Илм-фан | Science | Наука
Статистика@neomind1 • Илм-фан • Тиббиёт • Фалсафа • Мантиқ • Китоблар • Иқтибослар • Янгиликлар
- Последний пост
- 13 авг.
- Последнее чтение
- 15 авг.
- Постов за неделю
- 6
- Всего постов
- 23
- Тип
- открытый
- Язык
- узбекский
- Категория
- Познавательное
- В каталоге с
- 12 авг.
- 1/24сутки в ленте
- 890
- 1/48двое суток
- 1 019
- 1/72трое суток
- 1 100
Оценка по просмотрам недавних постов: пост набирает почти всё за первые сутки.
Посты
видео или голосовое, без подписи
видео или голосовое, без подписи
видео или голосовое, без подписи
Қисқа видеоларга қарамлик ўсмирларнинг ўқишдаги стрессга чидамлилигини пасайтириши мумкин TikTok, Instagram Reels ва YouTube Shorts каби қисқа видеолар ҳаётимизнинг оддий бир қисмига айланиб улгурди. Бир неча сониялик видеолар кетма-кет чиқаверади, ҳар бири эса мияга янги ва тезкор рағбат беради. Аммо янги тадқиқотга кўра, қисқа видеоларни назоратсиз ва мажбуран томоша қилиш одати ўсмирларнинг ўқиш билан боғлиқ оддий қийинчиликларга бардош бериш қобилиятини пасайтириши мумкин. Тадқиқот Хитойдаги 1567 нафар юқори синф ўқувчиси иштирокида бир йил давомида ўтказилган. Олимлар ўқувчиларни уч марта - ҳар бир ўлчов орасида олти ойлик интервал билан кузатишган. Гап шунчаки видеода эмас. Олимлар «кўп видео кўриш ёмон» деган оддий хулосани текширмаган. Уларни асосан қарамликка ўхшаш фойдаланиш қизиқтирган. Яъни инсон видеоларни хоҳлагани учун эмас, балки ўзини тўхтата олмагани учун кўраверади. Видео кўриш вақтни олиб қўяётганини билса ҳам, яна бир видео, кейин яна бири... Бу ҳолат психологлар томонидан қисқа видеоларга қарамлик ёки компульсив фойдаланиш сифатида баҳоланади. Бундай видеоларнинг ўзига хос жиҳати — мукофотнинг жуда тез келиши. Сиз ўқисангиз, натижани бир неча ойдан кейин олишингиз мумкин. Имтиҳонга тайёрланасиз — натижа кейинроқ бўлади. Китоб ўқийсиз — билим аста-секин тўпланади. Аммо қисқа видеода мукофот деярли дарҳол келади: янги видео, янги образ, янги ҳазил, янги маълумот. Мия учун бу жуда осон ва тезкор рағбат. Муаммо: келажакни ўйлаш қисқара бошлайди Тадқиқотда олимлар future time perspective — келажакка йўналган вақт нуқтаи назарини ҳам ўрганишган. Бу инсоннинг ҳозирги ҳаракатлари келажакдаги натижалар билан қандай боғлиқлигини тасаввур қила олиш қобилияти. Масалан: «Ҳозир бир соат ўқисам, бир неча ойдан кейин имтиҳонда яхши натижа оламан». Бу фикр инсонни ҳозирги қийинчиликка чидашга ундайди. Аммо мия доимо тезкор мукофотларга ўрганса, узоқ муддатли натижа камроқ жозибадор бўлиб қолиши мумкин. Натижада: «Ҳозир қийналиб ўқиш»дан кўра «ҳозир бироз видео кўриш» осонроқ туюлади. Олимлар «академик барқарорлик»ни ҳам ўлчашди Тадқиқотда яна бир муҳим тушунча — academic buoyancy, яъни ўқишдаги кундалик қийинчиликларни енгиб ўтиш қобилияти ўрганилган. Бу катта ҳаётий муаммолардан кейин тикланиш эмас. Гап оддий, ҳар куни учрайдиган қийинчиликлар ҳақида: — имтиҳонда ёмон баҳо олиш; — қийин мавзуни тушунмаслик; — кўп уй вазифаси; — ўқитувчининг талаблари; — имтиҳон олдидан стресс; — бирор фанни ўзлаштиришда қийналиш. Академик барқарорлиги юқори бўлган ўқувчи бундай вазиятда: «Бўлди, мендан ҳеч нарса чиқмайди», демайди. У қийналади, лекин давом этади. Тадқиқот бошида қисқа видеоларга қарамлиги юқори бўлган ўқувчилар олти ой ва бир йил ўтгач, ўқишдаги кундалик стрессни енгишда кўпроқ қийналишган. Яъни видеоларга қарамлик юқори бўлган сари академик барқарорлик пасайиб борган. Лекин қизиқ томони — жараён тескари йўналишда ҳам ишлаган. Ўқишдаги оддий қийинчиликларни яхши енгиб ўта оладиган ўқувчилар кейинчалик қисқа видеоларга қарам бўлиб қолиш эҳтимоли камроқ бўлган. Демак, бу бир томонлама муносабат эмас. Ёпиқ доира пайдо бўлиши мумкин Олимлар қуйидаги занжирни аниқлашган: Кўп ва назоратсиз қисқа видео → келажак ҳақида камроқ ўйлаш → ўқишдаги қийинчиликларга чидамнинг пасайиши → стресс ва ёрдамсизлик ҳисси → яна видеоларга мурожаат қилиш. Яъни инсон стрессдан қочиш учун видеоларни кўради. Видеолар эса унинг ўқишдаги қийинчиликларга чидамлилигини яна пасайтириши мумкин. Натижада яна стресс пайдо бўлади. Ва инсон яна телефонни олади. Шундай қилиб, ўзи-ўзини кучайтириб борадиган ёпиқ доира шаклланиши мумкин. Нега қисқа видеолар бунчалик ўзига тортади? Қисқа видеоларнинг асосий хусусияти — улар сиздан катта сабр талаб қилмайди. Видео қизиқ бўлмаса, бир зумда кейинги видеога ўтиб кетасиз. Яна бир қизиқ видео. Яна бири. Яна бири. Бу жараёнда алгоритм сизга нималар ёқишини тобора яхшироқ билиб боради ва сизга янада қизиқарли контентни кўрсатади. Натижада телефонни қўйиш тобора қийинлашиши мумкин. Ўқиш эса бунинг мутлақо тескариси. Унда натижа дарҳол келмайди. Қийин мавзуни тушуниш учун ўнлаб дақиқа ёки соатлар сарфлаш керак бўлади. Мия эса тезкор мукофотларга ўрганиб қолса, бу кечиктирилган мукофотни қабул қилиш қийинлашиши мумкин. Муаммо телефоннинг ўзида эмас. Муаммо тезкор мукофотларга доимий равишда мурожаат қилиш одатида бўлиши мумкин. Агар инсон ҳар бир зерикиш, стресс ёки қийинчиликка дуч келганда дарҳол қисқа видео билан ўзини «чалғитса», у қийин вазиятни мустақил равишда енгиш имкониятидан тобора камроқ фойдаланиши мумкин. Ўқиш эса аксинча, сабр, кечиктирилган мукофот ва келажакдаги натижани тасаввур қилишни талаб қилади. Шунинг учун ўсмир учун энг муҳим кўникмалардан бири: зерикканда ёки қийналганда дарҳол телефонга қочиб кетмаслик. Чунки баъзан муаммони ҳал қилишдан кўра ундан чалғиш осонроқ. Аммо ҳар сафар чалғишни танласак, мия қийинчиликка эмас, қочишга кўпроқ ўрганиши мумкин. Ва бу одат аста-секин ўқишдаги сабрга ҳам таъсир қилиши эҳтимол. Энг қизиғи шундаки, тадқиқотда келажакни аниқ тасаввур қила олиш ва кундалик ўқиш қийинчиликларини енгиш бир-бирини кучайтириши аниқланган. Яъни ўсмир ўз келажагини қанчалик аниқ кўра олса, ҳозирги қийинчиликларга чидаши осонроқ бўлиши мумкин. Аксинча, ҳар бир қийинчиликни енгиб ўтиш келажакка нисбатан ишончни ҳам кучайтириши мумкин. Шу сабабли телефондан бутунлай воз кечишдан кўра, тезкор мукофотлар ва узоқ муддатли мақсадлар ўртасида мувозанатни тиклаш муҳимроқ. PsyPost - Psychology News Science
Мияда мураккаб вазифаларда мотивацияни ушлаб туришга ёрдам берадиган орексин нейронлари аниқланди. Нагоя университети нейробиологлари гипоталамусда жойлашган орексин нейронларининг мақсад сари ҳаракатни давом эттиришдаги ролини ўрганишган. Инсон миясида бундай нейронлар сони 20 мингдан ошмаслиги мумкин. Улар уйғоқлик ва иштаҳани бошқаришда ҳам муҳим роль ўйнайди. Тажрибаларда каламушларга озиқ-овқат олиш учун тобора кўпроқ ҳаракат қилиш талаб қилинган. Вазифа қийинлашган сари орексин нейронлари кучлироқ фаоллашган. Уларни сунъий равишда фаоллаштириш каламушларни қийин вазифаларда ҳам узоқроқ ҳаракат қилишга ундаган. Аксинча, нейронлар фаолияти сусайтирилганда, ҳайвонлар тезроқ таслим бўлган. Қизиғи, бу нейронларни ҳаддан ташқари фаоллаштириш каламушларни чексиз даражада меҳнаткаш қилиб қўймаган. Демак, улар мотивацияни чексиз оширадиган “газ педали” эмас, балки мақсад сари ҳаракатни сақлаб туриш учун зарур тизимнинг бир қисми бўлиши мумкин. Муаллифлар бу механизмни инсонлардаги депрессия, ADHD ва турли қарамликларда учрайдиган мотивацияни йўқотиш ва бошланган ишни охиригача етказишдаги қийинчиликлар билан боғлиқ ҳолда ўрганиш келажакда янги даволаш усулларини ишлаб чиқишга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлашган Science
видео или голосовое, без подписи
Ўсмирнинг яхши ўқиши ва дўстлари билан яхши муносабатда бўлиши учун энг асосий омиллардан бири — яхши уйқу Кўпинча бола ёки ўсмирнинг ўқишдаги муваффақияти ҳақида гап кетганда, унинг қанча вақт телефон ишлатиши, қанчалик кўп спорт билан шуғулланиши ёки қандай овқатланишига эътибор қаратамиз. Аммо янги тадқиқот бу омиллар орасида биз етарлича қадрламайдиган яна бир нарса борлигини кўрсатди: уйқу. Калифорния университети, Дэвис тадқиқотчилари ўтказган янги тадқиқотга кўра, ўсмирларнинг мактабдаги натижалари ва дўстлари билан муносабатларини тушунишда уйқу сифати экран олдида ўтказилган вақт, жисмоний фаоллик ва овқатланишдан ҳам муҳимроқ омил бўлиши мумкин. Бу боғлиқлик айниқса хавотир, депрессия ва бошқа руҳий саломатлик муаммолари белгилари бўлган болаларда яққолроқ намоён бўлган. Тадқиқотчилар 10–13 ёшли болалар маълумотларини таҳлил қилиб, тўртта асосий омилни солиштиришган: уйқу сифати; экран олдида ўтказиладиган вақт; жисмоний фаоллик; овқатланиш сифати. Натижа эса қизиқ: уйқу бошқа омилларга қараганда мактабдаги яхши баҳолар ва ижтимоий муаммоларнинг камроқ бўлиши билан кучлироқ боғлиқ бўлган. Экран вақти иккинчи ўринда турган, жисмоний фаоллик ва овқатланишнинг таъсири эса нисбатан кичикроқ бўлган. Ўсмирлик — мия ва шахсият жадал ривожланадиган давр. Айнан шу даврда хавотир ва депрессия каби руҳий саломатлик муаммолари ҳам кўпроқ намоён бўлиши мумкин. Тадқиқотда олимлар руҳий саломатликдаги муаммолар билан мактабдаги натижалар ўртасидаги боғлиқликда турмуш тарзи омиллари қандай роль ўйнашини ўрганишган. Масалан, уйқу депрессия белгилари билан пастроқ ўқиш натижалари ўртасидаги боғлиқликнинг 18,5 фоизи, хавотир билан боғлиқликнинг 36,3 фоизи, психозсимон белгилар билан боғлиқликнинг эса 8,3 фоизи билан боғлиқ бўлган. Экран вақти ҳам маълум даражада таъсир кўрсатган, аммо унинг ҳиссаси анча кичикроқ бўлган: хавотирда 5%, депрессияда 6,3% ва психозсимон белгиларда 6,2%. Бу рақамларни нотўғри тушунмаслик керак. Улар «уйқу депрессиянинг 36 фоизини даволайди» ёки «яхши ухласанг, хавотир йўқолади» дегани эмас. Тадқиқот уйқу билан руҳий ҳолат ва кундалик фаолият ўртасидаги боғлиқликни кўрсатмоқда. Демак, телефонни олиб қўйишдан кўра ухлаш муҳимроқми? Тадқиқотнинг энг қизиқ жиҳатларидан бири ҳам шу. Ота-оналар кўпинча боланинг телефонидан хавотирланади: экранга кўп қараш, ижтимоий тармоқлар, видеолар, ўйинлар ва кечаси телефондан фойдаланиш уйқуни бузиши мумкин. Албатта, экран вақти ҳам муҳим. Лекин ушбу тадқиқотда уйқу сифати экран вақтидан ҳам кучлироқ омил бўлиб чиққан. Тадқиқотнинг биринчи муаллифи Жейсон Смуснининг айтишича, олимлар уйқу муҳим бўлишини кутган, аммо унинг экран вақти, жисмоний фаоллик ва овқатланишдан шунчалик яққол устун туришини кутмаган. Бу бизга муҳим бир нарсани эслатади: Боланинг соғлом ҳаёти фақат телефонни камайтириш ёки спорт билан шуғулланишдан иборат эмас. Уйқу ҳам кундалик ҳаётнинг асосий қисми. Уйқу вақтида мия шунчаки «ўчиб» қолмайди. Аксинча, организм ва мияда жуда кўп муҳим жараёнлар давом этади. Хотира мустаҳкамланади, ўрганилган маълумотлар қайта ишланади, эмоционал ҳолат тартибга солинади ва организм тикланади. Шунинг учун етарлича ухламаган бола эртаси куни шунчаки уйқучан бўлиб қолмайди. Унинг диққатини жамлаши, маълумотни ўзлаштириши, ҳис-туйғуларини бошқариши ва бошқалар билан муносабат қилиши ҳам қийинлашиши мумкин. Айниқса ўсмирлик даврида бу муҳим. Чунки айнан шу пайтда мия ҳали ҳам жадал ривожланишда давом этади. Тадқиқот муаллифлари уйқу руҳий саломатлик билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал қилиб қўймайди, деб таъкидлашади. Агар болада депрессия, кучли хавотир ёки бошқа руҳий муаммолар бўлса, фақат «кўпроқ ухласин» деб қўйиш етарли эмас — профессионал ёрдам зарур бўлиши мумкин. Аммо уйқу — оила ўзгартира оладиган энг оддий омиллардан бири. Боланинг ухлаш ва уйғониш вақтини барқарор қилиш, кечаси экрандан фойдаланишни чеклаш, етарли вақт ухлаш учун шароит яратиш катта ва мураккаб даволаш усули эмас. Лекин у боланинг эмоционал ҳолати ва кундалик фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Боланинг яхши ўқиши учун унга доим ҳам яна бир репетитор, яна бир машғулот ёки яна бир соат дарс керак эмас. Баъзан унга шунчаки вақтида ётиб, яхши ухлаш керак. Уйқунинг ўзи мия ва организмнинг кейинги куни учун тайёргарлик жараёни. Science
Мия салбий кутилмани ҳақиқий оғриққа айлантириши мумкин Одам бирор нарса оғритишини олдиндан кутса, бу кутилма унинг оғриқни қандай ҳис қилишига таъсир қилиши мумкин. Бу ҳодиса ноцебо эффекти деб аталади. Масалан, инсонга бирор муолажа оғриқли бўлиши айтилса, ҳатто тўқимага қўшимча зарар етказилмаган ҳолатда ҳам у оғриқни кучлироқ ҳис қилиши мумкин. Энг қизиғи, оғриқ фақат зарарланган тўқимадан келадиган сигнал эмас. У мия томонидан қайта ишланадиган мураккаб тажриба. Шунинг учун бир хил жароҳат ёки бир хил тиббий муолажа икки инсонда мутлақо бошқача оғриқ ҳиссини келтириб чиқариши мумкин. Бу шунчаки «оғриқни ўйлаб топиш» эмас. Мия оғриқ сигналларини қабул қилиш, баҳолаш ва кучайтиришда жуда фаол иштирок этади. Оғриқли таъсир ҳақида сигналлар аввало таламус орқали қайта ишланади ва сезги пўстлоғига узатилади. Шу билан бирга, инсула, олдинги сингуляр пўстлоқ, амигдала, гиппокамп ва префронтал пўстлоқ каби соҳалар ҳам ишга тушади. Бу ҳудудлар оғриқнинг ўзи билан бирга қўрқув, диққат, хотира ва оғриқни кутиш жараёнларини ҳам бошқаради. Агар инсон «бу жуда оғрийди» деб кутса, мия хавфга кўпроқ эътибор қаратиши мумкин. Натижада оғриққа сезгирлик ортиб, бир хил ташқи таъсир аввалгидан кучлироқ сезилиши мумкин. Бунда nucleus accumbens каби мукофот ва мотивация тизимига алоқадор ҳудудлар ҳам иштирок этади. Оғриқ сигналлари орқа миядан мияга кўтарилувчи йўллар орқали ҳаракатланади. Аммо мия фақат сигнални қабул қилмайди — у уни пастга йўналувчи нейрон йўллар орқали ўзгартириши ҳам мумкин. Бу жараёнда PAG (periaqueductal gray) ва RVM (rostral ventromedial medulla) каби ҳудудлар муҳим роль ўйнайди. Улар организмнинг табиий оғриқни тормозлаш тизимига таъсир қилиши мумкин. Натижада салбий кутилма оғриқ сигналларининг узатилишини кучайтириб, инсоннинг ҳақиқий оғриқ ҳиссини ошириши мумкин. Мия биз ҳис қилаётган оғриқнинг шунчаки «қабул қилувчиси» эмас — у унинг кучини ҳам белгилашда иштирок этади. Ноцебо эффекти эса инсоннинг салбий кутилмалари бу тизимга қанчалик кучли таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатади. Science
Биз шакарни нега шунчалик яхши кўрамиз? Ширин нарса кўрсак, кўпчилигимиз уни ейиш истагини ҳис қиламиз. Мева, асал, ширинликлар — миямиз улардаги энергияни жуда «қадрлайди». Лекин, нега инсон ширин таъмни шунчалик яхши кўради? Янги тадқиқотлар бу саволга жавоб излар экан, шакар инсон эволюциясида биз ўйлагандан ҳам муҳимроқ роль ўйнаган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. 2017 йилда олимлар 140 дан ортиқ примат турини ўрганиб, қизиқ бир боғлиқликни аниқлашган: мева билан кўпроқ озиқланадиган приматларнинг мияси, ўртача ҳисобда, барг ёки гўшт билан озиқланадиган турларникидан каттароқ бўлган. Бу натижа олимларни ўйлантирди. Мева таркибида шакар кўп. Мия эса ўз фаолияти учун асосий энергия манбаларидан бири сифатида глюкозадан фойдаланади. Шундан келиб чиқиб, тадқиқотчилар шакарга бой озиқ-овқатлар инсон аждодларининг мияси ва эволюциясига қандайдир таъсир кўрсатган бўлиши мумкин, деган ғояни илгари суришди. Янги таҳлилда олимлар тахминан 4 миллион йиллик даврни қамраб олишди. Улар Australopithecus afarensis — машҳур «Люси»дан бошлаб, замонавий инсонларнинг овчи-термачилик давридаги овқатланишигача бўлган маълумотларни таҳлил қилишди. Натижа қизиқ: тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, илк гомининлар айрим даврларда энергиясининг 66 фоизигача қисмини мева ва асал каби ширин озиқ-овқатлардан олган бўлиши мумкин. Умуман, инсон эволюцияси давомида ширин озиқ-овқатлардан олинадиган энергия улуши тахминан 20–35 фоиз атрофида бўлган деб баҳоланган. Бу «қадимги одамлар асосан шакар еган» дегани эмас. Тадқиқот муаллифларининг ўзи ҳам инсон аждодлари учун гўшт, балиқ ва бошқа озиқ-овқатлар муҳим бўлганини таъкидлайди. Масала битта маҳсулотда эмас, балки турли манбалардан энергия ва озуқа олишда. Шакарнинг аҳамиятини тушуниш учун яна бир нарсага қараш мумкин. Инсон организми витамин C'га муҳтож. У эса кўплаб меваларда мавжуд. Бундан ташқари, бизда ширин таъмни сезувчи рецепторлар нафақат оғизда, балки ичакларда ҳам мавжуд. Демак, ширин таъмга бўлган қизиқишимиз шунчаки замонавий шоколад, торт ва газли ичимликлар пайдо бўлганидан кейин шаклланган одат эмас. Бу истакнинг илдизлари жуда қадимий бўлиши мумкин. Бироқ тадқиқотнинг муҳим чеклови бор. Олимлар миллионлаб йиллар олдин яшаган инсон аждодларининг аниқ нималар еганини тўғридан-тўғри кўра олмайди. Шунинг учун улар мавжуд қазилма далиллари ва замонавий приматлар ҳақидаги маълумотлар асосида моделлар тузишади. Масалан, «Люси»нинг овқати шимпанзелерникига ўхшаган деган тахмин ишлатилган. Аммо бу тахмин мутлақо аниқ бўлмаслиги мумкин. Қазилма далиллари унинг бошқа турдаги озиқ-овқатлар билан ҳам озиқланган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Шунинг учун бу тадқиқот «шакар инсон миясини катта қилган» деган исбот эмас. Унинг асосий ғояси бошқача: инсон эволюциясини тушунишда овқатнинг, айниқса энергияга бой мева ва бошқа ширин озиқ-овқатларнинг роли биз ўйлагандан муҳимроқ бўлиши мумкин. Бугун эса вазият бутунлай бошқача. Қадимги одам ширинликни топиш учун мева ёки асал излаган бўлса, замонавий инсон супермаркетга кириб, бир неча дақиқада юзлаб грамм қўшимча шакар истеъмол қилиши мумкин. Эволюция бизга ширинликни яхши кўриш қобилиятини берган бўлиши мумкин. Аммо замонавий дунё унга жуда осон етиб бориш имконини берди. Science
Ўрта ёшдаги 3 одат деменцияни қарийб 13 йилга кечиктириши мумкин Айниқса, 45 ёшдан кейин бу жуда муҳим. Олимлар 12 409 нафар инсон маълумотларини таҳлил қилди. Иштирокчиларнинг саломатлиги ўртача 25 йилдан ортиқ кузатилган. Тадқиқот натижаларига кўра, қон босими меъёрда бўлган, қандли диабети бўлмаган ва чекмайдиган одамларда деменциянинг ривожланиши ушбу учта хавф омилига эга инсонларга нисбатан тахминан 13 йилга кечроқ кузатилган. Бунинг сабаби шундаки, юқори қон босими, қандли диабет ва чекиш қон томирларига зарар етказади. Натижада миянинг қон билан таъминланиши ёмонлашади, бу эса когнитив қобилиятларнинг пасайиши ва деменция ривожланишини тезлаштириши мумкин. Тадқиқотда 45–65 ёш оралиғи айниқса муҳим экани таъкидланган. Айнан шу даврда қон томирларининг соғломлиги инсоннинг келажакда деменцияга қачон чалиниши билан яқин боғлиқ экани аниқланган. Олимлар таҳлил давомида ёш, жинс, жисмоний фаоллик, ирқий келиб чиқиш ҳамда APOE4 гени мавжудлигини ҳам ҳисобга олган. Ушбу омиллар инобатга олинганидан кейин ҳам натижалар ўз кучини сақлаб қолган. Чекишдан воз кечиш, қон босимини назорат қилиш ва қондаги қанд миқдорини меъёрда ушлаш нафақат юрак-қон томирлари, балки мия саломатлигини ҳам узоқ йиллар давомида ҳимоя қилишга ёрдам беради. Бу одатларни хотира билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлишини кутмасдан, ўрта ёшданоқ шакллантириш муҳим. Science
Ўзбекистон ортиқча вазн бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринда Мамлакатда катта ёшли аҳолининг қарийб 64 фоизи ортиқча вазнга эга деб баҳоланган. Our World in Data платформасининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотлари асосида тузилган рейтингига кўра, агар фақат аҳолиси 1 миллиондан ортиқ давлатлар ҳисобга олинса, Ўзбекистон ортиқча вазн тарқалиши бўйича дунёда 48-ўринни эгаллайди. Семизлик муаммоси Ўзбекистон учун тобора жиддийроқ соғлиқни сақлаш масаласига айланмоқда. Санитария-эпидемиология қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатда катта ёшли аҳолининг ярмидан кўпи ортиқча вазнга эга, ҳар беш нафар катта ёшли фуқародан бири эса клиник семизликдан азият чекмоқда. Бу эса юрак-қон томир касалликлари, 2-тур қандли диабет, гипертония ва бошқа сурункали касалликлар хавфини сезиларли даражада оширади. Умуман олганда, дунё аҳолисининг тахминан 43–45 фоизи ортиқча вазнга эга. Энг юқори кўрсаткич Тинч океанидаги орол давлатларида кузатилади: масалан, Тонгада катта ёшли аҳолининг тахминан 91 фоизи ортиқча вазнли ҳисобланади. Энг паст кўрсаткичлар эса Шарқий Осиё давлатларида бўлиб, Японияда бу кўрсаткич тахминан 24 фоизни ташкил этади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, семизликнинг кенгайишига асосан юқори калорияли ва қайта ишланган маҳсулотлар истеъмолининг ортиши, жисмоний фаолликнинг камайиши, ўтириб ишлаш тарзи ҳамда шаҳарлашув жараёни сабаб бўлмоқда. ЖССТ семизликни шунчаки ташқи кўриниш муаммоси эмас, балки мунтазам назорат ва даволашни талаб қиладиган сурункали касаллик сифатида баҳолайди Ўзбекистон дунёда юрак-қон томир касалликларидан ўлим даражаси бўйича дунёда 3-ўринни эгаллайди. Мамлакатда ёш таркибига мослаштирилган юрак-қон томир касалликларидан ўлим кўрсаткичи ҳар 100 минг аҳолига тахминан 513 нафарни ташкил этади. Ўзбекистонда юрак-қон томир касалликлари ўлимнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, мамлакатда энг кўп ўлимга юракнинг ишемик касаллиги ва инсульт сабаб бўлади. Science
Фермада ўсган болаларда астма ва аллергия нега камроқ учрайди? Қишлоқда, айниқса чорвачилик фермаларида ўсган болаларда астма, аллергия ва айрим бошқа иммун тизими касалликлари шаҳарда ўсган болаларга нисбатан анча кам учрайди. Бу ҳодиса илмий адабиётларда «ферма эффекти» деб аталади. Энди эса олимлар бу ҳодисанинг эҳтимолий сабабини аниқлашга яна бир қадам яқинлашишди. Янги тадқиқотда чорвахоналар ҳавосида учрайдиган айрим бактериялар болалар иммун тизимини тўғри «машқ қилдириши» аниқланган. Натижада иммун тизими безарар моддаларга ҳаддан ташқари кучли жавоб қайтармайди, астма ва аллергия ривожланиш хавфи камаяди. Олимлар илк бор қайси бактериялар ҳимоя таъсирини бериши, уларнинг қайси молекулалари иммун ҳужайралари билан ўзаро таъсир қилиши ва бу таъсир қайси рецепторлар орқали амалга ошишини аниқлашди. Бу натижа «гигиена гипотезаси» деб аталадиган назарияни янада мустаҳкамлайди. Албатта, бу ҳар бир бола фермада ўсиши керак дегани эмас. Лекин тадқиқотларга кўра, болалик даврида табиат, тупроқ, ўсимликлар ва турли микроорганизмлар билан хавфсиз мулоқот қилиш иммун тизимининг соғлом ривожланишига ёрдам бериши мумкин. Аксинча, ҳаддан ташқари стерил муҳитда ўсиш иммун тизимининг тўғри шаклланишига салбий таъсир қилиши эҳтимолдан холи эмас. Энди олимлар айнан шу бактериялар ёки улар ажратадиган молекулалар асосида янги дори воситалари ёки профилактик усуллар яратиш имкониятини ўрганмоқда. Агар бу ишлар муваффақиятли якунланса, келажакда астма ва аллергиянинг олдини олишнинг мутлақо янги усуллари пайдо бўлиши мумкин Демак, баъзан иммун тизимига энг катта фойдани мутлақо стерил муҳит эмас, балки табиат билан хавфсиз ва хилма-хил мулоқот келтириши мумкин. Science
Тестостероннинг жуда паст ҳам, жуда юқори бўлиши ҳам депрессия хавфини ошириши мумкин Кўпчилик тестостерон қанча кўп бўлса, шунча яхши деб ўйлайди. Аммо янги тадқиқот натижалари бу тасаввур тўғри эмаслигини кўрсатмоқда. Олимлар 11 йил давомида иштирокчиларни кузатиб, қизиқ натижага келишди: ўз ёши учун тестостерон даражаси меъёрдан анча паст ёки анча юқори бўлган эркакларда депрессия ва хавотир ривожланиш хавфи юқорироқ бўлган. Муаммо фақат тестостерон етишмаслигида эмас. Организм учун гормонлар мувозанати жуда муҳим. Меъёрдан ҳар қандай оғиш кайфият, ҳиссиёт ва руҳий саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, бу боғлиқлик ўрта ёшли эркакларда янада кучлироқ экани кузатилган. Олимларнинг фикрича, эркин тестостерон эркакларда руҳий саломатликка оид хавфларни баҳолашда муҳим биологик белги бўлиши мумкин. Чунки айнан шу гормон ҳужайраларга осон кириб, мияда кайфиятни бошқарувчи дофамин ва серотонин каби тизимларга таъсир қилади. Хулоса қилиб айтганда, гап тестостероннинг кўп ёки кам бўлишида эмас. Энг муҳими - унинг ёшга мос меъёрда бўлиши. Агар эркакда руҳий тушкунлик, доимий чарчоқ ёки бошқа шубҳали аломатлар кузатилса, мустақил равишда гормон қабул қилиш эмас, балки шифокорга мурожаат қилиш тўғри йўл ҳисобланади. Science
Ўйлаш ҳақиқатдан ҳам жуда кўп энергия сарфлайдими? Кун давомида оғир ақлий меҳнат қилганимиздан сўнг ўзимизни жуда чарчагандек ҳис қиламиз. Шунинг учун кўпчилик «кўп ўйлаш миянинг катта қисми энергиясини сарфлайди» деб ҳисоблайди. Аммо янги таҳлиллар бу тасаввур тўлиқ тўғри эмаслигини кўрсатди. Инсон мияси тана вазнининг атиги 2% ини ташкил қилса ҳам, у организм ишлаб чиқарадиган энергиянинг тахминан 20%ини истеъмол қилади. Чақалоқларда эса бу кўрсаткич ҳатто 50%гача етиши мумкин. Энг қизиқ жиҳати шундаки, инсон мураккаб масала ечаётганда ёки қаттиқ диққатини жамлаганда, мия тинч ҳолатга нисбатан атиги тахминан 5% кўпроқ энергия сарфлайди. Хўш, қолган 95% энергия қаерга кетади? Олимларнинг таъкидлашича, мия ҳеч қачон ҳақиқий маънода «дам олмайди». Ҳатто сиз диванда ётиб, ҳеч нарса қилмаётгандек туюлсангиз ҳам, мия: юрак уришини ва нафас олишни назорат қилади; тана ҳарорати ва қондаги глюкоза миқдорини барқарор ушлаб туради; ўтмиш хотираларини қайта ишлайди; келажакдаги эҳтимолий вазиятларни башорат қилади; ташқи муҳит ҳақида доимий равишда маълумот тўплайди. Яъни мия сарфлайдиган энергиянинг катта қисми фикрлашнинг ўзига эмас, балки организмни тирик сақлаш ва ташқи муҳитга тайёр ҳолда ушлаб туришга кетади. Тадқиқотчилар яна бир қизиқ фикрни илгари суришади. Инсон мияси эволюция давомида энергияни иложи борича тежашга мослашган. Қадимда озиқ-овқат доим ҳам топилавермагани учун ортиқча энергия сарфлаш яшаб қолиш имкониятини пасайтириши мумкин эди. Шу сабабли мия юқори самарадорлик билан ишлашга ҳаракат қилади. Бу яна бир қизиқ ҳолатни тушунтиради: нима учун баъзан оғир фикрлашдан кейин чарчаймиз? Бу, эҳтимол, энергия тугаб қолгани учун эмас. Аксинча, мия энергияни тежаш учун чарчоқ ҳиссини пайдо қилиб, фаолиятни чеклашга уринади. Хулоса қилиб айтганда, инсон мияси доимо фаол ишлайди. Биз «ҳеч нарса ҳақида ўйламаяпман» деб ўйлаган пайтларда ҳам, у организмни бошқариш, хотираларни қайта ишлаш ва келажакни башорат қилиш билан банд бўлади. Фаол фикрлаш эса бу улкан энергия сарфининг фақат кичик қисми, холос. Science
Онг фақат мияда эмасми? Янги тадқиқот марказга митохондрияларни қўймоқда Мактабда ҳаммамиз митохондрияни «ҳужайранинг энергия станцияси» деб ўрганганмиз. Аммо Колумбия университети биологи Мартин Пикар бу органеллаларнинг вазифаси бундан анча кенгроқ бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Унинг фикрича, митохондриялар нафақат энергия ишлаб чиқаради, балки мия, тана ва ҳатто онг ўртасидаги боғлиқликда ҳам муҳим ўрин тутади. Пикарнинг «Митохондриал онг назарияси»га кўра, фикрларимиз, ҳис-туйғуларимиз ва психик ҳолатимиз фақат нейронлар фаолияти билан эмас, балки ҳужайраларда энергия қандай ишлаб чиқарилиши билан ҳам боғлиқ. Агар энергия ишлаб чиқариш жараёни ўзгарса, бу инсоннинг кайфияти, диққати, чарчоқ ҳисси ва стрессга жавобини ҳам ўзгартириши мумкин Митохондриялар организмдаги деярли ҳар бир ҳужайрада мавжуд. Улар ҳужайраларни энергия билан таъминлашдан ташқари, кальций мувозанати, эркин радикаллар ҳосил бўлиши ва ҳужайралар ўртасидаги сигнал алмашинувида ҳам иштирок этади. Шунинг учун уларнинг фаолияти бузилса, бу нафақат мушаклар ёки юракка, балки мия фаолиятига ҳам таъсир қилиши мумкин. Пикарнинг фикрича, инсоннинг руҳий ҳолати ва жисмоний саломатлиги икки алоҳида тизим эмас. Масалан, узоқ давом этган стресс митохондриялар ишига таъсир қилиши мумкин, митохондриялардаги ўзгаришлар эса ўз навбатида мия фаолияти ва ҳиссиётларга таъсир кўрсатиши мумкин. Яъни мия ва тана ўртасидаги алоқа ўйланганидан ҳам чуқурроқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Пикар онгни фақат митохондриялар тушунтиради, деб даъво қилмаяпти. Унинг ғоясига кўра, онг ва психик жараёнларни тушуниш учун энергия алмашинувини ҳам ҳисобга олиш лозим. Агар бу ёндашув келажакда тасдиқланса, у депрессия, сурункали чарчоқ, нейродегенератив касалликлар ва бошқа кўплаб ҳолатларни тушуниш ҳамда даволашга янгича қараш имконини бериши мумкин. Балки инсон онгининг сирларини тушунишда калит фақат нейронларда эмас, балки уларни энергия билан таъминлаб турадиган митохондрияларда ҳам яширинган бўлиши мумкин. Science
Ичак мияга нимани эслаб қолиш кераклигини «айтиб туради» Хотира фақат миянинг ўзига боғлиқ деб ўйлаймиз. Аммо янги тадқиқотга кўра, ичак ҳам нимани эслаб қолишимизга таъсир қилиши мумкин. Жанубий Калифорния университети олимлари каламушлар устида ўтказган тажрибада қизиқ ҳолатни кузатишди. Каламуш тўйимли овқат истеъмол қилганда, ичак бу ҳақда адашган нерв орқали мияга сигнал юборади. Бу сигнал гиппокамп - хотира ва фазовий йўналиш учун масъул бўлган мия қисмига етиб боради. Натижада у ерда ацетилхолин деб аталувчи муҳим нейромедиатор ажралиб чиқади ва ҳайвон овқат қаерда бўлганини анча яхши эслаб қолади. Олимлар адашган нерв фаолиятини сунъий равишда тўхтатганларида эса каламушларнинг хотираси сезиларли даражада ёмонлашган. Қизиғи шундаки, бу ерда овқатнинг мазаси эмас, унинг озиқавий қиймати ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Тадқиқот яна бир муҳим жиҳатни кўрсатди. Агар ҳайвон узоқ вақт ёғ ва шакарга бой овқатлар билан озиқланса, адашган нервнинг мияга сигнал узатиш қобилияти издан чиққан. Бу эса нотўғри овқатланиш хотира билан боғлиқ жараёнларга ҳам таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатади. Албатта, бу тажриба ҳозирча фақат каламушларда ўтказилган. Шунинг учун бу натижаларни тўғридан-тўғри инсонларга татбиқ этишга ҳали эрта. Бироқ тадқиқот ичак ва мия ўртасидаги боғлиқлик биз ўйлагандан ҳам мураккаброқ эканини яна бир бор тасдиқлади. Балки келажакда хотирани яхшилаш ёки нейродегенератив касалликларнинг олдини олишда нафақат мияга, балки ичак саломатлигига ҳам эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Science
видео или голосовое, без подписи
Миямиз вақтни бир эмас, бир нечта «ички соат» орқали ҳис қилади Нега бир дақиқа баъзан абадийдек туюлади, баъзан эса бир соат кўз очиб юмгунча ўтиб кетади? Янги тадқиқотларга кўра, бунинг сабаби миямизда ягона вақт ўлчагич эмас, балки бир нечта турли «ички соатлар» мавжуд экани Олимларнинг таъкидлашича, мия вақтни турли вазифалар учун турлича усулда ҳисоблайди. Масалан, бир тизим миллисония ва сонияларни аниқлашга ёрдам беради. Бу ҳаракатларни мувофиқлаштириш, мусиқа ритмига мослашиш ёки гапириш каби жараёнлар учун зарур. Бошқа тизим эса дақиқалар, соатлар ва воқеалар кетма-кетлигини кузатиб, хотираларни шакллантиришда иштирок этади. Бундан ташқари, инсонда яна бир машҳур биологик соат — циркадиан ритм мавжуд. У тахминан 24 соатлик цикл асосида ишлаб, уйқу, уйғониш, гормонлар ажралиши ва тана ҳарорати каби жараёнларни бошқаради. Бу соат асосан қуёш нури орқали ташқи муҳитга мослашади. Қизиғи шундаки, вақтни ҳис қилиш ҳар доим ҳам объектив эмас. Агар инсон қўрқув, хавотир ёки оғриқни бошдан кечирса, вақт секин ўтаётгандек туюлади. Аксинча, қизиқарли машғулот билан банд бўлганда ёки «оқим ҳолати»га кирганда вақт жуда тез ўтиб кетгандек сезилади. Бу ҳолат турли нейрон тизимлари ва хотиранинг ишлаш тарзи билан боғлиқ. Тадқиқотлар ҳам вақтни ҳис қилишда гиппокамп ва энторинал қават муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Бу ҳудудлардаги айрим нейронлар воқеаларнинг қачон содир бўлганини «белгилаб боради». Шунинг учун инсон нафақат нимани ва қаерда бўлганини, балки қачон бўлганини ҳам эслаб қолади. Хулоса қилиб айтганда, миямизда вақтни ўлчайдиган ягона марказ йўқ. Аксинча, турли вақт оралиқлари учун турли нейрон тармоқлари ишлайди. Ана шу тизимлар биргаликда ишлаши туфайли биз сонияларни ҳам, кунларни ҳам, ҳаётимиздаги муҳим воқеаларнинг кетма-кетлигини ҳам ҳис қила оламиз. Science
Тушлар қандай шаклланиши аниқланди Нега баъзи тушлар мутлақо тартибсиз ва тушунарсиз туюлади, бошқалари эса ҳаётимиздаги воқеалар билан ҳайратланарли даражада боғлиқ бўлади? Янги илмий тадқиқот бу саволга жавоб топишга янада яқинлашди. Олимлар 3700 дан ортиқ туш тавсифини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, тушлар тасодифий эмаслигини аниқлашди. Маълум бўлишича, тушларнинг мазмунига асосан икки омил таъсир қилади: инсоннинг сўнгги кунлардаги шахсий кечинмалари ва унинг кучли ҳиссий ҳолати. Тадқиқотга кўра, кун давомида биз учун аҳамиятли бўлган воқеалар — яқинлар билан суҳбат, ишдаги муаммо, имтиҳон, саёҳат ёки кучли қувонч ва хавотир каби ҳолатлар уйқу вақтида мия томонидан яна ишланади. Шунинг учун тушларда ҳақиқий ҳаётдаги одамлар, жойлар ва воқеалар турли кўринишда қайта намоён бўлади. Олимлар бу жараённи хотирани қайта ишлаш механизми билан боғлайди. Уйқу пайтида мия кун давомида йиғилган маълумотларни тартибга солади, муҳим хотираларни мустаҳкамлайди ва турли воқеалар ўртасида янги боғланишлар ҳосил қилади. Шу сабабли тушлар баъзан ғалати ва мантиқсиз кўринса-да, уларнинг асосида реал ҳаётдан олинган парчалар ётади. Яна бир қизиқ хулоса шуки, тушлар нафақат ўтмишни акс эттиради, балки мия келажакда юз бериши мумкин бўлган вазиятларни ҳам маълум маънода «машқ қилиши» мумкин. Масалан, инсон олдида турган муҳим суҳбат, имтиҳон ёки бошқа кутилган воқеалар тушларда олдиндан намоён бўлиши мумкин. Бу мистик ҳодиса эмас, балки миянинг эҳтимолий сценарийларни олдиндан моделлаштириш усули ҳисобланади. Муаллифларнинг таъкидлашича, бу натижалар тушлар бизнинг кундалик ҳаётимиздан ажралган алоҳида дунё эмаслигини кўрсатади. Аксинча, улар миянинг хотираларни қайта ишлаши, ҳиссиётларни тартибга солиши ва келажакдаги эҳтимолий вазиятларга тайёргарлик кўриши каби муҳим вазифаларининг бир қисми ҳисобланади. Science
Инсон ДНКсида йўқолиб кетган аждодлар изи топилди Инсон эволюцияси ҳақидаги тасаввурлар яна бир муҳим кашфиёт билан бойиди. Олимлар замонавий одамлар ДНКсида илгари фанга номаълум бўлган, аллақачон йўқ бўлиб кетган икки қадимий инсон гуруҳининг генетик изларини аниқлашди. Бу гуруҳлар «арвоҳ аждодлар» (ghost ancestors) деб аталмоқда, чунки улардан ҳозирча на суяк қолдиқлари ва на ДНК намуналари топилган. Улар фақат геном таҳлили орқали маълум бўлди. Тадқиқотда олимлар 500 дан ортиқ замонавий инсоннинг тўлиқ геномини таҳлил қилиб, янги ҳисоблаш усули ёрдамида ҳар бир ДНК бўлагининг аждодлар дарахтини қайта тиклашди. Энг қизиқ жиҳати шундаки, бу усул қадимги суяклардан олинган ДНКга муҳтож эмас. Демак, миллион йиллар аввал яшаган, аммо ҳеч қандай қазилма из қолдирмаган инсон турлари ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин. Таҳлиллар натижасида аниқланишича, номаълум қадимий популяциялардан бири 50 минг йилдан ҳам олдин Африкада Homo sapiens билан чатишган. Бу воқеа инсонларнинг Африкадан дунёга тарқалишидан аввал содир бўлгани учун, ушбу аждоддан мерос бўлган ДНК бугунги кунда Ер юзидаги деярли барча одамларда учрайди. Бу генетик мерос инсон геномининг тахминан 0,5–1 фоизини ташкил қилади. Иккинчи «арвоҳ» аждод эса янада қадимий бўлиб, тахминан 1,8 миллион йил аввал яшаган. Олимларнинг фикрича, у эҳтимол Homo erectus турига мансуб бўлган. Унинг генлари аввал денисов одамларига, кейин эса улар орқали замонавий инсонларга ўтган. Бу генетик излар асосан Океания аҳолисида жуда кичик миқдорда сақланган. Тадқиқот яна бир муҳим ҳақиқатни кўрсатди: инсон эволюцияси аввал ўйланганидек тўғри чизиқ бўйлаб кечмаган. Аксинча, турли инсон гуруҳлари юз минглаб йиллар давомида бир-бири билан учрашиб, чатишиб ва ген алмашиб келган. Шу сабабли замонавий инсон геноми фақат бир аждоднинг эмас, балки бир нечта қадимий инсон популяцияларининг меросини ўз ичига олади. Қизиқ томони, ушбу қадимий ДНК бўлаклари иммун тизими ва моддалар алмашинувига оид генларда кўпроқ учрайди. Бу эса қадимги инсонлардан мерос бўлган баъзи генлар аждодларимизга янги касалликлар ва янги муҳитга мослашишда устунлик берган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Бу кашфиёт инсон тарихи ҳақидаги энг муҳим саволлардан бирига янги жавоб бермоқда: бизнинг эволюциямиз алоҳида эмас, балки турли қадимий инсон турларининг узоқ давом этган ўзаро аралашуви натижасида шаклланган. Энди олимлар ушбу янги усул ёрдамида бошқа «арвоҳ» аждодларни ҳам аниқлашга умид қилмоқда. Science