламасак, калта пайпоқлар, йиртиқ шимлар, сочини ўстириб, резинкага оладиганлар, 20га кирмаган соқоллилар, бўйнида сепочкалилар, тиззалаб омма олдида гул бергич "йигитлар", оғзининг таноби йўқ, бепарда, беандиша, меҳнатдан қочадиган, доскани артишгада эринадиган қизлар урчиб кетади. Япон таълими, деймиз, сингапур таълими деймиз. Таълимда хориж тажрибаси деймиз. Лекин ўша японда, сингапурда, мактаб фаррошлари йўқлигини, ўқувчилар синф хоналарини ўзлари тозалашини, мактаб биносига киришда уяли алоқа воситаларини, ортиқча буюмларини фаедаги ўз шкафчаларига қўйиб киришларини, маҳаллий матбуот- газеталарни ҳатто, метро ва бекатларда ҳам қўлдан қўймай укишларини биламизми. Таълимда ҳар йили ислоҳот қилинмайди. Таълимда тез-тез ислоҳот қилинмайди. Таълим тизимида қилинган оқилона ва стратегик ислоҳот камида 25 йилдан кейин натижа беради. Аммо халқ ва давлат камида 250 йил бахтли яшайди. Таълимни тарбиядан ажратманг. Илмни кечиктириш мумкиндир, эҳтимол, бироқ, тарбияни асло кечиктириб бўлмайди. Зеро, бу жамиятга эртага та'лимдан қимматга тушади. Бир болага яхши таълим бериш, баъзан давлатнинг минглаб тонна хом-ашёсидан қимматроқ бўлади. Эркинжон Ярашев