- Последний пост
- 12 авг.
- Последнее чтение
- 15 авг.
- Постов за неделю
- 2
- Всего постов
- 21
- Тип
- открытый
- Язык
- узбекский
- Категория
- Развлечения
- В каталоге с
- 13 авг.
- 1/24сутки в ленте
- 87
- 1/48двое суток
- 99
- 1/72трое суток
- 107
Оценка по просмотрам недавних постов: пост набирает почти всё за первые сутки.
Посты
#tabrik Ushbu sheʼr bugun mamlakatimiz kelajagi va ravnaqi, soliq maʼmurchiligini takomillashtirish yo‘lida belgilangan vazifalarni ado etishda sadoqat va masʼuliyat bilan xizmat qilayotgan soliq xizmatining fidoyi xodimlariga bagʻishlanadi. Baxriddin Asror, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi, Soliq qoʻmitasi Birlashgan kasaba uyushmasi qoʻmitasi raisi Тelegram |Facebook |Youtube| Instagram |X| Threads
Айро йўл. Туннинг кўксидаги оловли хато, Юракнинг тўрига чирмашган илдиз. Балиққа ўхшаймиз, чўккан муаллақ, Ўчиб бораётган муҳтож бир овоз. Сочларда ёғдулар — кумуш ҳисобчи, Тўрт девор ортида қолган хотира. Биз умр боғидан суғурилган хол Сўнгги манзилимиз эски манзара. Қанотсиз қуш каби йиғлайди тилак, Юлдузлар совуқдир, осмонимиз лол. Бу қандай дунёки, оғриса юрак, Эриб йўқ бўларкан ҳаттоки висол Кўз ёшни ютаман, оғриққа кўниб, Йўллар туташмайди, манзиллар айро. Дунё камёб тошдек кўринар синиқ, Биз изсиз ғойибмиз муҳаббат аро. Бир кун олис кенглик чақирар ўзни, Қаноти қайрилган оққушдир замон. Энди изламанг ҳеч таниш юзни, Бизнинг қисматимиз азалдан ёмон. Дунё энди бизга ҳансираган чол, Қари кўкси аро музлаган гумон. Бизлар унутилган муаллақ бир ҳол, Ҳеч ким қучоғига сиғмаган жаҳон. Бахриддин Асрор
Ишонч симфонияси Бу дунё гуноҳу савобга қаср, Йўғу бор гувоҳи сўнмас башорат. Ҳар дарднинг бағрида топдим бир илож, Ишончнинг қўлида очилди қудрат. Кўнглим кўп азоблар меҳмонхонаси, Лек омад ёғдуси нур сочар мудом. Дилим кўзгусига чизилса ғубор, Қалбимда туғилар абадий калом. Билмадим, ким ёзди бу оғир хатни, Тақдир қаламида юксалар бардош. Ҳар битта нафасим тиғ урган гуноҳ, Умиднинг измида порлайди қуёш. Оҳангсиз қўшиқман, маҳзун бир ўртоқ, Зафарнинг саҳнаси кутар мени соз. Мен учун яралган бу кенг жаҳонда, Ҳар бир қадамимда янграйди парвоз. Кўз ёшдан яралган бу кичик қисмат, Ғолиблар сафида ўстирар қанот. Умримнинг кўчаси сўқмоқдан оғир, Ишончнинг меҳридан ёришар ҳаёт. Ғамларнинг мулкида яшайман эркин, Юракнинг тахтида балқир саодат. Дунёнинг дастурхон қурган жойи йўқ, Борлиғим нурлардан қурилган тоқат. Ўзим бир дардлардан тўқилган титроқ, Эгамнинг фазлидир сўнмас мукофот. Кимнингдир эрмаги бўлган бу дунё, Умидим йўлида энг олий мақсад. Тақдир деганлари бир улуғ китоб, Ҳар бир саҳифаси титроқ ва хитоб. Аммо ҳар сатрнинг сўнгги манзили Ишончдан яралган энг нурли офтоб! Бахриддин Асрор
Оғриқ Юрак туби кўринмас бир қора қатлам, Миридан сирига нам тортар оғриқ. Ҳар куни минг марта ўлар бир одам, Кўксида тўпланар титраган ёруғ. Кимга ҳам айтайин, тилим тиғланди, Эзгулик изидан хасталанди жон. Ич-ичим тўкилиб кулга айланди, Кўксимда ҳайқирар тинилмаган қон. Куйган нигоҳларни ютар ҳужралар, Лабни тишлаб яшар маҳзун кўчалар. Менинг ички сирим — тугамас тугун, Уни титраб тутар бедор кечалар. Йиғилган зоримни ўзим тинглайман, Ҳар битта калима юракка тиғдир. Билмайман, мен нега бунча мўртман, Балки ҳаёт деган шу бир манзилдир. Ич-ичдан эговлар кўринмас устун, Эзилиб бораверар лаҳзалар, жонлар. Бу жимлик қуласа гурсиллаб бир кун, Вайрона остида қолар осмонлар. Ёмонлик тиламам ҳеч кимга асло, Фақат яхшиликнинг ошиносиман. Лекин ич-ичимдан синмоқда дунё, Билмам, қайси дарднинг мубталосиман? Кимгадир керакми менинг борим ҳам, Кечаги кайфият тонг отса йўқдир. Фақат кўксим тўла оғриқли алам, Уйғоқ виждонимнинг саволи ўткир. Юрак қатидаги титраган туйғу, Бу кун кўзларимга бермас уйқуни. Қачондир гурсиллаб қуласа танам, Ким ҳам англаб етар сокин қайғуни? Бахриддин Асрор
без подписи
Худонинг назари тушган маҳалда Сўқир кўз нуридан ёришар жаҳон, Дардлига шифокор бўлади замон. Пайғамбар шафоат қилади ишон, Худонинг назари тушган маҳалда. Тили йўқ сўзлайди дилдаги сирин, Гуноҳкор англайдир тавбанинг қадрин. Ғарибнинг бошида шамоллар майин, Худонинг назари тушган маҳалда. Йиғлаган кўзга ҳам бахт нури тўлар, Сув келмас ариққа сувлар ҳам келар. Ўтда ҳам куймасдан Иброҳим бўлар, Худонинг назари тушган маҳалда. Юнусдек зулматда топадир нажот, Дорда ҳам Мансурдек суради ишрат. Айюбдай танига қайтади ҳаёт, Худонинг назари тушган маҳалда. Заҳар ҳам айланар ширин асалга, Парвозлар берилар қанотсиз қушга. Ўлим ҳам бўйсунар оғир касалга, Худонинг назари тушган маҳалда. Музлаган дилларга қайтади баҳор, Осийнинг қалбида уйғонар иқрор. Беватан саҳрода топади диёр, Худонинг назари тушган маҳалда. Борлиққа таралар муаттар ифор, Етимнинг кўзида сўнадир ғубор. Кўнгилнинг мулкига қайтиб келар ёр, Худонинг назари тушган маҳалда. Бефарзанд уйларда туғилар ўғлон, Қаҳратон кунларда яшнар гулистон. Қуриган шохларда унадир райҳон, Худонинг назари тушган маҳалда. Дастурхон тўлади ҳалол ризқ-зийнат, Умрнинг ҳар куни барака-неъмат. Камбағал бой бўлар, ёғилар раҳмат, Худонинг назари тушган маҳалда. Ошар даражанг ҳам, ошади мақом, Элга номинг кетар, бўлар эҳтиром. Оғзингдан тўкилар энг гўзал калом, Худонинг назари тушган маҳалда. Тошнинг остида ҳам туғилади жон, Энг сўнгги умидга берилади жон. Ёмонлик эрийди, қолмайди армон, Худонинг назари тушган маҳалда. Баҳриддин Асрор
Илҳом париларига Шиддат ила келинг, кўнгил навоси, Қалбим табибисиз, оғриққа малҳам. Тонггача ёндирай сўзни, титрасин Ширин армонлардан тузилган бу дам. Ер юзин шоирлар эгалласа ҳам, Менинг оҳларимнинг ранглари бўлак. Дардим чанқоқ гулнинг заҳарли майи, Тунги осмонларда порлаган тилак. Юракнинг бағридан тошган аланга, Бармоқлар учида эрийди олам. Осмоннинг томоғи ёрилиб кетгай, Мен чеккан оҳларнинг зарбидан шу дам. Келинг, пичирласин вужудимдаги Бир қадим ҳақиқат, бир қадим олам. Билинг, бу дарднинг дунёсидаги Ҳар бир тўлқинимга сиғмайди қалам. Қалам – кўз ёшимни ичган қора қуш, Вароқни тишлайди аламдан, ўтдан. Энг ширин оғриқлар туғилсин бу кеч, Тонгнинг этагига сочилган сутдан. Бу дард – Ҳақ муҳридан сочилган чақмоқ, Муҳаббат оламин сарсон дервеши. Варақнинг бағрида аланга ёқмоқ Дард ёзиш шоирнинг олий ташвиши. Ёзишим шарт экан, портлайди фалак, Елкамда оламни тебратган тилак. Келинг, эй фаришта, аланга отинг, Шеър билан кашф бўлсин энг олий эртак! Бахриддин Асрор
Сўз юки Оғзимдан отилган ҳар битта ҳарфни, Термулиб кутади нотаниш кўзлар. Мен эса тугатиб бўлдим-ку сарфни, Энди меникимас тирилган сўзлар. Улар юрак-бағри бутун бир жонзот, Кимгадир улашар абадий маҳшар. Кимнингдир қўлида бахт, нурли нажот, Кимнингдир тилида тикандай қақшар. Жумламга кийинар муқаддас юмуш, Ҳар битта иқрордан туғилар жазо. Умримнинг пойида тиз чўккан умид, Сўзимнинг қошида туяди азоб. Сўзнинг азобини кўтариб танҳо, Ўзимни унутдим ҳар матн ичра. Бу ерда топилар минг битта дунё, Ҳар битта туйғуга бордир бир ҳужра. Жодули жумлалар — тирик ҳайкаллар, Энди улар мендан мутлоқо узоқ. Ҳар битта юракда бошқача янграр, Бирига овунчоқ, бирига тузоқ. Майли, танимасин мени ҳеч кимса, Расмим ҳам қолмасин вақтнинг қатида. Аммо бир тирик қалб йиғлаб, ўкинса, Яшагим келади шу дард хатида. Шоирлик — исмсиз, оқ кафансиз дор, Тилимдан тўкилган оҳангдир гувоҳ. Вужудим бир титроқ, охирги иқрор, Сўзим тирикликка берилган гуноҳ. Бахриддин Асрор
Иқрор дафтаридан Бармоғинг учида беш нафис ниҳол, Жонимнинг мағзини чертади аста. Исёнкор кўзингда яшаган хаёл, Бутун тирикликни айлади хаста. Нигоҳинг — тафаккур пичоғи гўё, Тикилса, эгилиб қолар жуссалар. Бизга эртак айтди биз кўрган дунё Ерда бошланмади ширин қиссалар. Танамга сиғмайди тириклик юки, Вақтнинг суягини синдирди сирлар. Биздан бошқасини унутди туйғу, Биздан бошқасини қувди асрлар. Сочинг толасида эврилар замон, Гангиб қолаётир ақл ва идроқ. Сен томон талпинар ярадор гумон, Сен томон чўзилар энг гўзал сўроқ. Муҳаббат олами — кўҳна дарсхона, Бизлар алифбомиз, ишқ — олий сабоқ. Бармоғинг тегмаса — бағри вайрона, Бир тилсиз ҳарфга айланар дудоқ. Юракда чайқалар оғир бир олов, Тилнинг пардасини куйдирар алам. Сен томон боришга топмадим жилов, Иқрорим олдида титрайди қалам. Қўлингни узатгин, эй гўзал жаллод, Идрокдан юлқинган, эй сўнгги маъво. Бизни маҳв этолмас, айламас барбод, Ичимизда қолди энг сўнгги рўё. Бахриддин Асрор
Стриптиз раққосасига Кўзларинг юзта оч итга бир суяк, Жилванг тантиликдан йиртилган кўйлак. Атрофинг тиржайган, суюқ шаҳватдан Маст бўлиб, пойингда судралган калвак. Чўнтагидан пул олиб сочади даюс. Мусиқа бошланди, жилмаяр мижоз Мен сенга қарасам куяди бўғиз, Сен ҳамма бандага улашасан ноз. Рақибнинг таъзими — суюқ бир тилак, Беҳаё қалблардан янграган ҳукм. Менинг тириклигим тишланган юрак, Бундай зиёфатда мен — битта маҳкум. Бу ерда ҳар лаҳза туйилар хўрлик, Руҳингни қийнайди сохта бир севги. Бегона қўлларда исинар эркинг, Наҳот шу занжирлар тақдирнинг кўрки Мезбон хушомаддан лаблари титраб, Исмимни айтганда эриган маҳал, Сен шаҳват қулини асл бахт билиб, Кулгингни сочасан, эй шўрлик гўзал! Ва лекин хилватда, иккимиз қолсак, Сирли бир эртакка айланар мазмун. Пичирлаб айтганим туюлар афсун, Кўзларинг тубини қоплайди маҳзун. Сенга у олқишлар ширин тамадди, Мендай жиддий касни севмайсан бироқ. Бу ерда тугади ақлнинг ҳадди, Ичимда бошланди улуғ бир сўроқ. Кўзларда шаҳватнинг совуқ учқуни, Шу арзон завқ учун тўлайсан бадал. Оломон сотволди сендаги кунни, Тунда ёлғиз қолдинг, эй шўрлик гўзал... Тинди ўша мусиқа, битди томоша, Чўнтаги бўшаган калваклар кетди. Ақлим бу исёндан чиқди тоқатдан, Бу қиммат тамошо куйдириб битди... Бахриддин Асрор Тошкент. Чилонзор, «Парламент» ресторани. 2003 йил, октябр
Мен кимман? Кўзим эски тақвим, куйиб кул бўлган, Кипригим безовта ўртанган олов. Жоним саҳро аро буткул йўқолган, Сени излаб юрган ғариб бир улов. Мен ўша товушман, сози бўлмаган, Пардасиз куйларнинг ички фиғони. Юрагим бир сирдир, ҳеч ким билмаган, Елкамда тутибман сирли дунёни. Мен ўша тарози палласидаги Муаллақ тошларнинг вазнсизлиги, Кўҳна афсоналар ялласидаги Исботсиз ҳақиқат, бахтсизлик тили. Ипга тизилганман тасбеҳ донидек, Ҳар лаҳза айланар тақдир бармоғи. Гоҳо тирикликнинг сохта шонидек, Ёнар туйғуларнинг сўнгги чироғи. Ёзувсиз китобман, саҳифаси оқ, Ҳар варақ очилса, бир давр қулар. Вужудим исмсиз, энг қадим тупроқ, Унда фақат Сенинг Рамзинг улуғлар. Деворда тебранган бедор ақлман, Тунлар ухлолмаган ўйларнинг тили. Ҳар бир сониямга боғлиқ нақлман, Тангрим, Сен яратган жаннатнинг гули. Кўзгуда порлаган ғаройиб бўёқ, Рангларнинг ортида яширин ижод. Сен ўша мусаввир, энг олий маёқ, Мен Сенинг қошингда туғилган фарёд. Бахриддин Асрор
Мухаббат мақоми Ипак тўн киймади туйғунинг тани, Тилла занжирларга тизилмади жон. Тангрим, бу дунёнинг фириб, найранги Бизнинг соддаликка бўлолмас қалқон. Арзон салтанатдан юз бурди юрак, Дарвиш хирқасига яширинди ишқ. Бизга бегонадир алдамчи эртак, Олий ҳақиқатга боғланган қўшиқ. Мансаб пештоқига осилган ҳислар, Бизнинг устимиздан кулади пинҳон. Аммо дарвешликнинг йиртиқ тўнида Юлдуздан улуғроқ яшайди сурон. Овозимиз мағрур янграр фалакда, Бойлик дафтарига битмаган тақдир. Абадий вафодан яралган куйлар, Муҳаббат аҳлига энг гўзал тахтдир. Дунёнинг ташвиши алдамчи рўё, Унинг саройлари бизга бегона. Бир бурда ҳалоллик устида турган Бахтни англолмайди ақли девона. Пешонага битган шу мунис тақдир, Дуолар ичида топгайдир камол. Бизни яратганга айлаб илтижо, Энг тоза бахт билан яшаймиз хушҳол. Бахриддин Асрор.
Мени тушунмади баъзи одамлар. Мудраган туйғунинг титради тани, Алдовнинг юзида эскирди мантиқ. Юракдан ҳайдади кимлар эртани, Мени тушунмади баъзи одамлар. Бегона чолғунинг куйида яшаб, Рангларин унутган беранг суратлар. Оқибат қадрини мол-дунё санаб, Мени тушунмади баъзи одамлар. Кўзларнинг тубида музлаган идрок, Қуруқ сурат қолган, мазмундан айро. Дилимнинг қаърида умидлар ҳалок, Мени тушунмади баъзи одамлар. Тарози палласи — эътиқод, виждон, Юк босмай енгилдан енгил учдилар. Ўзганинг дардига бегона ҳар он, Мени тушунмади баъзи одамлар. Вужуд — унутилиш, у эски мато, Уларнинг пойида мен бўлдим хато. Тақдир ёзувида чалкашди имло, Мени тушунмади баъзи одамлар. Тафаккур қатидан қидириб маъно, Кўрдимки, уларнинг дунёси фано. Тирик ҳайкаллардек турар рўбаро, Мени тушунмади баъзи одамлар. Табассум ортида яширинди сир, Ниқоблар рақсидан чарчади тақдир, Энг ширин сўзим тингламас ахир, Мени тушунмади баъзи одамлар. Бу сохта умрнинг тили бошқача, Улар тингламади асл куйларни. Шу тарзда яшадим эллик ёшгача, Мени тушунмади баъзи одамлар. Бахриддин Асрор
без подписи
Тушдаги соғинч Онам Манзура Аббосхон қизи хотирасига Алам муҳрланди кўксимга маҳкам, Туннинг кипригида титрайди бедор. Вужуд - бешигидан айрилган одам, Фақат хаёлимда дийдорингиз бор. Тавбалар тўқийман, иплари аччиқ, Вужудим исмингиз титраган макон. Кўкрагим қатида мингта ҳайқириқ, Оқ сутнинг ҳаққини сўрайди ҳамон. Сиз улуғ тилаксиз, мен совуқ қарздор, Ёстиғим остида йиғлайди тавба. Шундай бир висолки, ундан умидвор Юрак уришида тирилган каъба. Кечиккан тавбанинг оппоқ мармари, Эзиб юборади кўзимни бутун. Сиз менинг руҳимнинг илк пайғамбари, Мен эса оловсиз сочилган тутун. Тавбанинг кўзига тикилдим узоқ, Уйқунинг қаърида мудрайди товуш. Келинг, маҳшар каби уйғонсин нигоҳ, Эй, жаннат исига созланган оғуш. Меҳрнинг тахтида ўтирган султон, Нурли чеҳрангиздан қолдими жавоб? Хатолар ичида қолгандай сарсон, Кўнглимнинг қаърида уйғонди азоб. Жаннатнинг ифори, уйғонинг бир дам, Хотира қатидан беринг бир туртки. Мен телба гўдакман, юрагида ғам, Тушимда порласин Оналик мулки. Бахриддин Асрор
Айрилиқ оҳанги Узилган тугмадек думалар дунё, Бизни боғлаб турган ришта узилди. Энг ширин тамадди заҳарми гўё, Биз кутган энг тоза сурат бузилди. Уфқнинг устида музлаган чодир, Биз пинҳон учрашган лаҳзадан қолди. Одамлар кўзида бир кўҳна хотира Менинг манглайимга муҳрини солди. Тўқирдим сочингга сирли афсона, Нигоҳинг кўнгилга ёзилган тақдир. Бугун хотирангда қолдим бегона, Ақл ҳам бу сирли аламга лолдир. Сен ўша кўнгилнинг мутлоқ султони, Бошимдан айланиб учган парисан. Тарк этдинг мен яшаб турган маконни, Энди сен олис бир сирнинг бағрисан. Исмингни товушсиз айтади тилим, Ҳар битта бўғзимда бир оғриқ яшар. Айрилиқ – бу менинг энг сўнгги тирик Ва мени тилкалаб турган бир маҳшар. Ҳар бир сониянинг залвори оғир, Ҳислар оловида куймоқда тақдир. Мени сенсизликка ўргатган бағир Сенинг гўзаллигинг пойида ҳақдир. Кўзимни юмаман, сен ўша нурсан, Қўлларинг узатилган, лекин бегона. Мен сени йўқотдим, сен мендан ҳурсан, Икки ёт манзилда қолдик дилпора... Бахриддин Асрор
Иккилик алласи Икки тирик вужуд бир улуғ жазо, Исмсиз муҳаббат бошланди мана. Бизни мағлуб этди энг гўзал хато, Сен менинг бағримда туғилдинг яна. Таслим бўлмоқликдир энг буюк ғоя, Бу ерда енгилиш аслида зафар. Фикрнинг тахтига урилди соя, Йўқ, тўхта, бу оғриқ бошқача сафар. Сен менинг бағримга сингиб кетган кун, Ақлнинг тахтлари йиқилди беҳол. Энди бу занжирни ечолмас ҳеч ким, Энди бутун дунё жавобсиз савол. Бизни боғлаб турган сирли бу олам, Сўзсиз ишорага айланди буткул. Битта олий дардда бирлашди одам, Икки ёт юракда очилди бир гул. Енгилиб юксалмоқ энг олий қисмат, Бизни қул айлади гўзал бир азоб. Икки ёт дунёда бошланди ҳижрат, Икки тирик дилга берилди азоб. Бу шундай ҳукмки, қочишга йўл йўқ, Икки дил бирлашса бутун бир дунё. Кўкрак ўртасида ёнмоқда бир чўғ, Мағлублар зафари бошланди гўё. Бахриддин Асрор
Кўнгил баёзи Алқовлар қайчиси қирққан бу матн Эгасиз қолган бир ҳудуд сингари. Мени мақтаганлар сотдилар тезроқ, Уларнинг томоғи нафснинг минбари. Нигоҳим ортида яширин маҳшар, Суратим шунчаки алдамчи ниқоб. Сиз мени суйган лаҳзадан бошлаб, Ичимда исёнлар бошлар инқилоб. Суратим бошқадир, сийратим бошқа, Ичимда олов бор, сиртимда виқор. Ёмонлар куч топмас мендаги дошга, Яхшилар келганда кўнгил бахтиёр. Ипга тизилган бу қимматли туйғу, Борлиқни силкитар улуғ ва оғир. Бир чеккада йиғлар мендаги қайғу, Буюк соғинчлардан туғилган фақир. Энг яқин зотларим манфаат излаб, Бегона даврада топганда зафар, Менинг тирик сўзим қоғозни тирнаб, Бошланажак ҳали энг сўнгги сафар. Пардозсиз туйғунинг сеҳридир ушбу, Диллардан дилларга кўчса гар туйғу, Шоирга бошқа бир давлат керакмас, Ёнганда кўксида энг ширин қайғу. Бахриддин Асрор
Мен кимман? Қадим айвонларда титилган китоб, Мен ўша варақдан тўкилган ҳарфман. Бешик тебраниши берган акс-садо, Унутиб бўлмас битта таърифман. Отамнинг кафтида қолган қадоқман, Ёхуд онам чеккан соғинч сония. Замонлар ортида мудроқ уйғонган, Илк бор айтилмаган эски қофия. Михланган суратдан боққан нигоҳман, Аждодлар занжирин уловчи ҳалқа. Тил тишланган пайтда айтилган гувоҳ, Жоннинг тўқимаси туташган халққа. Дорбоз арқонидек тарангдир томир, Ватан бу юракка урилган муҳр. Кўзнинг қорачиғи ичра яширин Яшаб келаётган тилсимли умр. Қадимий деворда қолган рангдирман, Вақтнинг зангларида порлаган жавҳар. Ўзини излаган, топган ва суйган, Сўзни улуғлаб, юксалган сарвар. Бахриддин Асрор
(2022 йил 11 май куни) Онам ёзолмаган шеър Жигарбандларим-а, йиғламанг бунча, Бугун бошингизни эгиб қўйибман. Тўпланиб турибсиз тонг отилгунча, Мен эса умримни яшаб қўйибман. Биринг пойтахтдаги ташвишинг ташлаб, Биринг Намангандан етиб келибсан. Менинг тўшагимнинг бошини ушлаб, Кўзинг ёшларини тўкиб турибсан. Афсус, пешвоз чиқиб очолмам қучоқ, Эшикдан кирганда кўринмас қорам. Кўз ёшга кўмилган бу иссиқ ўчоқ Менинг бу турмушда сўнгги ниҳоям. Остона устида, эшик ортида, Сизларни жам қилган ўша рўзғорда Отангиз кутволар сизни ортимдан, Менинг ўрнимдаги ўша виқорда. Менинг ўрнимда у, қучоғин очиб, Бағрига босади сизларни бу гал. Мен эса тўшакда, боримдан кечиб, Худонинг ҳукмига турибман маҳтал. Йиғламанг, кўзимга тор бўлди дунё, Сўнгги манзилимга турибман шайлаб. Бугун меҳмонхонам ҳуввиллар, гўё Умрим тугамоқда сония санаб. Маъюс қарашларим заминга ботар, Тўрт девор ичида сиқилди бу жон. Уфқда сўнгги бор бир қуёш ботар, Охират томонга йўл олдим, ишон. Бахриддин Асрор. (Сурат 2011 йил олинган)