tgindex
Allaev Uz
@allaevuzbКнигиузбекский

www.asaxiy.uz internet-do'koni ( @asaxiyuz ) va Asaxiy Books nashriyoti ( @asaxiybooks ) asoschisi, tadbirkor. Bog'lanish: firuzallayev@gmail.com Anonim murojaat: https://t.me/questianonbot?start=332983-1839_605745778b

Последний пост
12 авг.
Последнее чтение
15 авг.
Постов за неделю
2
Всего постов
333
Тип
открытый
Язык
узбекский
Категория
Книги
В каталоге с
12 авг.
Подписчики
11 517
−14 за 2 дн.
Сутки
0
0,00%
Неделя
 
Месяц
 
Просмотров на пост
6 875
40 постов
Вовлечённость
59,7%
к подписчикам
Постов в день
0,3
всего 333
Упоминаний
19
каналов
Охват размещения
оценка
1/24сутки в ленте
4 274
1/48двое суток
4 898
1/72трое суток
5 282

Оценка по просмотрам недавних постов: пост набирает почти всё за первые сутки.

Посты

  • 12 авг.2 2366031

    Мустақиллик байрамда 4 кун дам олинадиган бўлибди. 29-30-31 август кунлари ва 1 сентябрь куни. 29-30 август кунлари ўзи шанба ва якшанбага тўғри келади. Бизнес учун ўз-ўзидан шу кунлари банклар ва давлат хизматлари фаолият юритмайди.

  • 9 авг.7 40382169

    Бола китоб ўқимаяпти. Лекин муаммо болада эмас! Мани китобни одами деб билишади учун, кўп учрашувларда муҳокама мавзуси болани китоб ўқитиш бўлади. Ҳамма ҳар хил методларни айтади. Кимдир телефон ва телевизорни "запрет" қилган, кимдир ҳар бир ўқилган китоб учун пул берган. Келинг, мавзуга кенгроқ тўхталамиз. 1973 йил, Стэнфорд университети. Психологлар боғча болаларини кузатишди ва расм чизишни ёқтирадиганларини ажратиб олишди. Кейин уч гуруҳга бўлишди. Биринчи гуруҳга айтишди: «Чизсанг, мукофот берамиз». Ва бердилар. Иккинчисига ҳеч нима ваъда қилинмади, лекин чизиб бўлганидан кейин кутилмаган мукофот берилди. Учинчисига ҳеч нима. Орадан икки ҳафта ўтгач, болаларга эркин вақт берилди — хоҳлаган нарсангни қил. Мукофот ваъда қилинган гуруҳ қаламга энг кам қўл урди. Икки баробар кам. Улар аввал ҳам, ҳозир ҳам чизишни билишарди. Фақат энди чизиш уларнинг шахсий эрмаги эмас, бажарилиши керак бўлган вазифа эди. Психологияда бу — overjustification эффекти. Ташқи мукофот ички қизиқишни сиқиб чиқаради. Бола фаолиятни қайта кодлайди: «мен буни ўзим учун қиламан» ўрнига «мен буни бирор нарса олиш учун қиламан». Мукофот тўхтаган куни фаолият ҳам тўхтайди. Энди савол: «Ўн бет ўқисанг, телефон бераман» деган жумлани фарзандингизга неча марта айтгансиз? Бизда китобхонлик масаласи деярли ҳар доим мотивация масаласи сифатида қўйилади. Қандай қизиқтириш керак? Қандай мажбурлаш керак? Қайси китобни бериш керак? Ҳолбуки тадқиқотлар бошқа нарсани кўрсатади: ўқиш мотивациясининг энг кучли башоратчиси — боланинг нимани ўқишни ўзи танлаши. Мазмуни эмас, танлов ҳуқуқи. Бу ота-оналарга ёқмайди. Чунки бола комикс танлайди. Ёки қизиқарли энциклопедия. Ёки ўн бешинчи қисми чиқаётган саргузашт сериясини. Ота-она эса «жиддий» китоб кутади. Ўзим ҳам шу хатодан ўтганман, ўғлимга ҳа деб китоб ташисам қизиқмаган. Asaxiy дўконимизга олиб бориб, ўзинг танла десам, қизиқиб космос ҳақидаги эксиклопедияни кўтариб чиққан. Кейинги бир неча ой у завқ-шавқ билан космос ҳақида айтиб берган. Ўқиш кўникмаси аслида мазмундан эмас, ҳажмдан ўсади. Равонлик (fluency) — соатлаб ўқиш натижаси. Равонлик бўлмаса, жиддий китоб очилиши билан ёпилади: бола ҳарфни ўқийди, лекин фикрни ушламайди. Шунинг учун «фойдасиз» деб ҳисоблаган китоблар аслида кейинги босқичнинг зинапояси бўлади. Уларни олиб қўйиш — зинапояни олиб қўйиш. Яна бир нарса бор, у ҳақда камроқ гапирилади. 2010 йилда 27 мамлакатни қамраган йирик тадқиқот эълон қилинди. Уйдаги китоблар сони билан боланинг таълим даражаси ўртасида мустаҳкам боғлиқлик топилди — ва бу боғлиқлик ота-онанинг маълумоти, даромади ва касбидан алоҳида сақланиб қолди. Бу ерда эҳтиёт бўлиш керак: бу корреляция, сабабият эмас. Уйга юз дона китоб келтириб қўйиш билан ҳеч нима ўзгармайди. Тадқиқотчилар ўзлари ҳам буни «оиладаги интеллектуал муҳитнинг кўринадиган белгиси» деб изоҳлашади. Яъни китоблар сабаб эмас — улар бошқа бир нарсанинг изи. Ўша бошқа нарса — ота-онанинг ўзи ўқиши. Бола ота-онасининг гапини эмас, одатини кўчиради. Уйда ҳеч ким китоб ўқимаса, лекин болага ўқи дейилса, бола аниқ хулоса чиқаради: китоб — болалар учун мажбурият, катталар ундан қутулган. Учта амалий нарса, қолганини ўзингиз қўшасиз: Биринчи. Бола ўзи ўқий олгандан кейин ҳам унга овоз чиқариб ўқишни тўхтатманг. Тахминан 13 ёшгача боланинг эшитиб тушуниш даражаси ўқиб тушуниш даражасидан юқори туради. Яъни биргаликда ўқиганда у ўзи эплолмайдиган, лекин қизиқроқ китобларга кириб боради. Иккинчи. Китоб жавонда эмас, боланинг қўли етадиган жойда турсин. Каравот ёнида, стол устида, машинада. Танлов ҳуқуқи фақат имконият бўлганда ишлайди. Учинчи. Ётоқхонада экран бўлса, китоб ҳар доим ютқазади. Бу ирода масаласи эмас, дизайн масаласи. Ва охирида ўша ноқулай савол. Гапларимни хулоса қилиб бераман. Болани китоб ўқишга қизиқтириш учун иккита нарса муҳим: 1. болага ўзига қизиқ мавзуда китоб танлаш эркини бериш, шунда бола мавзу қизиқ бўлгани учун ҳам китобни ўқийди ва одат шаклланиш эҳтимоли ошади. 2. бола сизни кўпроқ маза қилиб китоб ўқиётган ҳолатда кўриши Ўтган бир ойда фарзандингиз сизни китоб ўқиб ўтирган ҳолда неча марта кўрди? Агар жавоб нолга яқин бўлса — масала боланинг қизиқишида эмас. Сизга оиланинг ҳамма аъзоларига мос тайёр китоблар керак бўлса, унда биз саралаган 50та китобдан иборат "кутубхона" тўпламига қараб кўринг: asaxiy.uz/u/6a78bf2686d7a

  • 8 авг.11 тыс45

    видео или голосовое, без подписи

  • 8 авг.10,9 тыс44

    видео или голосовое, без подписи

  • 8 авг.10,8 тыс44

    видео или голосовое, без подписи

  • 8 авг.10,4 тыс6745

    «Сен кимсан?» Романнинг биринчи саҳифасида София почта қутисидан шу саволни топади. Бошқа ҳеч нима йўқ — на имзо, на манзил. Эртаси куни яна битта хат келади: «Дунё қаердан пайдо бўлган?» Йостайн Гордернинг «Софиянинг дунёси» ана шундай бошланади ва ўқувчини Фалес билан Суқротдан Кант, Гегель, Сартргача олиб боради. 1991 йилда Норвегияда чиққан бу китоб 60 дан ортиқ тилга таржима қилинган, 40 миллиондан кўп нусхада сотилган, 1995 йилда эса дунёда энг кўп сотилган китоб бўлган. Мана шу китоб энди ўзбек тилида. Манимча, Илҳом Салимов таржима қилган бу китобнинг аҳамияти кўринганидан катта. Бизда фалсафа деганда одатда икки нарса тушунилади: университетдаги мажбурий фан ёки ҳеч ким охиригача ўқимайдиган қалин дарслик. Натижада Афлотун ҳам, Кант ҳам ўзбек ўқувчиси учун имтиҳон саволига айланиб қолган — уларни ўз хоҳиши билан ўқийдиган одам жуда кам. Гордернинг топгани шунда: у фалсафани роман ичига яширган. Ўн тўрт ёшли қиз ва унинг сирли устози орқали икки минг йиллик фикр тарихи ҳикояга айланади. Болага «фалсафа ўрган» демайди — «бу қизга ким хат ёзаяпти?» деб қизиқтиради, кейин йўл-йўлакай Суқротни таништиради. Asaxiy Books учун бу осон қарор эмас эди. Ҳажми катта, таржимаси оғир, нархи арзон чиқмайди. Бундай китоб уч ойда бестселлер бўлмайди — у йиллар давомида, секин сотилади. Биз енгилроқ ва тезроқ айланадиган нарса чиқаришимиз ҳам мумкин эди. Лекин нашриётнинг иши фақат бугунги сотувни эмас, беш йилдан кейин расталарда нима туришини ҳам ўйлаш. Манга бу китобда энг ёққан жойи — у жавоб бермайди, савол беришни ўргатади. Ўн тўрт ёшида бир марта жиддий «нега?» деб сўраган бола кейинчалик рекламага, ҳаётга ва оммавий фикрга ҳам шу савол билан қарайди. Бу китобни ўқиган одамда битта имконият кўпроқ бўлади: у ўзи ҳақида ўйлаб кўради. Китоб болага ҳам, унинг ота-онасига ҳам, бобо-бувисига ҳам бирдек тавсия этилади. Ўқиган ҳар бир одам ундан маъно топади. Китоб бугундан сотувда: asaxiy.uz/u/6a76fd0f9417e Муҳим хабар: Бу "Халқ банки" билан ҳамкорликда чиқарган олтмишинчи китобимиз бўлди. Банк ўзбек тилида бир эмас, икки эмас, олтмишта китобни хонадонларга кириб боришига сабабчи бўлди. Бу китоб билан амалдаги шартномамиз ҳам ўз якунига етди. Китобхонлик борасида улкан ҳиссаси учун бутун банк жамоасига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар нафақат бир бизнесга, аслида муҳим бир сохага, келажакка, илмга катта тарихий ёрдам қилишди.

  • 7 авг.6 62610054

    Охирги ойларда солиқ мавзусидаги таклифлар кетма-кет келяпти. Омонат фоизларига солиқ. Дивиденд ставкасини кўтариш. Даромадга қараб даражали шкала. Ҳар бир таклифнинг ортида битта жумла турибди: бюджетга пул керак. Ман бир неча ойдан бери Австрия иқтисодиёт мактабини ўқияпман. Ва ўқиган сари битта фикр аниқроқ бўляпти: асосий савол солиқ ставкасида эмас. Асосий савол харажатда. Рақамлар билан кўрсатай. 30 июль куни Фискал таҳлил институти жисмоний шахсларнинг банк омонатлари фоизига 5 фоизли солиқ солиш ғоясини илгари сурди. Ҳисоб-китобга кўра, бу бюджетга йилига тахминан 1,4 трлн сўм келтириши мумкин. Рақам катта эшитилади. (Аниқлик учун: бу ҳали қонун лойиҳаси эмас, таҳлилий таклиф холос.) Энди ёнига иккинчи рақамни қўяйлик. Шу йилнинг июлида 2026 йил учун консолидациялашган бюджет харажатлари прогнози 567,7 трлн сўмдан 638,4 трлн сўмгача оширилди. Битта тузатишда — 70,7 трлн сўм. Яъни омонатчилардан йиғилиши кутилаётган бутун бошли янги солиқ, харажатларнинг битта қайта кўрилишидан тахминан эллик марта кичик. Ўша тузатишни қоплаш учун эллик йил давомида омонат фоизидан ушлаб қолиш керак бўлади. Ман таклиф муаллифларини айбламоқчи эмасман — уларнинг иши ҳисоблаш. Ман бошқа нарсани айтмоқчиман: идишга сув қуйиш тезлигини ошириш ўрнига, аввал тешикни қидириш керак. Австрия мактаби айнан шу нуқтада қатъий туради. Мизеснинг фикри содда: давлатнинг ўз пули йўқ. У кимгадир бермоқчи бўлган ҳар бир сўмни аввал бошқа биров дан олиши шарт. Демак давлатнинг ҳақиқий оғирлиги — у қанча солиқ йиғгани эмас, қанча сарфлагани. Солиқ ставкаси эса шунчаки ҳисобни ким тўлашини тақсимлайди. Ҳисобнинг ўзини эмас. Ҳайек «Эркинлик конституцияси»да прогрессив солиққа бутун бир боб ажратган. Унинг хулосаси кутилмаган: прогрессив шкала бюджетга ваъда қилинганидан анча кам пул келтиради, чунки юқори ставкага тушадиганлар доим оз сонли бўлади. Лекин у бир нарсани кафолатлайди — кўпчилик озчилик учун ставка белгилаш ҳуқуқини қўлга киритади. Ва бу ҳуқуқни чеклайдиган ҳеч қандай принцип қолмайди. 30 фоизми, 45 фоизми, 60 фоизми — жавоб фақат овоз бериш билан аниқланади, ҳисоб-китоб билан эмас. Омонатга солиқ масаласида эса капитал назарияси ишлайди. Ҳар қандай ишлаб чиқариш занжири жамғармадан бошланади: кимдир бугун истеъмол қилмайди, пулини қолдиради, ўша пул завод, склад, дастур ва иш ўрнига айланади. Жамғармага солиқ солиш — занжирнинг бошига солиқ солиш. Беҳзод Ҳошимов буни жуда аниқ айтган: уруғликни эмас, ҳосилни солиққа тортиш керак. Бизда эса уруғликнинг ўзи етишмайди. Июнь ҳолатига аҳоли омонатлари 178 трлн сўм — ЯИМнинг атиги 9 фоизи. Қозоғистонда бу кўрсаткич 17 фоиз, Арманистонда 29, Чехияда 50. Биз жамғармаси ортиқча мамлакат эмасмиз. Ва етишмайдиган нарсага солиқ солиш — ғалати стратегия. Бу ҳолат манга таниш, чунки бизнесда деярли ҳар йили шу танлов олдида тураман. Asaxiy'да маржа сиқилганда икки йўл бўлади: нархни кўтариш ёки харажатни камайтириш. Биринчи йўл осон кўринади — таблицада битта катакни ўзгартирасан, натижа дарҳол чиқади. Лекин у фақат таблицада ишлайди. Реалда харидор нархни кўради, саватни ташлаб кетади ва рақобатчига ўтади. Буни ўз тажрибамизда бир неча марта кўрганмиз. Шунинг учун иккинчи йўлга қайтамиз: логистика, ижара, харид шартлари, ортиқча жараёнлар. Узоқ, зерикарли ва ноқулай иш. Ҳеч ким уни ёқтирмайди. Лекин компанияни ўшагина сақлаб қолади. Давлат билан бизнес ўртасидаги асосий фарқ ҳам шу ерда. Бизнесни бозор мажбурлайди. Давлатни ҳеч ким мажбурламайди — у нархни қонун билан кўтара олади ва харидор кетиб қола олмайди. Тўғрироғи, кетиб қолади, фақат бошқа йўл билан: нақд пулга, долларга, олтинга, кўчмас мулкка, кўланка иқтисодиётга. Бозорни қонун билан мажбурлаб бўлмаслигини биз аллақачон бир неча марта кўрганмиз. Ман солиқ керак эмас демаяпман. Мактаб, шифохона, йўл — буларнинг ҳаммаси пул талаб қилади. Ман фақат саволнинг тартиби нотўғри деб ўйлайман. Ҳозирги савол: «Яна қаердан, қанча олсак бўлади?» Тўғри савол: «Бу пулнинг ҳаммаси ҳақиқатан ҳам керакми?» Иккинчи саволга ҳалол жавоб берилса, биринчи савол кўп ҳолларда ўз-ўзидан ортиқча бўлиб қолади.

  • 7 авг.10,2 тыс24758

    Yechim uchun bosing!

  • 5 авг.3 9286424

    Ижара нархи — фақат китоб дўконларининг муаммоси эмас! Апрелда китоб дўконлари ижара сабаб шаҳар марказидан секин-аста сиқиб чиқарилаётгани ҳақида ёзгандим. Кутганимдан кўра кўпроқ жавоб келди. Қизиғи, ёзганларнинг сезиларли қисми китоб дўкони эгалари эмас эди: тикувчилик ателье, кичик болалар тўгараги, оёқ кийим тузатиш, ҳар хил устахона. Ҳаммасида битта гап такрорланади — "савдо бор-у, ижарага етмайди". Демак, муаммо соҳада эмас, арифметикада. Ижара нархи сизнинг жамиятга фойдангизни ўлчамайди. У фақат битта нарсани ўлчайди: шу квадрат метрдан бир ойда максимал қанча пул ишлаб чиқариш мумкинлигини. Ижарага берувчи китоб дўкони маърифат тарқатаётганини ёки уста шу бурчакда ўттиз йил ўтирганини ҳисобга олмайди. Ҳисобга олиши шарт ҳам эмас. У кўпроқ тўлайдиганга беради. Бу ноинсофлик эмас, шунчаки бозор. Шунинг учун кўчада доим бир хил бизнеслар ғолиб чиқади: квадрат метрдан юқори маржа чиқара оладиганлар. Аптека, кафе ва фаст фудлар, гўзалик салони, гаджет ва аксессуар нуқталари, тўлов ва банк хизматлари. Уларнинг чеки катта ёки айланмаси тез, ёки иккаласи бирга. Ютқазадиганлар рўйхати ҳам худди шунақа аниқ: устахоналар (соат, пойабзал, тикувчилик, техника таъмири), кичик озиқ-овқат дўконлари, канцелярия, китоб, болалар тўгараклари, мутолаа ва учрашув жойлари, ветеринария. Уларнинг ҳаммаси битта нарса билан "касал": мижоз кўп вақт ушлайди, чек кичик, айланма секин. Яъни м2 га самараси паст. Улар ёмон бизнес эмас, шунчаки марказдаги ижара нархида рақобатлаша олмайдиган бизнес. Натижа шаҳар қиёфасида кўринади. Ўн йил олдин кўчаларнинг ўз характери бор эди. Ҳозир Юнусободми, Чиланзорми, марказми — биринчи қаватлар деярли бир хил: кофе, аптека, салон, банк, бутик, ўқув маркази. Бу фақат бизни муаммо эмас, Лондондан Парижгача бир хил жараён кетмоқда, уни "high street homogenization", яъни бош кўчаларнинг бир хиллашуви деб аташади. Иккинчи томондан, ижарага берувчи ҳам ноинсоф эмас. У ўз мулкини альтернатив даромадига қарайди. Пулини турар жойга қўйса ёки бошқа ижарачига берса қанча олади — ҳисоб шундан кетади. Апрелда ҳам ёзгандим, ижара берувчини қонун билан китоб дўконига арзонроқ беришга мажбурлаб бўлмайди. Мажбурласангиз, у оддийгина китоб дўконига бермай қўяди. Учинчи томон бор, у ҳақида камроқ гапирилади: янги қурилаётган бинолар. Биноларда савдо майдонлари асосан катта ижарачига мослаб чизилади. Аслида шаҳарни хилма-хил қиладиган бизнесларнинг кўпи 20–40 м2 да яшайди. Бунақа кичик форматли жой эса деярли қурилмайди. Хўш, бозорни бузмасдан нима қилиш мумкин? Биринчи, муниципал мулк (давлат бинолари). Шаҳарда давлат ва ҳокимият тасарруфидаги нотурар жойлар кам эмас. Уларни энг кўп пул берганга эмас, шаҳарга керакли, лекин бозорда рақобатлаша олмайдиган фаолият турларига аниқ шартлар билан, узоқ муддатга, пасайтирилган нархда бериш мумкин. Бу дунёда синалган амалиёт ва бозорга аралашишдан кўра, давлатнинг ўз мулкини қандай ишлатишини танлашидир. Иккинчи, аралаш фойдаланиш талаби. Йирик савдо марказларида китоб дўкони мажбурий бўлиши ҳақидаги қарор шу йўналишдаги биринчи қадам. Лекин фақат мажбурлаш билан узоққа бориб бўлмайди, чунки ижарага берувчи бир жойда йўқотган пулини иккинчи жойдан қоплайди. Лойиҳалаштириш босқичида кичик форматли жойлар улушини кўзда тутиш барқарорроқ ечим. Учинчи, прогноз қилса бўладиган шартнома. Кўп ҳолатда бизнесни ижаранинг ўзи эмас, унинг ҳар йили кутилмаганда 30–40 фоизга ошиши ўлдиради. Узоқ муддатли шартнома ва ошиш чегараси аниқ ёзилган амалиёт ижарага берувчига ҳам барқарор мижоз беради. Асахийда бу арифметикани ҳар ой кўриб турамиз. Айтганимдек, китоб дўконларимиз алоҳида олганда рентабел эмас, улар умумий экотизимнинг бир қисми сифатида ишлайди ва биз шу учун уларни кўпайтирмоқдамиз. Лекин, битта дўкони бор устанинг бунақа экотизими йўқ. Унинг фақат ўша дўкони бор. Хулоса қиладиган бўлсам, кўчада нима кўраётган бўлсак, у бизнинг маданиятимиз эмас, квадрат метр арифметикасининг натижаси. Ва бу арифметикани ўзгартирадиган иккита нарса бор: биринчиси, кичик бизнес учун жой борлиги ҳақида ўйлаб қурилган шаҳар. Иккинчиси, талаб. Кўчангизда қолишини хоҳлаган дўкондан, устадан, кичик кофехонадан харид қилинг. Бўлмаса, унинг ўрнида нима очилишини бозор ўзи ҳал қилади ва бунда биздан сўраб ҳам ўтирмайди. #biznes #mulohaza

  • 4 авг.4 0709016

    Тез-тез бизни маҳаллий АНАЛитиклардан у ёки бу томонда бўлишимиз кераклиги ҳақида ўқиб қоламан. Ҳозир шунақалардан бирини жиддий нашрдаги мақоласини ўқиб келдим. Эскича қараш таъсирида шаклланган мутахассисларимиз дунёни қутблаштиришни яхши кўришади. Оқ ва қорага бўлиш доим осон. Мия осон тушунади, тушунтиради. Ким қайси томонга ён босишига қараб позиция ўзгаради, холос. Ким учундир биз Россия билан бўлишимиз керак, бошқа ким учундир Ғарб ягона йўл. Яна кимдир келажак Хитойга тегишлилигини айтади. Араб ва турклар томон бўлганлар ҳам бор. Лекин, дунёни қутблаштириб томонини аниқ қилиб олиш XXI асрга хос нарса эмас. Берлин девори қулаганига яқинда 40 йил бўлади. Биз мураккаб дунёда яшаяпмиз ва бу янада мураккаблашиб боради. Бунақа дунёда ўз манфаатларимизни ҳимоя қилиб, ундан келиб чиқиб ҳамма билан яхши бўлишимиз, ўзимизда бир неча томоннинг манфаатини жамлашимиз муҳим. Бир ёки икки қутбли дунё қайтиб бўлмайди. Катта эҳтимол билан яқин келажак янада мураккаброқ шаклда бўлади. Томонини аниқлаб олиш XXI асрга хос нарса эмас. Буни кимдир тушунади, кимдир йўқ. Тушунмаганлар бир томон бўлиб, оғир аҳволга тушади. Тушунганлар мураккаб шаҳмат доскасида ўз манфаатидан келиб чиқиб тош суради. Бошимизга доим бутун дунё билан яхши бўлиб, манфаатимиздан келиб чиқиб ақл билан муносабат қиладиган раҳбарият насиб қилсин. Бошқачаси бизга қимматга тушади.

  • 3 авг.3 6726825из Bankir

    Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ 4 бараварга ошиши мумкин Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар институти ўзини ўзи банд қилганлар ва ЯТТлар учун ижтимоий солиқни бир хил миқдорда белгилашни таклиф қиляпти. Таклифга кўра, 2027 йилдан ҳар икки тоифа учун ижтимоий солиқ — йилига 1,96 млн сўм (ойига 163,2 минг сўм) этиб белгиланади. Ҳозирда ўзини ўзи банд қилганлар ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда йилига 440 минг сўм тўлайди. Якка тартибдаги тадбиркорлар эса йилига 5,28 млн сўм ижтимоий солиқ тўлайди. Таклиф кучга кирса, ўзини ўзи банд қилганлар учун солиқ миқдори ошади, ЯТТлар учун эса аксинча — қарийб уч бараварга камаяди. @bankir

  • 30 июл.5 150196

    Сизнингча, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда IT бозори қанчалик ўсди? Яна бир савол: мамлакатимизда дастурлаш қачон тўлиқ халқаро стандартлар ва илғор муҳандислик амалиётларига мослашади, деб ўйлайсиз? Бугун IT соҳаси жуда тез ривожланмоқда: янги таълим лойиҳалари, профессионал ҳамжамиятлар ва халқаро компаниялар пайдо бўлмоқда. Дастурчилар ҳамда талабалар учун имкониятлар тобора кенгаймоқда. Бунда маҳаллий IT ҳамжамиятини ривожлантириш ва тажриба алмашишга қаратилган ташаббуслар муҳим ўрин тутади. Агар бу мавзу сизга қизиқ бўлса, Yandex Uzbekistan for Developers каналига обуна бўлишни тавсия қиламан. У ерда ҳақиқий муҳандислик таҳлили, AI ва дастурлаш бўйича фойдали материаллар, шунингдек, Ўзбекистон IT ҳамжамияти учун митаплар, маърузалар ва бошқа тадбирлар анонслари мунтазам чоп этилади. 👉 @yandexuzdev

  • 29 июл.5 23413614из davletovuz

    Тошкент шаҳрида майдони 5 минг метр квадратдан ортиқ савдо марказларида китоб дўконларини ташкил этишнинг мажбурий тартиби жорий қилинади. “Тошкент китоб тижорат” уюшмасига аъзо бўлган китоблар савдосини амалга оширувчи тадбиркорларга аҳоли гавжум жойларда, бозорларда, йирик савдо марказларида, шоҳ кўчаларда енгил конструкцияли китоб дўконларини ўрнатиш, “Book cafe”ларни ташкил қилиш, пойтахтда барпо этилаётган 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритадиган сайилгоҳларда “китоб кўчаси” фаолиятини йўлга қўйишга рухсат берилади. Президент қарори

  • 27 июл.11,8 тыс4441

    50та китобдан иборат тўплам ҳақида олдин бир неча марта ёздим. Тўплам аста-секин яхшиланиб, хонадон учун “кутубхона” тўпламига айланди. Уйда телевизор бор, музлаткич бор, китоб бурчаги ҳам бўлиши керак. Лойиҳа режа қилганимиздек қадамба-қадам ижтимоий феноменга…

  • 25 июл.5 8808746

    Сизларга болалар билан оила даврасида маза қилиб "пижамали кечача" қилиш учун ажойиб мультфильм олиб келдим. #tavsuyu

  • 24 июл.5 8068619

    Qanday qilib biznes yaratish haqida koʻp gapiriladi, kitoblar va kinolar chiqadi. Lekin, biznes qanday yashab qolishi haqida unchalik ham gapirilmaydi. Aslida, biznesni tugʻilishidan yashab qolishi qiyinroq jarayon. Qanday qilib yillar davomida motivatsiyani saqlab qolish, jarayonda o‘z ruhiy salomatligini va odamlar bilan yaxshi munosabatlarni saqlagan holda davom etish, oʻziga dushman orttirmaslik murakkabroq va muhimroq savollar. Motivatsiya bilan gʻoyaga ishonib biznes ochayotgan tadbirkor va 10 yillab yashab qolgan, xato, jazo va jarohatlardan oʻtgan tadbirkorlar energetiyasi oʻrtasida katta farq bor.

  • 22 июл.6 85210166

    Жонатан Ҳаидтни ва Жон Твенгени ўқиб чиқдим. Иккаласини ҳам ўқишга тавсия этаман, зўр китоблар. Лекин, муаллифларнинг бир фикрига қўшилмайман. Улар янги авлодда “Generation Z”да ҳаловат йўқолиши, стресснинг асосини смартфонларда, улар орқали кўриладиган ижтимоий тармоқларда деб таҳлил қилишмоқда. Мана шу жойига ман скептикман. Тушуниб олишингиз учун, иккала муаллиф ҳам Z авлодни (1995-2013 йиллар туғилганлар) энг депрессив, бахтсиз, психологик муаммога эга авлод сифатида тасвирлашади ва бунинг сабаби смартфонлар ва ижтимоий тармоқларда эканлигини тадқиқотлар билан асослашади. Китобларни ўқиш жараёнида манда савол пайдо бўлди: Агар смартфонлар ёки ижтимоий тармоқ бўлмаса, ҳозирги муаммолар бўлмасдими? Йўқ, бўлмасди деб жавоб бериш осон. Лекин, аслида манимча бу муаммолар барибир бўлар эди. Шунчаки смартфонлар буни тезлаштириб берди. Катализатор бўлди. Ман асосий муаммо маъно инқирозида деб биламан. Смартфон ва ижтимоий тармоқ шунчаки восита. Олдинги авлод ҳаётда маънони миллат, ғоя, дин, оила, маҳалла, касб, хуллас ўзидан каттароқ нарсага хизмат қилишда деб кўрган. Олтмишинчи йиллардан бошлаб аста-секинлик билан “ўзини яратиш”, “ўзини топиш”, “ўзи бўлиш” (Индивидуализм) модага чиқди. Совет иттифоқи таркибида бўлганимиз учун бу жараёнлар бизга бироз кечроқ етиб келди. Бу ўзини яратиш ғояси таққослаш, тасдиқланишга эҳтиёж ва мукаммаллик босимини кучайтиради. Ижтимоий тармоқлар унинг эффектини ошириб берди холос. Глобал миқёсда, кўп ёшлар ҳаётда мақсадини йўқотган, келажакка ишонмайди, ўзини каттароқ нарсанинг бир қисми деб ҳисобламайди. Унинг устига улар доимий ўзини қидириши, таққослаши, ижтимоий тармоқлар орқали тасдиқ (лайк ёки обуна) қидириши, шахс бўлиш босими остида яшашга мажбур. Бу авлодга замонавий ижтимоий жараёнлар муаммолар учун сан масъулсан демасдан, “сан қурбонсан” деган фикрни шакллантирди. Сан “ўзинг бўлишингга” жамият ёки оила халақит қилди. Аёллар ҳуқуқлари билан муаммолар жиддий бўлган мамлакатларда бу нафақат ёшларга, аксинча ижтимоий тармоқни фаол кузатадиган, психологларни эшитадиган аёлларга ҳам жиддий таъсир қилди. Натижада уларнинг бир қисми оддий маиший вазифаларни бажарганда ҳам ўзида қурбонни ҳис қилади. Шу учун ҳам янги авлодда депрессия, стресс ёки клиник касалликлар натижа деб ўйлайман, сабаб эмас. Сабаблари маданий ижтимоий жараёнларга боғлиқ, смартфон ва тармоқ жараённи тезлаштирди холос. Одамни “сан қурбонсан” деб тарбиялаш уни кучсизлантиради, қурбон психологиясини шакллантиради. Аксинча, унга яшашдан маъно бериш, ҳаётда масъулият бериш уни кучли қилади, каттароқ нарсаларга ундайди. (Жордан Б. Петерсон бу борада ҳақ!) Олдин одам оиланинг, миллатнинг, ғоянинг, маҳалланинг, жамоанинг бир қисми эди. Энди бўлса ўзингни ўзинг ярат. Санда нимадир ўхшамаяптими, сан бўлишингга имкон бермаган жамият, атрофдагилар, оила (?), эр айбдор. Сан қурбонсан! Бир кўришда бу эркинлик бўлиб туйилади. Лекин, чексиз эркинлик чексиз масъулиятни ҳам олиб келади. Катта масъулият одамда ташвишни оширади. Эсдан чиқармайлик, камситиш, зўравонлик, таҳқирлаш ва дискриминация ҳақиқий ҳамда жиддий муаммолар. Улардан жабр кўрган инсонларнинг дардини инкор қилиб бўлмайди. Лекин, шу билан бирга, замонавий маданият баъзан инсонни ўзини фақат қурбон сифатида кўришга ҳам ундайди. Менимча, бу ёндашув айрим ҳолларда муаммоси бунчалик оғир бўлмаган одамларда ҳам қурбонлик ҳиссини кучайтириши мумкин. Асосий муаммо ёлғизлик, индивидуализм ва маъно йўқлигида. Манимча янги авлодда ҳаётда маъно берадиган, ўзига миссия топишга имкон берадиган янги ижтимоий жараён керак. Манимча, смартфон ёки ижтимоий тармоқни тақиқлаш ечим эмас. Аксинча, реал ҳаётга кўпроқ урғу берган яхши, ўшалар асосида одам ҳаётдан маъно топиши осонроқ бўлар. Булар дўстлар билан учрашувлар, спорт, жамоа бўлиш, ҳақиқий мулоқот ёки масъулият бўлиши мумкин. Ишонаверинг, эртага смартфонлар бутунлай йўқолиб кетса ҳам муаммо ечилиб қолмайди. Ман муаммо аслида маъно инқирозида, индивидуализмнинг кучайиши, умумий қадриятларнинг заифлашуви ва келажакка ишончнинг пасайиши, ўзлигини топиш ортидан келадиган ёлғизликда деб биламан. Ҳаётидан, яшашидан маъно топган, ёлғиз бўлмаган, ўзини ғоя ёки жамоатнинг бир қисми деб билган одам смартфон ва ижтимоий тармоқлар даврида ҳам, ундан кейинги даврда ҳам бахтли ва мувозанатли ҳаётга эга бўлаверади. Ман ҳолатни шунақа кўраман.

  • 22 июл.4 3376310из paiziev24

    Bugun dunyoning eng yirik avtomobil ishlab chiqaruvchilaridan biri - Volkswagen Xitoy avtomobil ishlab chiqaruvchilari bosimi va global raqobat kuchaygani fonida 100 mingtagacha ish o‘rnini qisqartirishi mumkinligini ma’lum qildi. Bu kompaniya tarixidagi eng yirik restrukturizatsiyalardan biri bo‘lishi mumkin. Bu faqat Yevropa muammosi emas. Yaqin yillarda Xitoy avtomobil ishlab chiqaruvchilarining bosimi AQSh ishlab chiqaruvchilariga ham tobora kuchayadi. Tariflar va boshqa himoya choralariga qaramay, ko‘plab Xitoy kompaniyalari elektr avtomobillar, dasturiy ta’minot va narx bo‘yicha juda agressiv raqobat qilmoqda. Avtomobil sanoatida yangi davr boshlandi. Endi liderlarni nafaqat motor, balki dasturiy ta’minot, batareya texnologiyasi, ishlab chiqarish tezligi va xarajat samaradorligi belgilaydi. @paiziev24

  • 21 июл.5 30010735

    Жанубий Кореянинг собиқ президенти Ли Мен Бак китобига яхши ном берган: Мўжиза содир бўлмайди. Ҳаётга, айниқса бизнесга бу жуда мос келади. Сабабини қилмаса, натижа келмайди. Сотув ўз-ўзидан ошмайди, сифат ўз-ўзидан яхшиланмайди, тан нарх ўз-ўзидан тушмайди. Ниманинг эвазига натижа кутаётганлигимизни билиш фойдали.

  • 20 июл.5 84412817

    Аномал ёки нормал иссиқми, совуқми, бундан бу ёғига электр истеъмоли ошиб боради. Аҳоли сони ошмоқда, унинг истеъмол маданияти ҳам ўзгармоқда. Ҳозир кўп хонадонларда энди шунчаки битта кондиционер ёки телевизор эмас, ҳар бир хонада маиший техника бор. Ҳозир истеъмол рекорд даражага етгани айтилмоқда. Қишда яна рекорд янгиланади, кейинги йил ёзда ҳам янги рекорд бўлади. Бу ёғига электр токи истеъмоли фақат ошиб боради. Шу учун кейинги йилларда инфраструктурани яхшилайдиган, уни кўламини оширадиган аниқ режа бўлиши керак. Сиғим бир йилда қанчага ошади, уч йилда қанчага. Электр токини ишлаб чиқаришни кўпайтирганнинг ўзи етарли эмас, уни аҳоли ва бизнесгача етказиб берадиган инсраструктурани ҳам яхшилаб бориш жуда муҳим. Бўлмаса, ҳар “аномал” дейилган совуқ ёки иссиқда, ўзи умуман ёмғир ёки қорда ҳам муаммо “кутилмаганда” чиқиб келаверади. Қишми, ёзми, кузми, баҳорми, аяб ўтирмайди.

Allaev Uz — tgindex